Сайт тест режимида ишламоқда

26.10.2023

2146

msk_yangiliklari_in

2023 йил 25 октябрь куни Батуми шаҳрида Грузия Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган ҳар йили ўтказиладиган сайлов органларининг навбатдаги 11 учрашуви ўз ишини бошлади.

 

Учрашув доирасида ташкил қилинган “Сайловларда АКТ ва АКТ дезинформацияси” мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.

 

Конференция Европа Кенгаши ва Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси (IFES) билан ҳамкорликда ҳамда USAID молиявий кўмагида ташкил этилган.

 

Халқаро конференцияда 26 та мамлакатдан 100 нафардан ортиқ сайлов органи вакиллари, шунингдек, Европа Кенгаши, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси, USAID, IDEA, NDI каби халқаро ташкилот вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

 

Конференциянинг очилишида Грузия Марказий сайлов комиссияси раиси Г. Каландарашвили табрик сўзи билан чиқди ва конференция мавзулари рақамли технологиялар ва уларни сайлов жараёнларида қўллаш жадал ривожланаётган даврда алоҳида аҳамият касб этиши ҳамда ахборот маконининг ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири кучайиши натижасида сайлов жараёнида дезинформация муаммоси ҳақида таъкидлади.

 

Конференцияда сайлов соҳасида инновацион технологияларни ўзлаштириш, сайловни ташкил этиш ва ўтказишда дезинформацияга қарши курашиш бўйича ўзаро фикр, билим ва тажриба алмашиш мақсадида етакчи экспертлар, сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари йиғилди.

 

Тадбирнинг биринчи кунида сайлов жараёнига рақамли технологияларни татбиқ этишга бағишланган учта сессия бўлиб ўтди.


Иштирокчилар сайлов жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш каби муҳим масалаларни муҳокама қилдилар. Сўзга чиққанлар ахборот ва рақамли технологияларни сайлов жараёнларига жорий этиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар ҳамда сайловнинг шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишдаги инкор этиб бўлмайдиган ўрни борлигини таъкидладилар.

 

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров “Ўзбекистонда сайлов жараёнида рақамли технологиялар” мавзусида тақдимот қилди.

Аввало, Ўзбекистон Республикасида рақамли трансформация бўйича стратегик ҳужжатлар ҳақида маълумот берилди. Сўнгра тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг сайлов жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш тажрибаси, Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) фаолияти, сайловчиларни биометрик идентификациялаш ҳамда овоз бериш жараёнларини видеомониторинг қилиш бўйича тажриба лойиҳалари, шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида сайлов жараёнларида рақамли технологияларни кенгроқ татбиқ этиш бўйича истиқболдаги режалари билан таништирилди.

 

Конференция ўз ишини давом эттирмоқда.

 

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур