Сайт тест режимида ишламоқда

Марказий сайлов комиссияси мажлиси тўғрисида ахборот

19.07.2024

577

msk_yangiliklari_in

19 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил биринчи ярим йиллик иш режасининг ижроси ва 2024 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш, Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, “E-saylov” ахборот тизимининг регламентини тасдиқлаш ҳамда биринчи ярим йиллик давомида келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари каби масалалар кўриб чиқилди.

 

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширган ишлари ҳамда 2024 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси тўғрисидаги масалалар муҳокама қилиниб, иш режасида ўрин олган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилганлиги кўриб чиқилди, Котибият ходимларининг шахсий масъулиятини оширишга доир кўрсатмалар берилди.

 

 

Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг тегишли банди ижросини таъминлаш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “E-saylov” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, тест режимида ишга туширилди.

 

“E-saylov” ахборот тизими сайловларни самарали ташкил қилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали сайлов жараёни иштирокчилари томонидан сайлов комиссияларига ҳужжатларни тақдим этиш, сайлов комиссияларининг қарорларини қабул қилиш, шунингдек сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни электрон шаклда амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Мажлисда кўриб чиқилган “E-saylov” ахборот тизимининг регламенти сайлов жараёнларини ташкил қилишда мазкур ахборот тизими орқали сайлов жараёни иштирокчилари ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви тартибини белгилайди.

 

 

2024 йил биринчи ярим йиллик давомида Марказий сайлов комиссиясига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар бўйича кўрилган чоралар муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди. Келиб тушган барча мурожаатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда ҳамда ўз вақтида кўриб чиқилган.

 

Мажлисда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур