Сайт тест режимида ишламоқда

Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди

19.10.2023

1262

msk_yangiliklari_in

2023 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Тошкент вилояти кенгашида “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси, Адлия вазирлиги вакиллари, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

 

Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ҳамда Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Хусусан, сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (номзодлар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланяпти.

 

Шунингдек, Сайлов кодексига сайлов комиссияларининг вертикал тизимини назарда тутувчи қоидалар, яъни “Марказий сайлов комиссияси — ҳудудий сайлов комиссияси — туман ва шаҳар сайлов комиссияси — округ сайлов комиссияси — участка сайлов комиссияси” тузилмаси таклиф этилмоқда. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнига ҳудудий сайлов комиссиялари тузилиши назарда тутиляпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузиш тартибидан воз кечиш ҳамда уларнинг вазифаларини ҳудудий сайлов комиссияларига юклаш таклиф этилмоқда.

— Сайлов комиссияларининг профессионал тарзда иш олиб боришини таъминлаш мақсадида ҳудудий сайлов комиссияларининг уч нафаргача бўлган аъзосининг доимий фаолият юритиши белгиланмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов. — Худди шундай, Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари сони 7 нафардан 9 нафарга оширилмоқда ҳамда жамоатчилик асосида аъзолари фаолияти тугатилмоқда. Яъни, Марказий сайлов комиссиясининг барча 9 нафар аъзолари доимий асосда ишлаши таклиф этиляпти.

 

Давра суҳбатида қайд этилганидек, сайлов комиссияси аъзоларининг ижтимоий кафолати кучайтирилмоқда. Хусусан, сайлов комиссиясининг ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган аъзолари сайлов даврида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилиши ёки уларнинг розилигисиз бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмаслиги ўрнатилмоқда.

 

Қонун лойиҳаси билан бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Яъни мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (регулатион.гов.уз) ҳамда Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига (парлиамент.гов.уз) жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган. Таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилиш 10 октябрдан - 24 октябрга қадар давом этади.

 

Давра суҳбатида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур