Сайт тест режимида ишламоқда

Сайлов тизимидаги ўзгариш қандай тартиб-таомиллардан иборат?

26.10.2023

1051

msk_yangiliklari_in

Жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг роли ҳамда фуқароларимизнинг сиёсий фаоллигини ошириш демократик ислоҳотларнинг муҳим босқичи саналади. Шу боис уларнинг давлат ҳокимиятини шакллантириш жараёнида муайян ғоя ва мақсадларни кўзлаб, иштирок этишларини таъминлашда аралаш сайлов тизимини жорий этиш таклифи анчадан буён илгари суриб келинмоқда. Олий Мажлис қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан айни шу масалада ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Вилоят ҳамда шаҳар-туман Кенгашлари котибияти мудирлари иштирокида ўтказилган семинарда мазкур янгиликнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида сўз юритилди. Хусусан, иштирокчилар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмуни билан яқиндан таништирилди.

 

Ҳозирги кунда амалда бўлган сайлов қонунчилигимизга кўра, сиёсий партиялар ҳар бир сайлов округи бўйича аниқ номзодни илгари суриши ҳамда уларга округдаги сайловчиларнинг мутлақ кўпчилиги ёқлаб овоз берган тақдирдагина депутат этиб сайланади.

 

Жумладан, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округлари тузилиб, уларнинг ҳар биридан биттадан депутат сайланади.

 

 

Мавжуд тизим муаммолари

 

Амалда бўлган ушбу можаритар сайлов тизимида сиёсий партиялар фаолиятини самарали ривожлантириш, уларни ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг қудратли инструментига айлантиришга тўсқинлик қилувчи қатор консептуал муаммолар мавжуд.

 

Мисол учун, мажоритар сайлов тизими “ғолиб — барча ютуқ эгаси” тамойилига асосланганлиги сабаб сайловчилар хоҳиш-истакларининг реал ҳолатини тўлиқ намоён этмайди. Бу партияларнинг, умуман, кўппартиявийлик тизимининг ривожланишига тўсқинлик яратади. Шу боис, айни айни дамда партияларимиз гарчи қонун ижодкорлигида тажрибаси, айрим ҳолларда бунга истаги йўқ бўлса-да, таниқли, шу ҳудудда обрў-эътиборга эга кишиларни номзод қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади.

 

Оқибатда депутатлар айрим ҳолларда парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида фаоллик кўрсатмасдан, асосан, ўзининг маҳаллий, минтақавий манфаатларини ифодалаб келади.

 

Таҳлилларга кўра, амалдаги мутлақ кўпчилик (50 фоиз + бир овоз), яъни мажоритар тизим молиявий нуқтаи назардан қиммат. Чунки баъзида номзодларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини ололмаслиги мумкин. Бу эса такрорий овоз бериш жараёнини ўтказилишини тақозо этади.

 

Мавжуд маълумотларга кўра, 2019 йилда ўтказилган парламент сайловларида 150 та округда ўтказилган сайловлар учун давлат бюджетидан 300 миллиард сўм маблағ ажратилган. Улардан 25 тасида такрорий сайлов ўтказилган. Икки ҳафта муддатдан сўнг ташкил қилинадиган овоз бериш жараёнларининг ўзиёқ яна анчайин маблағ, жисмоний куч сарфланганини англатиб турибди.

 

Бундан ташқари, депутатлар ўрни бўшаган тақдирда, шу ўринларни тўлдириш мақсадида сайлов комиссиялари фаолиятини тиклаган ҳолда сайлов ўтказиш зарур. Пропорционал тизимда эса бундай ҳолларда навбатдаги номзод депутатлик ўрнини эгаллаши мумкин.

 

Умуман, янги тизим қанақа бўлади?

 

Пропорционал сайлов тизимида сайловчи депутатликка номзодга эмас, балки сиёсий партияларга овоз беради. Вакиллик органидаги депутатлик ўринлари эса сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партияларнинг депутатликка номзодлар рўйхатлари ўртасида тақсимланади.

 

Мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларининг ютуқларини уйғунлаштирувчи ва бир-бирини тўлдирувчи сайлов тизими — бу аралаш сайлов тизими ҳисобланади. Бу можаритар сайлов тизими асосида муваффақият қозона олмаган партияларга ўзлари олган овозларга мутаносиб депутатлик ўринларини олишга ҳамда жамиятда ҳақиқий кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.

 

– Қайд этилаётган қонунда Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда, - деди Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов. – Қонунчилик палатаси депутатларининг 50 фоизи, яъни 75 нафари одатдагидек можаритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан сайланиши, қолган 50 фоизи, яъни 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар рўйхати (партия рўйхати) бўйича сайланиши таклиф этилмоқда.

 

Демак, энди сайловчи иккита бюллетен орқали овоз беради: биринчисида аниқ бир номзодга овоз берса, бошқасида эса ўзи ишонган партияни белгилайди.

 

Партиялар фаоллашади

 

Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган сиёсий партиялар белгиланган тартибда мандатга эга бўлади. Агар сиёсий партия овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини тўплай олмаса, ягона сайлов округи бўйича ёки пропорционал сайлов тизими бўйича ушбу сиёсий партияга Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари тақсимланмайди.

 

Етти фоизи ва ундан кўпроқ овозни тўплаган сиёсий партиялар, ўзлари тўплаган овозлар фоизига мутаносиб равишда депутатлик ўринларини қўлга киритади. Қайд этиш лозим, ҳар бир сиёсий партия 75 тадан 100 тагача номзод кўрсатиши мумкин.

 

Янги тизим янгиликка бой

 

Агар партиявий рўйхатдаги номзодлар ушбу рўйхатдан чиқарилса ёки пропорционал тизим асосида шакллантирилган депутатлик ўрни бўшаб қолса уларнинг ўрни қандай тўлдирилади, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Бундай ҳолатларда бўшаб қолган номзод ёки депутат ўрни тегишли партия рўйхатидаги кейинги навбатдаги мандатга эга бўлмаган номзодлар ҳисобидан рўйхат кетма-кетлиги асосида тўлдирилади.

 

Демак, партиялар шакллантираётган рўйхат ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қайд этиш лозимки, пропорционал сайлов тизими учун шакллантирилган партия рўйхатларининг кенг жамоатчилик эътиборига эълон қилиш ҳам белгиланган.

 

 

Бундан ташқари, партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар учта номзоднинг бир нафари аёл киши бўлиши белгиланмоқда.

 

Қонун лойиҳасининг 401-моддаси партия рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиниши, рўйхатга олиш учун тегишли ҳужжатлар рўйхатга олиш муддати тугашига камида етти кун қолгунга қадар Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилиши, партия рўйхатини белгиланган тартибда рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланиши, рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни беш кунлик муддатда Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилиниши, белгиланган тартибда рўйхатга олинган партия рўйхатига киритилганлар депутатликка номзод мақомини олиши ва уларга гувоҳнома берилиши тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган.

 

Бир мандатлида ҳам ўзгартишлар бор

 

Амалдаги, Сайлов кодексининг 96-моддасига асосан сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг (эллик фоиз +1 ёки ундан кўп) овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланиши белгиланган эди. Агарда, номзодларнинг бирортаси ҳам овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини тўплай олмаган бўлса, 2 нафар энг кўп овоз тўплаган номзодлар ўртасида такрорий овоз бериш ўтказиларди.

 

Сайлов кодексига таклиф этилаётган нормага мувофиқ, эндиликда бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини (нисбий кўпчилик) олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Бунда такрорий овоз бериш ўтказилишига ҳожат қолмайди.

 

Сайлов комиссияси ҳам ўзгаради

 

Худоёр Маматов маъруза қонун лойиҳасида сайлов комиссиялари вертикал тизимда ташкил этилиши белгиланганини ҳам айтиб ўтди. Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнида ҳудудий сайлов комиссияси ташкил этилади. Улар 5 йил давомида ҳам парламент ва маҳаллий Кенгаш сайловларини, ҳам Президент сайловини, ҳам референдумни ўтказишда иштирок этади.

 

Шунингдек, қонун лойиҳасига кўра, МСКнинг доимий асосда ишлайдиган аъзолари сони 7 нафар ўрнига 9 нафар қилиб белгиланаётгани қайд этилди. Ҳудудий сайлов комиссияларида эса уларнинг сони 3 нафар (айни пайтда 1 нафар) бўлиши режалаштирилган.

 

Семинар давомида маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди. Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ўртага ташланди.

 

Ёқубжон Марқаев.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур