Сайт тест режимида ишламоқда

Конституциявий қонун лойиҳаси: таклиф ва ўзгартиришлар

27.10.2023

1212

msk_yangiliklari_in

Тошкент вилояти адлия бошқармасида “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси, адлия бошқармаси вакиллари, туман ва шаҳар партия фаоллари ҳамда депутатлар иштирок этди. Мазкур ҳужжат депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Қонун лойиҳаси билан айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ҳамда Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

– Сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов. – Жойларда ўтказилаётган давра суҳбатларида бу атрофлича шарҳланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузиш тартибидан воз кечиш ҳамда уларнинг вазифаларини ҳудудий сайлов комиссияларига юклаш таклиф этилмоқда. Сайлов комиссияларининг профессионал тарзда иш олиб боришини таъминлаш мақсадида ҳудудий сайлов комиссияларининг уч нафаргача бўлган аъзосининг доимий фаолият юритиши белгиланмоқда. Худди шундай, Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари сони 7 нафардан 9 нафарга оширилиб, жамоатчилик асосида аъзолари фаолияти тугатилмоқда. Яъни, Марказий сайлов комиссиясининг барча 9 нафар аъзолари доимий асосда ишлаш таклифи киритилмоқда. 

Давра суҳбатида сайлов комиссияси аъзоларининг ижтимоий кафолати кучайтирилиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, сайлов комиссиясининг ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган аъзолари сайлов даврида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилиши ёки уларнинг розилигисиз бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Қонун лойиҳаси билан бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Яъни мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда. Тадбирда сиёсий партияларнинг ҳудудий кенгашлари вакиллари, депутатлар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.  

А.Мусаев, ЎзА.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур