Сайт тест режимида ишламоқда

Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 27 июнь кундаги мажлиси тўғрисида ахборот

27.06.2023

2764

msk_yangiliklari_in

2023 йил 27 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида халқаро ташкилотлардан ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳамда ОАВ вакилларини аккредитация қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотига доир масалалар кўриб чиқилди.

Мажлисда, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар бўйича кўрилган чоралар комиссия аъзолари томонидан муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Қайд этиш жоизки, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган барча мурожаатларга Марказий сайлов комиссияси томонидан қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда, ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда ҳамда ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолдирилмаяпти.

Кун тартибига мувофиқ, мажлисда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан МДҲ, ШҲТ ҳамда хорижий давлатлардан жами 33 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 102 нафар вакили аккредитация қилинди. Бугунги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 1 257 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан
8-Сирдарё, 13-Қашқадарё ҳамда 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ахборотлари тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур