Сайт тест режимида ишламоқда

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ РАИСИ ЗАЙНИДДИН НИЗАМХОДЖАЕВНИНГ МАТБУОТ АНЖУМАНИДАГИ НУТҚИ

01.05.2023

2908

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссиясининг раиси Зайниддин Низамходжаевнинг матбуот анжуманидаги НУТҚИ

МСК Матбуот маркази

2023 йил 1 май

соат: 11:00

 

Азиз Ватандошлар!

Ҳурматли анжуман иштирокчилари! 

Хонимлар ва жаноблар!

 

Кеча, 30 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг референдуми бўлиб ўтди. 

Олий Мажлис палаталарининг қарорларида белгиланганидек, 2023 йилнинг 30 апрель, якшанба куни бўлиб ўтган референдум бюллетенида: “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деган савол берилди.

Барча даражадаги референдум комиссиялари ўз ишини “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун талабларига амал қилган ҳолда ташкил этди.

Ўзбекистон Республикасининг референдуми халқаро нормалар ва стандартларга, референдум қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик ва ошкоралик каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда ўтказилди.

Референдумда ҳар бир фуқаро ўз қарорини эркин ифода этди. Ушбу жараёнларда кузатилган айрим камчиликлар ўз вақтида, шу жумладан, жамоатчилик иштирокида аниқланди, очиқ муҳокама қилинди.

Юқоридаги ҳолатлар референдум жараёни тўлиқ шаффоф ҳамда жамоатчилик назорати остида ўтказилганлигидан далолат беради.

Оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолатлар юзасидан Марказий сайлов комиссияси ва бошқа мутасадди идоралар томонидан дарҳол муносабат билдирилиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари референдум ўтказилиши олдидан референдумга қўйилган қонун лойиҳаси бўйича монеликсиз ташвиқот олиб бориш учун барча имкониятлардан фойдаланди.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини жами 383 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди.

Жумладан 14 та нуфузли халқаро ташкилотдан, хусусан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тилли давлатлар ташкилоти, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалардан 184 нафар, 45 та давлатдан 199 нафар халқаро кузатувчилар ушбу жараёнда иштирок этди.

Айни пайтда референдумни оммавий ахборот воситаларининг жами 964 нафар вакили, жумладан, 127 та хорижий оммавий ахборот воситасидан 192 нафар вакил бевосита ёритиб борди.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан эса Ўзбекистон тарихида биринчи марта, жами 43 минг нафардан зиёд вакиллар референдумни бевосита кузатиш имкониятига эга бўлди.

Ўзингиз кеча гувоҳ бўлдингиз, референдум участкаларига ўрнатилган видеокамералардан онлайн трансляция орқали овоз бериш жараёнини миллионлаб одамлар кузатиб борди.

Шу билан бирга, минглаб референдум участкаларидан журналистлар томонидан теле- ва радио, фото репортажлар, интервьюлар ва хабарлар мунтазам узатилиб турилди. Референдум жараёни ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар орқали бутун дунёга намойиш этилди.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва унинг референдум округларидаги бўлимларида референдум жараёнининг барча иштирокчилари учун кенг медиа-майдон яратилди. Уларда юзлаб матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар, учрашувлар ўтказилди.

Бундай тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар, Адлия, Ички ишлар, Рақамли технологиялар вазирликлари раҳбарлари ва референдум ўтказувчи округ комиссиялари раисларининг ахборотлари тингланди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан 2023 йил 16 мартда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режаси қабул қилингани ва изчиллик билан амалга оширилгани референдумни миллий қонунчилик талаблари асосида, юксак ташкилий даражада ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Жами 611 320 нафар фуқаро жорий йилнинг 19 апрель – 26 апрель кунлари ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди. 

Референдумда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз учун 39 та давлатда ташкил этилган 55 та референдум участкасида овоз бериш имконияти яратилди.

Референдумда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган 19 миллион 722 минг 809 нафар фуқародан, Ўзбекистон Республикасининг референдумида чет элларда овоз берган ватандошларимиз билан бирга ҳисоблаганда, 16 миллион 673 минг 189 нафар фуқаро овоз бериш бюллетенларини олди ва овоз берди. Бу референдумда овоз берувчилар умумий сонининг 84 бутун юздан 54 (84,54) фоизидан иборатдир. 

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи референдум участкаларининг, шу жумладан чет элдаги участкаларнинг барчасида овоз бериш бюллетенлари санаб чиқилган.

Референдумнинг дастлабки натижаларига кўра, “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деган саволга овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг 15 миллион 40 минг 55 нафари ёки 90 бутун юздан 21 фоизи ёқлаб, 1 миллион 559 минг 200 нафари ёки 9 бутун юздан 35 фоизи қарши овоз берган. Ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенларнинг сони 73 минг 934 дона ёки ноль бутун юздан 44 фоиз.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга кўра, агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб ҳисобланади.

Шу муносабат билан, ушбу дастлабки маълумотларга таяниб, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни Ўзбекистон Республикаси халқи томонидан референдумда қабул қилинган дейишга барча асослар бор!

Албатта, референдумнинг якуний натижалари Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори қабул қилиниб, расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради.

Референдумни ўтказиш жараёнларида унинг натижаларига таъсир қилмайдиган айрим камчиликлар кузатилди.

Шу билан бирга, 8-Сирдарё вилояти референдум округининг 226-сон,

10-Тошкент вилояти референдум округининг 651-сон, 14-Тошкент шаҳар референдум округининг 772-сон референдум участкаларида атрофлича кўриб чиқилиши лозим бўлган ҳолатлар аниқланди.

Хусусан, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги ҳолатлар Марказий сайлов комиссиясининг мониторинги натижасида аниқланган бўлса, Тошкент шаҳридаги ҳолат оммавий ахборот воситалари орқали аниқланиб, уларнинг ҳар бири юзасидан Марказий сайлов комиссияси ва округ комиссиялари томонидан мутасадди идоралар билан биргаликда ўрганишлар олиб борилмоқда.

Умуман олганда, республика бўйича 10 758 та участкалар фаолият олиб борганини ҳисобга оладиган бўлсак, референдум жараёнларида камчиликлар кузатилган участкалар ноль бутун ўндан бир (0,1) фоизни ҳам ташкил этмайди. 

Ҳурматли дўстлар, халқимизни очиқ-ошкора ўтган референдумда ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, янги Конституция қабул қилганлиги билан яна бир бор табриклайман.

Фурсатдан фойдаланиб, аввало, Ўзбекистон Республикасининг референдумини катта қизиқиш билан кузатиб борган халқаро ташкилотларнинг миссиялари, хорижий давлатларнинг кузатувчиларига миннатдорчилик билдирамиз!

Оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистларга ҳам референдум жараёнларини холис, очиқ ва ошкора ёритиб борганликлари учун алоҳида ташаккур изҳор этамиз.

Қолаверса, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида ташкилий ҳамда техник жиҳатдан кўмаклашиб борган маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар ишини ҳам эътироф этишга ижозат бергайсиз.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни миллий қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган халқаро андозаларга мос, юксак ташкилий даражада ўтказишга муносиб ҳисса қўшган округ ва участка комиссиялари аъзоларига, маҳаллий кузатувчиларга ва ушбу жараёнга бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизга самимий миннатдорлик билдирамиз!

Эътиборингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур