Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ РАИСИНИНГ ЎРИНБОСАРИ БАХРОМ КУЧКАРОВНИНГ БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

30.04.2023

2466

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Бахром Кучкаровнинг брифингдаги

НУТҚИ

 

МСК Матбуот маркази

2023 йил 30 апрель

соат: 14:00

 

Ассалому алайкум, Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумда фуқароларимизнинг овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги референдум участкаларида ўрнатилган видеокамералар орқали фуқароларимизнинг референдумда фаоллик билан қатнашаётганликларининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 38-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ референдумда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқароларнинг камида ярми референдумда иштирок этган бўлса референдум ўтган деб топилади.

Аввал маълум қилганимиздек, референдумда овоз берувчилар рўйхатига 19 млн 722 минг 809 нафар фуқаро киритилган.

Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи участка ва округ комиссияларидан олинган маълумотларга эътибор қаратсак соат 13:00 ҳолатига овоз берувчи фуқароларнинг 12 млн 083 минг 105 нафари ёки 62,24 (олтмиш икки бутун юздан йигирма тўрт) фоизи овоз берди.

Ушбу рақамлар Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий референдумни ўтган деб топишга асос бўла олади.

Албатта якуний хулоса овоз бериш якунларидан келиб чиқиб берилади.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси тенг овоз бериш ҳуқуқига эга. Референдумда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди.

Референдум тўғрисидаги қонунчилик нормаларига мувофиқ, соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган фуқаролар учун референдум ўтказувчи участка комиссиялари овоз беришни ўша овоз берувчи фуқаро турган жойда ташкил этмоқда.

Овоз бериш жараёнларида қонун талабларига тўлиқ риоя этилишини Марказий сайлов комиссияси назорат қилиб бормоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг референдум жараёнлари ҳақида тезкор ахборот бериш учун Ахборот маркази ҳам тузилган. Ушбу марказга барча фуқароларимиз референдум жараёнларига оид мурожаатлари билан қўнғироқ қилишлари мумкин. Ахборот марказимизнинг телефон рақами мамлакат ичидаги қўнғироқлар учун 12-00 қисқа рақам, хориждаги фуқароларимиз учун (55) 500-12-00 рақамини эслатиб ўтамиз.

Ҳозирга қадар Ахборот марказига фуқароларимиздан жами 148 та мурожаатлар келиб тушган ва улар мутахассисларимиз томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилмоқда. Зарур ҳолларда мурожаатлар округ комиссиялари ёрдамида ёки мутасадди давлат органлари томонидан жойида ўрганилмоқда. Ҳеч қайси бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди.

Умуман олганда референдум амалдаги қонунчилик меъёрлари ва халқаро стандартларга тўла мос равишда ўтмоқда.

Ҳозирча Сизларга етказмоқчи бўлган ахборотимиз шулардан иборат.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур