Сайт тест режимида ишламоқда

МСК Раиси Наманган вилоятида нуронийлар, маҳалла фаоллари ва биринчи марта сайловда иштирок этаётган ёшлар билан учрашди 

17.09.2024

196

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев Наманган вилояти сафари давомида  Давлатобод туманидаги Маданият марказида нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда биринчи марта сайловда иштирок этаётган ёшлар билан учрашди.

 

Учрашувда сўз олган Зайниддин Низамходжаев мамлакатимиз тарихида илк бор сайлов билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига қамраб олган яхлит қонун ҳужжати – Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси қабул қилингани, мазкур кодексга кўра жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис қўйи палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора ўтказилишини алоҳида эътироф этди.  

 

Бундан ташқари, учрашувда мажоритар-пропорционал сайлов тизимининг ўзига хос жиҳатлари, бир вақтда ҳам мажоритар ҳам пропорционал сайлов тизимини ўзида жамлаган тизим эса - аралаш сайлов тизими деб юритилиши, аралаш сайлов тизими жамиятда сайловчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириши, ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириши юзасидан батафсил маълумот берилди.

 

                 

 

             

 

Маълумки, пропорционал сайлов тизими – ҳар бир партия олган овозлар сонига мутаносиб равишда депутатлик ўринларини тақсимлаш йўли билан белгиланадиган сайлов тизимининг бир тури. Мажоритар тизим эса шундайки, унда сайловчилар томонидан энг кўп овоз олган номзодлар парламентга сайланади. 

 

МСК Раиси, ўз навбатида, сайловларда илк маротаба иштирок этаётган ёшларга эътибор қаратиб, уларнинг доимий равишда ўзларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириб боришлари, жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотларнинг самараси ва таъсирчанлигининг ошишига хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

 

Учрашувда нуронийлар сўз олиб, сиёсий жараёнлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайлов қонунчилигидаги ўзгаришларга, хусусан, парламентни шакллантиришнинг янги замонавий тизими йўлга қўйилганига ижобий баҳо бердилар. 

 

 

 

Самимий мулоқот якунида ёшлар ҳам МСК Раисига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, саволларга атрофлича ва тўлақонли жавоб олдилар. Ёшлар сайловда фаол қатнашишга ҳамда Ватанимиз келажаги, халқимиз фаровон ҳаёти ва эзгу мақсадлари рўёби учун овоз беришга ваъда беришди. 

 

 

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев наманганлик фаол ёшларнинг бир гуруҳига бадиий китоблар совға қилди.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур