Сайт тест режимида ишламоқда

Ҳудудий сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишга қаратилган ўқувлар ташкил этилди

19.07.2024

743

msk_yangiliklari_in

2023 йил 18 декабрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни билан сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси бевосита бошчилик қиладиган марказлашган сайлов органларининг вертикал тизими тузилиши белгиланди.

 

Сайлов комиссиялари тизимида мавжуд бўлган халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сайловини ўтказиш бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини, Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказиш бўйича округ комиссияларини ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузиш амалиёти бекор қилиниб, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида юқорида санаб ўтилган барча сайловлар ва референдумни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган ҳудудий сайлов комиссияларини тузиш тартиби белгиланди.

 

 

Шу муносабат билан, ҳудудий сайлов комиссияларининг ваколат ва функциялари ҳамда масъулият доираси жиддий тарзда кенгайтирилди. Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорларига мувофиқ вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди ҳамда Ҳудудий сайлов комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастурига мувофиқ 2024 йил 17-18 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда  Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котибларининг сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-амалий машғулотлар ўтказилди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Давлат бошқарув академияси мутахассислари ҳамкорлигида олиб борилган машғулотларда сайлов комиссиялари тизими ва фаолиятининг асосий жиҳатлари, аралаш сайлов тизими ва унинг ўзига хос хусусиятлари, сайловчилар рўйхатини шакллантириш ва ушбу рўйхатлар билан ишлашда сайлов комиссиялари олдида турган вазифалар, сайлов комиссиялари бинолари ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга қўйилган талаблар каби ўндан ортиқ долзарб мавзуларда маърузалар тингланди, ҳудудий сайлов комиссияларининг амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида, миллий сайлов амалиётининг ютуқлари, хорижий давлатларнинг сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш амалиёти бўйича илғор тажрибаларини ўзида уйғунлаштирган мавзуларда амалий машғулотлар ўтказилди.

 

 

 

Ўқув-амалиёт машғулотлари якунида тингловчилар эгаллаган билимлари тест савол-жавоблари орқали синовдан ўтказилди. Иштирокчилар билдирган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда, навбатдаги босқичларда ҳудудларда туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиялари учун ҳам шу каби ўқув-амалиёт машғулотларини ўтказиш режалаштирилди.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур