Сайт тест режимида ишламоқда

Ҳиндистонда Миллий сайловчилар куни нишонланмоқда

25.01.2024

3322

msk_yangiliklari_in

Бугун 2024 йил 25 январь куни Ҳиндистонда 14-Миллий сайловчилар куни нишонланади. Ҳиндистон сайлов комиссиясининг таклифига кўра Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакиллари Ҳиндистон Миллий сайловчилар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирларда иштирок этди. Ҳиндистон ҳукумати томонидан ташкил этилган Миллий сайловчилар куни 2011 йилдан буён нишонлаб келинмоқда.


Мазкур куннинг жорий этилишига сайлов жараёнида иштирок этишга унчалик қизиқиш билдирмайдиган ёш сайловчиларнинг фаоллиги пастлиги сабаб бўлган. Ҳар йили 25 январь куни Ҳиндистон сайлов комиссияси ўн саккиз ёшга тўлган сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган ёшлар рўйхатини тузиб чиқади. Улар сайловчиларнинг умумий рўйхатига киритилиб, ёшларга индивидуал сайлов варақалари тақдим қилинади. Бундай тадбир ёш сайловчилар ўртасида ғурур-ифтихор туйғусини ҳис қилиш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш ва сайлов ҳуқуқидан фойдаланишга ундайди.


14-Миллий сайловчилар куни тадбирлари Ҳиндистон Президенти Драупади Мурму раислигида ҳамда мамлакат Адлия вазири Шри Аржун Рам Мегвал, Ҳиндистон сайлов комиссияси, Мальдив ороллари, Россия, Тайвань,  Ўзбекистон ва Филиппин сайлов органлари раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек, бошқа хорижий иштирокчилар иштирокида бўлиб ўтди. 


Ушбу байрамни нишонлаш мақсадида Ҳиндистон Президенти янги рўйхатга олинган ёш сайловчиларга сайловчилар карталари ҳамда 2023 йилда энг яхши сайлов амалиёти учун Миллий мукофотларни топширди. Мукофотланганлар орасида штат ва туман даражасидаги мансабдор шахслар, ҳукумат идоралари, Ҳиндистон сайлов комиссияси ва ОАВ гуруҳлари сайлов жараёнининг турли соҳаларида, жумладан, ахборот технологиялари ташаббуслари, хавфсизлик ва сайловни бошқариш, сайловчиларни хабардор қилиш ҳамда очиқ сайловлар ва сайловга қўшган ҳиссалари учун муносиб тақдирланишди.


Тадбирда ҲСК нашрининг “2024 йилги умумий сайловлар учун ҲСК ташаббуслари” нашри ҳам тақдим этилди. Китобда Ҳиндистон сайлов органлари томонидан эркин, адолатли ва инклюзив сайловларни ташкил этиш бўйича жорий этилган ташаббуслар ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтилган. Байрам тадбирларида Ҳиндистон сайлов комиссияси ташкил этилганининг 75 йиллиги (1950 йил 25 январь) арафасида ва парламент сайловлари бўлиб ўтиши муносабати билан “Инклюзив сайловлар” мавзусидаги эсдалик почта маркаси чоп этилгани таъкидланди. Шу муносабат билан сайловчиларни ўқитиш бўйича инновацион мультимедиа кампанияси ҳам ташкил этилади ва 2024 йилги парламент сайловлари ҳақида ахборот кампанияси ҳам бошланади.


Қолаверса, сайловчилар учун машҳур ҳинд режиссёри Шри Раж Кумар Хирани билан биргаликда ҲСК томонидан тайёрланган “Менинг овозим – менинг бурчим” номли мотивацион видеоролик намойиш этилди. Унда бир нечта таниқли шахслар демократия руҳи ва битта овоз кучини уйғотадиган хабарлар билан чиқиш қилишган.


Шунингдек, Ҳиндистондаги сайловлар, ислоҳотлар, технологик ютуқлар ва сайловларни бошқариш соҳасидаги инновацияларнинг илғорлигини кўрсатадиган мультимедиа кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

 

Ҳиндистонда нишонланаётган Миллий сайловчилар куни тадбирларидан фотолавҳалар

 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур