Сайт тест режимида ишламоқда

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИГА БАҒИШЛАБ ЎТКАЗИЛАДИГАН МАЖЛИСИ ҲАҚИДА

08.05.2023

2902

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида”ги 68-сон Фармони билан 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 66-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилиши белгиланган. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Шу билан бирга, Сайлов кодексида сайлов кампаниясини бошланганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилиниши юзасидан нормалар белгилаб берилган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган қонун талабларидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишларини бошлади.

Шу муносабат билан 2023 йил 10 май куни соат 11:00 да Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтади.

Мажлисда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатларини белгилаш масалалари кўриб чиқилади.

Мазкур мажлис МСКнинг YouTube платформаси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур