Сайт тест режимида ишламоқда

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ: КЕЛАЖАККА БУЮК ИШОНЧ БИЛАН

22.07.2023

2290

msk_yangiliklari_in

Зайниддин НИЗОМХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси раиси,

Ўзбекистон Қаҳрамони

 

ПРEЗИДEНТ САЙЛОВИ: КEЛАЖАККА БУЮК ИШОНЧ БИЛАН

 

Мамлакатимизда жорий йилнинг 9 июль, якшанба куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишлар якунига етмоқда.

 

Мамлакатимиз фуқаролари ўз Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, эркин овоз беришлари учун сайлов участкаларида барча шароитлар яратилди. 10 минг 784 сайлов участкаси, жумладан, ўттиз тўққизта хорижий давлатда тузилган 56 сайлов участкаси овоз бериш учун тайёрлаб қўйилди. 19 миллион 593 минг 838 нафар сайловчи рўйхатга олинди.

 

Улкан ўзгаришлар

 

Маълумки, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинди.

 

Референдум кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганини амалда кўрсатди. Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз Конституциявий ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди. Эл-юртимизнинг ана шундай азму қарори асосида миллий давлатчилигимиз ва иқтисодиётимизни бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилди.

 

Конституциявий ислоҳотлар самарасида халқимиз ва мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, янада юксалиш даврига қадам қўйди.

 

Мамлакатимизнинг янгиланган Конституцияси фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини янада кенг ва тўла таъминлаш ҳамда миллий сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги моддалар билан бойитилди.

 

Бу йилги сайлов биринчи марта мамлакатимизнинг янгиланган Конституцияси асосида ўтади ва Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодасига айланади.

 

Янгиланган Конституциянинг талабларидан келиб чиқиб, 2023 йилнинг 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муддатидан илгари ўтказилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Таъкидлаш жоизки, ушбу ўзгартириш ва қўшимчаларга биноан, сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлашда муҳим омил бўлади.

 

Янгиланган Конституциянинг 128-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлашга ҳақли.

 

Шунга асосан, 8 май куни давлатимиз раҳбарининг “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

 

Мазкур фармон билан 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши белгиланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 66-моддасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилиши белгилаб қўйилган.

 

Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

 

Сайловга тайёргарлик миллий қонунчиликда назарда тутилган ташкилий ишлардан бошланади. Марказий сайлов комиссияси томонидан 2023 йил 10 майдан муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилди. Шу тариқа, мамлакатимизда Президент сайловига эркин ва адолатли, очиқ ва ошкора тайёргарлик ишлари бошланди.

 

Президент сайловини ўтказиш билан боғлиқ барча ишлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, шунингдек Календарь режага мувофиқ амалга оширилмоқда.

 

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирларнинг тартиби, босқичлари ва муддатлари ҳақидаги холис ахборотларни сайловчилар ва сиёсий партияларга белгиланган тартибда оммавий ахборот воситалари орқали тезкорлик билан етказиш таъминланмоқда.

 

Халқаро талаблар ва такомил

 

Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш — ўта масъулиятли жараён, кўпнинг кўмаги билан битадиган ва муайян вақт талаб қиладиган, серзахмат иш. Овоз беришни ташкил этиш жараёнида сайлов округлари ва участкаларида юз мингдан зиёд одам иш олиб боради.

 

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 13 майдаги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи ўн тўртта сайлов округи тузилди.

 

Рақамларга эътибор берилса, округ сайлов комиссиялари таркибидаги жами 266 нафар аъзодан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга шахслар 95 фоизни ташкил этганини кўриш мумкин.

 

Ўзбекистонда сайловлар жараёнида гендер тенгликни таъминлаш доимий эътибордаги муҳим масалалардан. Округ комиссиялари аъзоларининг 110 нафари, яъни 41 фоизи — аёллар. Шунингдек, округ комиссиялари раҳбарлик лавозимларида аёллар 38 фоизни ташкил этмоқда. Битта округ комиссиясига эса аёл киши раислик қилмоқда.

 

Округ сайлов комиссиялари таркибига турли касб эгалари – ўз соҳасининг етук мутахассислари, тажрибали ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, журналистлар, шифокорлар, муҳандислар жалб этилган. Аъзоларнинг деярли барчаси олий маълумотли мутахассислар экани комиссияларнинг иш сифати ва масъулиятини янада оширганини таъкидлаш жоиз.

 

Сайловнинг қандай ўтиши кўплаб жиҳатларга, айниқса, участка сайлов комиссияси фаолиятига бевосита боғлиқ. Таъбир жоиз бўлса, участка сайлов комиссияси – сайлов жараёнидаги энг муҳим бўғин. Негаки, сайловчилар, қолаверса, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари – ҳамма айнан сайлов участкасининг фаолияти қандай йўлга қўйилганига қараб сиёсий тадбирга баҳо беради. Участкада сайловчилар овоз беради, сайлов бюллетенлари санаб чиқилади. Сайловга оид қонунларнинг самаралари шу ерда юзага чиқади, мавжуд муаммолар шу ерда акс этади.

 

Шу боис Президент сайловига тайёргарлик жараёнида сайлов комиссиялари тизимининг энг қуйи бўғинда иш олиб борадиган мутахассисларнинг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартларидан яхши хабардор бўлишига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Биз, яъни Марказий сайлов комиссияси аъзолари барча сайлов округлари ва уларнинг таркибидаги кўплаб сайлов участкаларида бўлиб, сайловга тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилган ишлар билан шахсан танишиб, зарур маслаҳат ва ёрдамлар бериш жараёнида бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

 

Булардан ташқари, Комиссиямизнинг мажлисларида барча округ сайлов комиссиялари раисларининг амалга оширилган ишлар бўйича батафсил ахборотлари тингланди ва муҳокама қилинди. Эътибордан четда қолган масалалар, йўл қўйилган камчиликлар дарҳол бартараф этиб борилди.

 

Ана шундай тизимли ишлар самарасида сайлов участкаларида сайловчилар зарур ахборотларни олиши, эркин овоз бериши учун сайлов қонунчилигида қатъий белгилаб қўйилган барча шароитлар яратилди.

 

Президент сайловини ўтказиш бўйича тузилган участка сайлов комиссиялари таркибида фаолият юритаётган аъзоларнинг сифат кўрсаткичлари таҳлил қилинса, миллий сайлов тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ўзгаришлар бераётган юксак самараларни кўриш мумкин.

 

Бу, аввало, жами 108 399 нафар аъзони бирлаштирган участка сайлов комиссияларининг сафида аёлларнинг илгариги сайловлардагидан сезиларли даражада кўплигида кўринади. Агар, 2019 йилда ўтган парламент сайловида участка сайлов комиссиялари таркибида 54,4 мингга яқин аёл фаолият юритган бўлса, жорий йилдаги Президент сайловида улар қарийб икки ярим минг нафар кўп.

 

Мазкур комиссиялар раисларининг 3827 нафари, раис ўринбосарларининг 4199 нафари, котибларининг эса 5745 нафари хотин-қизлардир. Участка сайлов комиссиялари таркибида 1856 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро иш олиб бормоқда. Ахборот коммуникация технологиялари бўйича мутахассислар эса аъзоларнинг 19 фоизини ташкил этади.

 

Ушбу кўрсаткичлар сайлов ўтказиш бўйича округ ва участка сайлов комиссияларининг таркибига қўйиладиган юксак халқаро талабларга тўла мосдир.

 

“Бир сайловчи — бир овоз”

 

Бундай юксак талабларга мос натижага эришиш ўз-ўзидан бўлмаслиги аён. Шу боис Марказий сайлов комиссияси сайловга тайёргарликни Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясини тасдиқлашдан бошлагани бежиз эмас.

 

Жорий йилнинг 19 май куни қабул қилинган ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ижросини тизимли ва сифатли таъминлашда Марказий сайлов комиссияси ҳамда Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.

 

Барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларини сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, сайловларга оид билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган машғулотлар уч босқичда амалга оширилди. Тренингларда замонавий педагогик, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланилгани кутилган самараларни берди.

 

Юқоридан қуйига қараб кенгайиб, такомиллашиб борадиган ва интерфаол усуллар устуворлик касб этган машғулотлар жараёнида мамлакатимиз бўйича 112 мингдан ортиқ сайлов ташкилотчиси малака оширди. Билим ва амалий кўникмаси тест усулида синовдан ўтказилганида, тингловчиларнинг 95 фоиздан ортиғи юқори балларни олди.

 

Фақат овоз бериш яширин

 

Сайлов демократия кўзгуси деган гап бежиз оммалашмаган. Негаки, ҳар қандай мамлакатда очиқлик, ошкоралик, сўз эркинлиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид умумеътироф этилган кўплаб демократик тамойилларнинг амалда нечоғлик таъминлангани айнан сайловлар жараёнида намоён бўлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий принципларидандир.

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини 800 нафарга яқин халқаро кузатувчи кузатиб боради. Улар орасида Европада хавфсизлик ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент ассамблеяси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмаларнинг миссияларидан ва дунёнинг 47 давлатидан ташриф буюрган кузатувчилар бор.

 

Айни пайтда, Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 54 минг нафарга яқин кузатувчи аккредитациядан ўтказилган.

 

Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1300 нафарга яқин вакили аккредитациядан ўтказилди.

 

Сайлов участкаларини овоз беришга ҳозирлаш жараёнида кузатувчилар ва журналистлар учун махсус жой ажратилишига алоҳида эътибор қаратилди. Кузатувчилар овоз бериш жараёнини бемалол кузатишлари, ОАВ вакиллари бу жараённи ҳеч қандай тўсиқсиз ёритиб боришлари учун барча зарур шароитлар яратилган.

 

Марказий сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ барча мажлислари ижтимоий тармоқлар орқали сурдо таржимаси билан жонли эфирга узатиб борилди. Сайлов кунини эслатувчи СМС хабарлари фуқароларнинг мобил телефонларига юборилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикасининг хорижга кетаётган фуқаролари учун сайлов куни хорижда овоз бериш тартибини тушунтирувчи флаерлар, сайловга чорловчи плакатлар, сайловда иштирок этувчи фуқаролар учун таклифномалар тайёрланди ва белгиланган тартибда тарқатилди.

 

Рақамли технологияларнинг Ўзбекистон миллий сайлов тизимига кенг жорий этилаётгани ҳам Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашда кенг имкониятлар яратмоқда.

 

Маълумки, 2019 йилги парламент сайловида илк бор олтмишта сайлов участкасига жами 120 видеокузатув ускуналари ўрнатилган эди.

 

Жорий йилги сайлов куни уч баравар кўп – барча туман ва шаҳарлардаги иккитадан сайлов участкасида иккитагача видеокузатув камераси ишлаб туради. Бу овоз бериш жараёнларини реал вақт режимида – онлайн видеотрансляция қилиш имконини беради.

 

Алоҳида таъкидлаш зарурки, видеокузатув камералари ўрнатилган сайлов участкалари биноларида сайловчиларнинг яширин овоз бериш принципларига қатъий риоя қилинади.

 

Айни пайтда, Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранда, “Saylov2023.uz” порталида ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон24» ва бошқа телеканалларда овоз бериш жараёнини бевосита кузатиш имконияти яратилади.

 

Мазкур йўналишдаги муҳим янгиликлардан яна бири: Президент сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси ҳудудида жойлашган элликта сайлов участкасида сайлов куни сайловчи-фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизими жорий этилаётганидир.

 

Матбуот марказида эса Ўзбекистон ҳудудида яшовчи аҳоли учун бепул 1200 қисқа рақамли ва хорижда истиқомат қилувчи фуқаролар учун бепул 55-500-12-00 рақамли тезкор ахборот бериш маркази ишлаб турибди.

 

Фуқаролардан, сайлов ташкилотчиларию, журналистлардан тушаётган барча мурожаатларга Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, котибиятининг масъул ходимлари, сайлов бўйича етакчи экспертлар ва ҳуқуқшунос олимлардан иборат гуруҳ томонидан ўз вақтида малакали жавоблар қайтарилмоқда. Мурожаатларнинг бирортаси эътибордан четда қолаётгани йўқ. Буни шундан ҳам билиш мумкинки, сайлов кампанияси бошланганидан бери фуқаролардан тушган ҳар бир мурожаат Марказий сайлов комиссиясининг йиғилишларида пешма-пеш кўриб чиқилди.

 

Дарҳақиқат, сайловда фуқароларнинг фақат овоз бериши яширин кечади. Қолган барча ишларда очиқлик ва ошкоралик тўла таъминланмоқда.

 

Буларнинг барчаси “Бир сайловчи — бир овоз” халқаро сайлов тамойилига қатъий амал қилиш имкониятини янада кенгайтириш, ватандошларимиз ўзларининг Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, сайловда эркин овоз беришлари ва Президент сайловини юксак демократик талаблар асосида ўтказишга хизмат қилади.

 

Кўтаринки руҳ

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партиянинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат берилди. Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олинди ва улар Комиссиямизнинг сайловга доир барча тадбирларида бевосита иштирок этиб келмоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Улуғбек Илёсович Иноятов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Маҳмудова, Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Ҳамзаев Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинган.

 

Сайловда иштирок этаётган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Президент сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга қарор қилган.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар ва Президентликка номзодларнинг бир ой давом этган сайловолди ташвиқоти, жумладан, сайловчилар билан учрашувлари диққат билан кузатиб борилди. Партиялар вакиллари ва президентликка номзодлар кўтаринки руҳда ўтган тадбирларда асосан сайловчиларга ўз сайловолди дастурларида назарда тутилган мақсадлардан келиб чиқиб гапирдилар. Баҳс-мунозара юритдилар. Жамоатчилик ҳам уларнинг сайловолди ташвиқотини қизиқиш билан кузатиб борар экан, кўплаб янги ғоялар ва ташаббуслар, фикрлар ва лойиҳалардан воқиф бўлди, деб ўйлайман.

 

Таъкидлаш жоизки, барча сиёсий партиялар ва номзодларга сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароит ва имконият таъминланди. Сайлов қонунчилиги билан ўрнатилган тартиб ва талабларнинг бирорта сиёсий партия ёки номзод томонидан бузилиш ҳоллари кузатилмади.

 

Сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, унда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар ҳақида хабардор қилишга қаратилган ҳамда сайловда фаол иштирок этишга чақирувчи турли ўлчамлардаги 691 мингдан ортиқ нусхадаги плакатлар ўзбек, рус ва қорақалпоқ, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тилларида чоп этилиб, аҳоли гавжум жойларга жойлаштирилди.

 

Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга овоз беришга чақирувчи 389 мингга яқин ташқи реклама воситаларида сайловолди ташвиқоти баннерлари ўрнатилди.

 

Буларнинг барчаси сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари ўртасидаги ўзаро рақобат ва курашни қизитди. Буни ҳар қадамда — сайловчилар билан учрашувлару теледебатда, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларда, ижтимоий тармоқларда, сиёсий партияларнинг нашрлари ва веб-сайтларида, шунингдек, интернет-нашрларда кўриш мумкин эди. Бундай тадбирлар миллионлаб сайловчиларни қамраб олди.

 

Одамлардаги бу қизиқишнинг, фаолликнинг сабаби, аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларда, муқаррарлик касб этаётган эркинлик, очиқлик ва ошкораликдадир. Халқимизнинг Ватанимиз келажагига юксак умид ва қатъий ишончида, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусининг юксалиб бораётганидадир.

 

Булар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва шаффофлик тамойиллари асосида, халқаро умумеътироф этилган демократик стандартларга мос ўтаётганига ёрқин мисоллардир.

 

Меҳр-эътибор

 

Марказий сайлов комиссияси сайловларга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келади.

 

Бу муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.

 

Маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда Президент сайловини ташкил қилиш ва ўтказишда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларидан тенг ва тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш мақсадида, сайлов участкалари биноларини ва овоз бериш хоналарини танлаш ва жиҳозлашда Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигида белгиланган барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашда қўшимча шарт-шароит ва имкониятлар яратишга доир масала Комиссиямиз мажлисида муҳокама қилинганида, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти ва Ногиронлар ассоциациясидан вакиллар иштирок этди. Долзарб масалалар юзасидан фикрларини билдириб, таклифларини айтди.

 

Айни кунгача сайлов бюллетени Брайл алифбосида тўлдириш учун трафаретлар чоп этилди. Кўзи ожиз ва заиф қўрувчи фуқаролар сайлов бюллетенида ўз хоҳиш иродасини мустақил ифода эта олиши учун ҳар бир сайлов участкаси ушбу трафаретлар билан таъминланди.

 

Сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилди. Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар учун оптик лупалар ҳамда ёриткичлар мавжуд бўлиши таъминланди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари интернет ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари ва телеканаллар орқали сурдо таржимасида бевосита кузатиб бориш имконияти яратилди.

 

Сайлов – мамлакатнинг, миллатнинг имижи, обрўси. Ҳар бир фуқаронинг бугуни ва келажагига бевосита таъсирини ўтказадиган улкан сиёсий воқеадир. Биламизки, бугун дунё аҳли мустақил Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни катта умид ва хайрихоҳлик билан кузатиб турибди.

 

Ишончимиз комилки, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқимиз ўз хоҳиш-иродасини яна бир бор эмин-эркин намоён этади, истиқболдаги миллий тараққиётимизнинг йўналишларини белгилаб олишдек муҳим жараёнларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

 

Ушбу тарихий сайлов Янги Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида энг муҳим халқаро сайлов принципларига садоқатининг яна бир ёрқин намойишига айланади.

 

Фурсатдан фойдаланиб, барча ватандошларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, сайлов ўзининг, фарзандларининг порлоқ келажагини ўйлаган миллат, халқ ҳамда Ватанини севган ҳар бир инсон учун улкан имкониятдир.

 

Келгуси якшанба, 9 июнь куни ҳар биримиз ана шундай имкониятдан – Конституциявий ҳуқуқимиздан фойдаланиб, ўзимиз эркин танлаган муносиб номзодга овоз берсак, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлашдек эзгу ишларга ўзимизнинг шахсий ҳиссамизни қўшган бўламиз.

 

(“Янги Ўзбекистон” газетаси,

2023 йил 7 июль).

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур