Сайт тест режимида ишламоқда

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан байрам табриги

01.09.2024

80

msk_yangiliklari_in

Қадрли ватандошлар!

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жамоаси барча ватандошларимизни  мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 33 йиллик шонли байрами билан самимий муборакбод этади.

 

Миллий истиқлолимиз бугунги кунда кўп миллатли бутун халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсад йўлида бирлаштириб, янги ютуқ ва марралар сари илҳомлантирмоқда. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида эркин ва озод халқлар оиласида муносиб ўрин эгаллаб, инсон юксак қадр топган замонавий тараққиётга эришиш нақадар улуғ бахт, шу билан бирга, улкан масъулият эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз. 

 

Бу йил мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа - 27 октябрь куни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, жонажон Ўзбекистонимизни дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтаришда яна бир муҳим амалий қадам бўлишига ишонамиз.

 

 “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган энг улуғ ва муқаддас байрамимиз шукуҳи оилаларимиз даврасида, қалбларимизда чинакам озодлик ва саодат айёми сифатида давом этаверади.

 

Бетакрор юртимиздан тинчлик-хотиржамлик, осойишталик ва фаровонлик, ҳаётингиздан, хонадонингиздан ҳеч қачон файзу барака, қувонч аримасин.  Ватанимиз равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларингизда юксак мувафаққиятлар ва омадлар ёр бўлишини тилаймиз.

 

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур