Сайт тест режимида ишламоқда

Республика тренерлари учун сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-амалиёт машғулотлари ташкил этилди

16.08.2024

154

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 12-14 август кунлари Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси” асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгаш сайловлари бўйича республика тренерлари учун сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-услубий машғулотлар ташкил этилди.

 

Уч кунлик ўқув дастурига мувофиқ олиб бориладиган тренинглардан кўзланган мақсад - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларнинг ташкилотчилари, хусусан туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш учун республика тренерларини тайёрлашдан иборат бўлди.

 

 

Ўқув-амалий машғулотлар аввалида, Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев ҳамда Давлат бошқарув академияси ректори Адҳам Бекмуродовлар иштирок этиб мазкур тадбирнинг мазмун-моҳияти ва ундан кўзланган натижалар хусусида нутқ сўзлади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, Котибияти ходимлари ва Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилган машғулотларда Республиканинг етакчи олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари орасидан шакллантирилган жами 104 нафар республика тренерлари қатнашди.

 

 

Машғулотлар, аралаш сайлов тизими ва унинг ўзига хос хусусиятлари, аввалги сайловларда йўл қўйилган камчиликлар ва уларнинг олдини олиш бўйича вазифалар, сайлов комиссиялари тизими ва фаолиятининг асосий жиҳатлари, сайловда сайловчиларнинг рўйхати билан ишлаш, участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни жиҳозлаш, муддатидан олдин овоз беришни, сайлов куни овоз беришни ташкил этиш, овозларни санаб чиқиш ҳамда сайлов натижаларини чиқариш каби мавзуларни қамраб олган холда ташкил этилди.

 

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокампанияси мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни жиҳозлаш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, сайлов куни овоз беришни ташкил этиш, овозларни санаб чиқиш ҳамда сайлов натижаларини чиқариш каби тўртта мавзудаги видеороликлар тингловчиларнинг ўтилган мавзуларни мукаммал ўзлаштиришларига хизмат қилди.  

 

 

Ўқув машғулотларининг учинчи куни амалий машғулотларга бағишланди. Тингловчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда, намунавий шаклда жиҳозланган сайлов участкасида бевосита овоз бериш жараёнларини ташкил этиш, ўтказиш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларини амалий жиҳатдан бажардилар. Бунда, тингловчиларга участка сайлов комиссияси аъзоси, маҳаллий ва халқаро кузатувчи, сайловчи, оммавий ахборот воситаси вакили каби роллар бўлиб берилди. Шу тариқа, тингловчилар назарий жиҳатдан ўзлаштирган билимларини, бевосита амалий машғулотларда мустаҳкамлашга эришдилар.

 

Таъкидлаш жоиз, сайлов комиссиялар аъзолари малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида юқори малакали экспертлар томонидан ўқув режаларига мувофиқ маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарслар кўринишидаги ўқув-услубий материаллар тайёрланган. Ўқув-амалий машғулотларнинг барча босқичлари ушбу ўқув-услубий материаллардан фойдаланган ҳолда, интерактив усулларда олиб борилди.

 

           

 

Ўқувлар якунида тингловчиларнинг тренингдан олган билим ва кўникмалари тест орқали синовдан ўтказилди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур