Сайт тест режимида ишламоқда

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИ: ТАКОМИЛДА ҲИКМАТ КЎП

27.01.2023

1857

msk_yangiliklari_in

Юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг энг муҳим афзалликларидан бир шундаки, нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, балки мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам баралла айтилиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинмоқда.

 

Юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг энг муҳим афзалликларидан бир шундаки, нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, балки мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам баралла айтилиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинмоқда.

 

Камчиликлар танқидий таҳлил қилинди

 

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда парламентга Мурожаатномасида ўтган сайловлар тажрибасидан келиб чиқиб, шунингдек, халқаро кузатувчиларнинг сайлов жараёнлари ҳақидаги холис фикрлари ва мақбул тавсияларини инобатга олиб, сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини янада юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш муҳим масалалар сирасидан эканлиги алоҳида таъкидланган эди.

 

Бунда ўтган сайловларда орттирилган катта амалий ва ҳуқуқий тажриба, шунингдек миллий ва халқаро кузатувчилар томонидан билдирилган тавсиялар сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

 

Шу жиҳатдан олиб қаралганда, 2019 йили бўлиб ўтган сайловлар натижаларининг таҳлили сайлов кампанияси даврида жойларда айрим камчиликларга йўл қўйилгани, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар мавжудлигини ҳам кўрсатди. Сайлов комиссиялари ва аҳолининг сайлов маданиятини янада юксалтириш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тизими билан ишлашни изчил такомиллаштириш, маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг ролини ошириш ана шундай масалалар жумласидан.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ушбу натижалар атрофлича таҳлил қилиниб, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширмоқда. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эришилган ютуқлар, камчиликлар ва дуч келинган муаммолар чуқур ва танқидий таҳлил қилиниб, келгусида сайловларни янада самарали ташкил этиш бўйича зарур вазифалар белгилаб олинди.

 

Айтиш керакки, Сайлов кодекси асосида “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида ташкил этилган сайловлар кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, эркин рақобат, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар муҳитида, умумеътироф этилган демократик стандартларга мос тарзда ўтказилгани халқаро кузатувчилар томонидан ҳам кенг эътироф этилди.

 

Бундай эътирофга эришиш осон бўлгани йўқ, албатта. Айни пайтда, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, янги марралар сари интилиш – давр тақозоси. Жорий йилнинг 8 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгайтириш, миллий сайлов тизимини такомиллаштириш, сайловларда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлашдек эзгу мақсадларга эришишда муҳим омил бўлади.

 

Сайлов қонунчилигига киритилган янги ўзгартишларни пухта билиш ҳаммамизнинг бурчимиз. Зеро, қонунни билмасдан, унга итоат этмасдан, киши ўз ҳақ-ҳуқуқи, бурчи ва мажбуриятларига амал қилиши мушкул. Шу ўринда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жумладан, маҳаллалар аҳли – сайловчилар ўртасида сайлов қонунчилиги ва амалиётидаги муҳим ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш алоҳида ўрин тутишини таъкидлаш жоиз. Зеро, Ватан маҳалладан бошланади, деган нақл бежиз айтилмаган. Сайловлар жараёнида сайлов участкаларининг кўпчилик қисми маҳаллаларда ташкил этилади ва фаолият олиб боради.

 

Округ сайлов комиссиялари ўзини оқламадими?

 

Жойларда ўтказилган давра суҳбатларида илгари сурилган бир фикр янги қонунда ўз ифодасини топгани мени жуда қувонтирди. Яъни Сайлов кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, жумладан, Халқ депутатлари туман, шаҳар (Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши бундан мустасно) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузиш амалиётидан эндиликда воз кечилади. Бунинг сабаби сайлов амалиётида аниқ бўлди: мазкур институт ўзини оқламади. Бундай округлар комиссияларига қарашли ҳудуддаги участка сайлов комиссиялари 1-3тани ташкил этарди. Таққослаш учун, Парламент депутатлари сайланадиган округларнинг ҳар бирига эса юзтагача участка сайлов комиссияси тўғри келади.

 

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг оптималлаштирилиши натижасида 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5739 та округ сайлов комиссияси энди тузилмайди. Бундай мақбуллаштириш ортиқча вақт, меҳнат ва инсон ресурсларини жалб қилиш ташвишига чек қўйиш билан бирга, маълумотларга қараганда, давлат бюджетининг 33 миллиард сўмдан ортиқ маблағини тежаш имконини ҳам беради.

 

Шунингдек, Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши муносабати билан туман, шаҳар сайлов комиссиялари таркиби 21 нафар аъзогача кенгайтирилади.

 

2019 йили ўтказилган сайловлар жараёнида мазкур йўналишда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш билан боғлиқ қатор вазифалар мавжудлиги маълум бўлди. Сайлов кодексининг 25-моддасида “участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас”, деб қайд этилган. Аммо шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб қоидалари талабларидан келиб чиққанда, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийин. Шуни эътиборга олиб, янги қонунга биноан, мазкур муассасаларда ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно экани белгилаб қўйилди.

 

Эндиги вазифа яратилаётган ана шундай кенг кўламли имконият ва қулайликларнинг қадрига етиб, жорий йилда давлатимиз ва халқимиз олдида турган муҳим сиёсий тадбир – Президент сайловларини катта уюшқоқлик ва юксак савияда ўтказишдан иборат.

 

Суяржон ҚУРБОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий

сайлов комиссиясининг аъзоси.

 

Манба: “Маҳалла” газетаси, 2021 йил 24 февраль, 8 (1990) сон.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур