Сайт тест режимида ишламоқда

№1365 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир айрим масалалар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1365                                                  2024 йил  13 август

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир айрим масалалар тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 100-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 октябрдаги 969-сон қарори билан тасдиқланган йўриқномага мувофиқ сайлов комиссияларининг аъзоларига бир марталик компенсация миқдорлари қуйидагича белгиланганлиги инобатга олинсин:

 

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар, округ сайлов комиссияси раисига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари;

 

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар, округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари ва котибига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,5 баравари;

 

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар, округ сайлов комиссиясининг бошқа аъзоларига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1 баравари;

 

участка сайлов комиссияси раисига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,2 баравари;

 

участка сайлов комиссияси раиси ўринбосари ва котибига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1 баравари;

 

участка сайлов комиссияларининг бошқа аъзоларига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,7 баравари.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси талабларидан келиб чиқиб, бир нафар депутатликка номзод ҳисобига тўғри келадиган маблағ миқдори қуйидагича белгилансин:

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 14,3 баравари;

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2,9 баравари;

 

халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,4 баравари.

 

Мазкур бандда назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ушбу қарор қабул қилинган санада амалда бўлган миқдор асосида ҳисобланади.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан:

 

сайлов комиссиялари биноларини сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда жиҳозлаш, сайловчилар овоз бериши учун қулай шароитлар яратиш билан боғлиқ, шунингдек бошқа ташкилий табдирларни амалга оширишдаги;

 

сайлов комиссиялари аъзоларини ва сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини ошириш ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилаётган ўқув машғулотларига, сайловга оид қонунчилик тўплами, ўқув услубий қўлланма, брошюралар, бошқа ўқув, услубий ва тарғибот материалларини тайёрлаб, чоп этиш ҳамда ҳудудий, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияларигача етказиб бериш билан боғлиқ;

 

сайлов комиссиялари ҳамда сайлов жараёни иштирокчиларининг ишини ташкил этиш, сайловолди ташвиқоти тадбирларини ташкиллаштириш билан боғлиқ эҳтиёжларни таъминлаб бориш сўралсин.

 

4. Марказий сайлов комиссияси аъзоси А. Ибодуллаев комиссия Котибияти (А. Рўзиев) билан биргаликда мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан сайловнинг якуний натижалари эълон қилингандан сўнг бир ойлик муддатда белгиланган тартибда ҳисобот маълумотлари тайёрланиши ва тақдим этилишини таъминласин.

 

5. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                             З. Низамходжаев