Сайт тест режимида ишламоқда

Ўзбекистон Республикаси 

Марказий сайлов комиссиясининг

 2024 йил 27 майдаги 1332-сон қарорига илова

 

 

 Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
2024 йил биринчи чорагида амалга оширган ишлари тўғрисида

А Х Б О Р О Т

 

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг биринчи чорагида ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун, МСКнинг регламенти, шунингдек, МСКнинг 2024 йил 20 февралдаги 1326-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режасида белгиланган еттита энг муҳим устувор йўналиш бўйича олиб борди.

 

Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий йўналишлари ва 2024 йилдаги устувор вазифаларидан келиб чиқиб, 2024 йилнинг биринчи чорагида 26 та банддан иборат Тадбирлар режасининг 8 та банди ижроси тўлиқ, 4 та банд ижроси қисман таъминланди. 12 та банднинг ижро муддати июнь ойи якунига қадар бўлганлиги сабабли, ўз муддатида ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 1 та банд ижроси сайлов кампанияси бошланиши билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, кейинги ярим йилликка кўчириш таклиф этилмоқда.

 

Биринчи чоракда Марказий сайлов комиссиясининг 3 та мажлиси ўтказилиб, кун тартибидаги масалалар бўйича 4 та қарори қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссиясида кадрлар салоҳиятини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, ходимларни хизмат сафарига юбориш ва ваколатга доир бошқа масалалар юзасидан Комиссия Раисининг 41 та фармойишлари қабул қилинди.

 

1.Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясидан келиб чиқиб Сайлов кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда, Марказлашган сайлов органлари тизимини жорий этиш йўналишида:

– Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияларининг таркиби батафсил таҳлил қилинди. Ушбу комиссиялар таркибини янгидан шакллантирган ҳолда Ҳудудий сайлов комиссияларини тузиш мақсадида – замонавий фикрлайдиган, сайлов қонунчилигини яхши ўзлаштирган ва бу борада амалий тажрибага эга бўлган номзодлар захираси шакллантирилди. Ушбу масала тегишли халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқилиб, тавсия этилгач Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишларида муҳокама қилиниши режалаштирилди;

 

– бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, барча туман ва шаҳар сайлов комиссиялари таркиби таҳлил қилинди. Мазкур комиссиялар таркибини ҳам янгича дунёқарашга эга бўлган, сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича тажрибага  эга, профессионал аъзолар билан тўлдириш бўйича ташкилий чоралар кўрилмоқда.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва унинг Котибияти фаолиятини такомиллаштириш йўналишида:

 

– Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига асосан Марказий сайлов комиссиясининг жамоатчилик асосида ишловчи аъзоларининг ваколатлари тугатилди. Марказий сайлов комиссияси аъзолари таркиби 9 нафар этиб белгиланганлиги муносабати билан Х. Палуаниязов ҳамда М. Хусанова Марказий сайлов комиссиясининг янги аъзоси этиб сайланди. Натижада, доимий асосда фаолият юритувчи тўққиз нафардан иборат Марказий сайлов комиссиясининг тўлиқ таркиби шакллантирилди.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 январдаги  ПФ–19-сонли Фармонига мувофиқ МСК Котибиятига қўшимча 10 та штат бирлиги ажратилди. Шу муносабат билан МСК Котибиятининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Янги ташкил этилган штат бирликларига сайлов қонунчилиги ва амалиёти соҳасида тажрибага эга кадрларни танлов асосида жалб қилиш ишлари давом этмоқда.

 

3. Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар асосида Марказий сайлов комиссияси ва унинг Котибияти фаолиятига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашларга сайловларни ўтказишга оид Марказий сайлов комиссиясининг норматив ҳужжатларини хатловдан ўтказиш, таҳлил қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш йўналиши бўйича алоҳида режа-жадвал ишлаб чиқилди.

 

Режага мувофиқ Марказий сайлов комиссиясининг Регламенти лойиҳаси, 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар Дастури лойиҳаси, Ҳудудий сайлов комиссиялари тўғрисидаги Низом лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайловларини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси лойиҳаси ва уларни тасдиқлаш ҳақидаги Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари лойиҳаси тайёрланиб, Комиссия мажлиси муҳокамасига киритилди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти тўғрисидаги, Туман ва шаҳар сайлов комиссиялари тўғрисидаги, Округ сайлов комиссиялари тўғрисидаги, Участка сайлов комиссиялари тўғрисидаги Низомлар лойиҳалари, уларни тасдиқлаш ҳақидаги МСК Қарори лойиҳалари каби ўн иккита муҳим ҳужжатлар тайёрланмоқда. Ушбу ҳужжатлар МСКнинг навбатдаги йиғилишларида кўриб чиқилиши режалаштирилган.

 

4. Сайлов комиссиялари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сайлов жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш йўналишида – Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштиришга қаратилган техник топшириқ ишлаб чиқилди ва ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказилди. Техник топшириқ асосида барча сайловлар ва референдумни ўзида жамлаган умумий ахборот модули яратилди. Мазкур модулда қуйидаги модуллар жамланган:

 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови;

 

– Ўзбекистон Республикаси референдуми;

 

– Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларига бўладиган депутатлик сайлови;

 

– сайлов жиҳозлари таъминотини назорат қилиш;

 

– ахборот тизимни бошқариш имконияти;

 

– барча модулларнинг ишлашини кузатиб бориш мониторинги;

 

– динамик тарзда сайлов жараёни ва сайловчиларга нисбатан ҳисоботларни шакллантириш.

 

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг янги веб-сайти, ҳудудий сайлов комиссияларининг веб-сайтлари ҳамда туман (шаҳар) сайлов комиссияларининг веб-саҳифалари ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши бўйича 2024 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режасининг 10-банди ижросини таъминлаш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда электрон ахборот алмашув – “E-Saylov” ахборот тизими ишлаб чиқиш ишлари давом этмоқда.

 

5. Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ва ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш йўналишида – 2023 йил ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдуми ва муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси даврида сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш мақсадида ўтказилган семинар-тренинглар натижалари, сайлов комиссиялари фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ва юзага келган муаммоли вазиятлар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, хорижий давлатлар амалиёти ва тажрибаси ўрганилди.

 

Таҳлил ва ўрганиш натижаларига мувофиқ тайёрланган таклиф ва тавсияларни, шунингдек сайлов қонунчилигига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар ҳамда миллий сайлов тизимидаги янгиликларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайловларини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси лойиҳаси ва уни тасдиқлаш ҳақидаги Марказий сайлов комиссиясининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 

6. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида хорижий давлатлар тажрибасини ва халқаро амалиётни ўрганиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар сайлов органлари билан ҳамкорлик доирасини кенгайтириш йўналишида:

 

– хорижий давлатларнинг сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар таклифига биноан чет давлатларнинг сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, хорижий давлатларда бўлиб ўтаётган сайловларни кузатиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибият ходимларининг Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон, Озарбайжон, Индонезия, Беларусь, Америка Қўшма Штатлари ва Россия давлатларига хизмат сафарлари амалга оширишди.

 

Мазкур ташрифлар доирасида МСК вакиллари қуйидаги халқаро анжуманларда:

 

– МСК Раиси З.Низамходжаев 15-март куни Россия Федерацияси МСК томонидан ташкил этилган “Сайлов жараёнларини рақамлаштириш: мақбул чегаралар” мавзусидаги халқаро давра суҳбатида;

 

– МСК Раисининг ўринбосари Б.Кучкаров – 13 февраль куни Индонезия Умумий сайлов комиссияси томонидан Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси (IFES) ва Эркин сайловлар бўйича Осиё тармоғи (ANFREL) халқаро ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил қилинган “Ўзаро боғланиш: демократия, технология ва сайлов дахлсизлиги” мавзусидаги халқаро конференцияда;

 

– МСК Раисининг ўринбосари Б.Кучкаров, комиссия аъзоси Г.Рахимова – 23-26 январь кунлари Ҳиндистон сайлов комиссияси томонидан ўтказилган Осий сайлов органлари Ассоциацияси Ижроия кенгашининг мажлисида (ОСОА ИК) маъруза билан иштирок этдилар.

 

7. Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ва аралаш сайлов тизимининг асосий қоидаларини сайлов жараёни иштирокчиларига тушунтириш, сайловчиларнинг электорал маданиятини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш йўналишида:

 

Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари бўйича алоҳида медиа-режа ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.

 

Хусусан, мавзу бўйича Марказий сайлов комиссияси аъзолари икки маротаба Миллий телерадиокомпаниянинг телеканалларида, икки маротаба радиоканалларида чиқиш қилди. Илмий журналларда битта, Республика газеталарида иккита мақола чоп этилди.

 

МСКнинг расмий веб-сайтига Комиссия фаолиятига, шу жумладан сайлов қонунчилигидаги янгиликларни хаётга татбиқ этишга доир 112 та ахборот жойлаштирилди.

 

МСКнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига 162 та, жумладан  Фейсбук ижтимоий тармоғида – 28 та, Твиттер ижтимоий тармоғида – 28 та, Инстаграм ижтимоий тармоғида – 28 та пост ва 22 та медиаҳикоя (story), Телеграм мессенжерида – 28 та пост, “Одноклассники” ижтимоий тармоғида – 28 а постдан иборат ахборот жойлаштирилди.

 

Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 25 йиллиги муносабати билан “Сайлов: кеча ва бугун” номли ҳужжатли фильм ишлаб чиқилди. Марказий сайлов комиссиясининг YouTubeдаги каналида намойиш этилди. Ушбу фильмда мамлакатимизда сайлов жараёнларининг вужудга келиши ҳамда ривожланиш тарихи, бугунги замонавий сайлов ютуқлари тасвирланган.

 

8. МСК тадбирлар режасининг 11-бандида Давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар учун харид қилинадиган айрим товарларни сайлов комиссияларига етказиб бериш режа-жадвалини ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш белгиланган.

 

Мазкур банднинг ижрочилари томонидан сайлов комиссиялари учун харид қилинадиган товарларнинг рўйхатлари ҳамда уларни етказиб бериш режа-жадвали ишлаб чиқилди. Бироқ, режа ижросини таъминлаш сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг шакллантириладиган комиссия фаолияти билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, мазкур банднинг ижросини 2024 йил иккинчи ярим йиллигига кўчириш таклиф этилмоқда.

 

9. МСКга 2024 йил январь – март ойларида жами 33 та мурожаат келиб тушди. Шундан 32 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали, 1 таси фуқаролар томонидан бевосита ташкилотнинг ўзига юборилган мурожаатдан иборат. Барча мурожаатлар Сайлов кодекси ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилди. Юқорида қайд этилган мурожаатлар ичида Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига бевосита тааллуқли бўлганлиги сабабли, унинг мажлисида кўриб чиқилиши керак бўлган мурожаатлар йўқ.

 

29 та мурожаат Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига кирмаганлиги сабабли, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига мувофиқ мазмунан кўриб чиқишга ваколатли бўлган давлат органлари, ташкилот ва муассасаларга тааллуқлилиги бўйича юборилди, 2 та мурожаат муаллифларига Сайлов кодексига асосан тушунтириш берилди. 2 та такрорий мурожаатда янги важлар келтирилмаганлиги шунингдек, мурожаат муаллифи билан боғланиш имконияти бўлмаганлиги сабабли кўриб чиқиш тугатилди. Ҳисобот даврида бирорта ҳам мурожаат рад этилмади.