Сайт тест режимида ишламоқда

РEФEРEНДУМГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА РEЖАЛАШТИРИЛГАН ВА БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН МАСАЛАЛАР – ДАВРА СУҲБАТИ МАРКАЗИДА

17.04.2023

3370

msk_yangiliklari_in

17 апрел куни Марказий сайлов комиссиясида “Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти: Янги Ўзбекистон – янгиланган Конституция” халқаро илмий-амалий конференциясининг хорижий қатнашчилар делегацияси иштирокида “Ўзбекистонда конституциявий референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари, референдум ўтказувчи округ комиссиялари вакиллари ва давлат идораларининг бошқа вакиллари ҳам иштирок этган тадбирдан кўзланган мақсад Марказий сайлов комиссияси томонидан референдумни ташкил этиш, референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва халқаро экспертлар иштирокида амалиётни такомиллаштириш бўйича кейинги чора-тадбирларни белгилашга масъул бўлган бошқа давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларни халқаро экспертлар ҳамжамиятига етказишдан иборат бўлди.

Давра суҳбати аввалида МСК раиси Зайниддин Низамходжаев тадбир иштирокчиларига референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ва босқичма-босқич ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

З.Низамходжаев амалга оширилган ишлар хронологиясига тўхталар экан, парламент палаталарининг биргаликдаги ваколатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ўз ялпи мажлисларида “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар ва Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш санасини 2023 йил 30 апрелга белгиланганлигини таъкидлаб ўтди.

Қайд этилганидек, “Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис палаталари референдумга киритилган масала матнини маъқуллаб, бўлажак референдум бюллетенида “Сиз “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб шакллантиришга қарор қилди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишлар Марказий сайлов комиссиясига юкланганини алоҳида таъкидлади, давра суҳбати иштирокчиларини мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан таништириб ўтди.

Шунингдек, давра суҳбати иштирокчилари муҳокамасига миллий маърузачиларнинг маърузалари тақдим этилди. «UZINFOCOM»  МЧЖ бош директори ўринбосари А.Мансуров сайлов жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш масалалари бўйича, референдум ўтказиш бўйича 14-Тошкент шаҳар ва 8-Сирдарё округ комиссиялари раислари А.Магрупов ва П.Ахмеджоновалар эса референдум ўтказувчи округ комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида сўз юритди.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари МСК томонидан фуқароларни, референдум иштирокчиларини, оммавий ахборот воситалари орқали референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида, овоз бериш муддати ва тартиби, референдумда иштирок этиш ҳаракатлари, Ўзбекистон Республикасининг референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатлари юзасидан хабардор қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништириб ўтди.

Ўз навбатида хорижлик экспертлар ҳам алоқаларни янада мустаҳкамлаш, сайлов соҳасидаги халқаро, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўз фикр ва тавсияларини билдирдилар. Муҳокама давомида улар референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ айрим масалаларни бевосита муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур