Сайт тест режимида ишламоқда

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси Осиё Сайлов Органлари Ассоциацияси Ижроия кенгаши йиғилишида иштирок этмоқда

24.01.2024

2478

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси жорий йилнинг 24 январь куни Нью-Деҳли шаҳрида Ҳиндистон сайлов комиссияси раислигида ташкил этилган Осиё Сайлов Органлари Ассоциацияси (ОСОА) Ижроия кенгашининг йиғилишида иштирок этди. 


Ижроия кенгаши ОСОАнинг бошқарув органи бўлиб, у ташкилотнинг Бош Ассамблеяси томонидан икки йил муддатга сайланадиган бешта аъзодан иборат. Ҳозирда Ўзбекистон билан бир қаторда Россия, Шри-Ланка, Мальдив ороллари ва Филиппин мамлакатлари сайлов органлари Ижроия кенгаши аъзолари ҳисобланади.


Ижроия кенгаши Ассоциация дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширишни режалаштириш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш учун жавобгардир.


Ассоциация Ижроия кенгаши йиғилиши кун тартибига ОСОА фаолияти билан боғлиқ бир қатор қуйидаги муҳим ташкилий масалалар киритилди: молиявий ҳамда ташкилот Котибияти фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар, Бош Ассамблеянинг қарорларини бажариш бўйича чора-тадбирлар ва ҳ.к. 

 


ОСОА Бош Ассамблеясини жорий йилнинг сентябрь ойида чақириш тўғрисида, шунингдек, Бош Ассамблея мажлислари оралиғида кўриб чиқилиши керак бўлган бошқа долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

 


ОСОА Ижроия кенгаши йиғилишида Ўзбекистон делегацияси ушбу халқаро ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги аниқ таклифлар билан чиқди: ташкилот фаолияти ҳақида ахборот тарқатиш; Ассоциация фаолиятини ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиш; ОСОА миссияси томонидан Ассоциацияга аъзо мамлакатларда сайлов жараёнларини мониторинг қилиш амалиётини жорий қилиш. Йиғилишда, шунингдек Ассоциациянинг доимий фаолият юритадиган Котибияти офиси тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.


Таъкидлаш жоизки, 1998 йилда ташкил этилган ОСОАнинг асосий мақсади очиқ ва ошкора сайловларни, мустақил ва холис сайлов органларини тарғиб қилиш ва Осиё минтақасида жойлашган сайлов органларини профессионаллаштириш, фуқароларнинг сайлов ва фуқаролик жараёнларида иштирок этиши, ахборот алмашиши ва сайловга оид ахборот ва тадқиқотлар учун ресурсларни ишлаб чиқиш ҳамда сайловларни ташкил этиш бўйича ишларни такомиллаштириш учун минтақада мустақил форум ташкил этишни таъминлашдан иборат. 

 

 

Бугунги кунда Ассоциация Осиёнинг қуйидаги 20 та давлатини ўзида бирлаштирган: Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Индонезия, Қозоғистон, Камбоджа, Қирғизистон, Мальдив ороллари, Мўғулистон, Непал, Покистон, Папуа-Янги Гвинея, Россия, Корея Республикаси, Тожикистон, Тайвань, Ўзбекистон, Филиппин ва Шри-Ланка.


Ўзбекистон Республикаси 2014 йилдан ОСОАга, 2022 йилдан эса Ижроия кенгашининг фаол аъзоси ҳисобланади ва Ассоциациянинг турли тадбирларида (конференция, семинар, сайлов кузатувлари) фаол иштирок этиб келмоқда. Ўзбекистон МСК сайлов тизимини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш ва фуқароларнинг сайлов жараёнидаги иштирокини ошириш бўйича ОСОАнинг бошқа аъзолари билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон сайлов соҳасини янада такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшиб, ОСОА фаолиятида фаол иштирок этишда келгусида ҳам давом этади.

 

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур