Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№ 1145 2021 йил 07 октябрь
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 49-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1.Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси томонидан;
сайлов округлари ва участкалари ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2.Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси:
сайлов округлари ва участкалари ҳудудларида, комиссия жойлашган биноларда, шу жумладан овоз бериш биноларида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларини (кейинги ўринларда – жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим) бириктиради;
Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган эслатма билан жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларини таъминлайди;
масъул ходимларига уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича тушунтиришлар берилишини ва ўқув машғулотлари ўтказилишини ташкил этади.
3.Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар ва ҳудудларининг қўриқланиши миллий гвардия ва ички ишлар органларининг ҳудудий раҳбарлари томонидан тасдиқланган навбатчилик жадвали асосида амалга оширилади.
4.Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим:
округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан сайлов бюллетенлари олинган кундан эътиборан бюллетенлар ҳамда бошқа ҳужжатлар сақланадиган бинонинг қўриқланишини таъминлайди;
округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссиясига сайлов бюллетенлари хавфсиз етказиб берилишини таъминлайди;
округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов натижаларига доир ҳужжатлар, шу жумладан овоз бериш якунларига оид баённомаларнинг тегишли сайлов комиссияларига олиб бориб топширилишида уларни кузатиб боради ва хавфсизликни таъминлайди;
24 октябрь – сайлов куни хизмат фаолиятини овоз бериш биносига кирмаган ҳолда олиб боради;
сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини, шунингдек сайлов жараёни иштирокчиларининг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини бузмаган ҳолда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.
5.Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимга қуйидагилар тақиқланади:
сайловчилар, кузатувчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига таъсир ўтказиш;
сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасига кириш;
бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;
сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш;
сайлов комиссиясининг мажлисларида иштирок этиш.
6.Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ:
сайловчининг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини бузиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига ғайриқонуний равишда путур етказиш маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши;
участка сайлов комиссияси раиси овоз бериш биносида тинчлик сақланиши ва тартибга риоя қилинишини таъминлаш, овоз бериш ва уларни санаб чиқишда ғайриқонуний тўсқинликлар вужудга келганида жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимга мурожаат қилиши;
сайлов участкаси ҳудудидаги тартибсизлик, ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар бартараф этилганидан сўнг масъул ходим овоз бериш биносини тарк этган ҳолда хизматни давом эттириши маълумот учун қабул қилинсин.
7.Участка сайлов комиссияси раиси (ёки раис ўринбосари) овоз бериш биносидаги тартибга риоя қилинишини назорат қилади.
8.Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари сайлов округлари ҳудудида мазкур қарорга мувофиқ жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларнинг амалга оширилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
9.Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
10.Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклатилсин.
Раис З. Низамходжаев