Сайт тест режимида ишламоқда

“Е-saylov” ахборот тизимида ишлаш тартибига доир ўқув-амалиёт машғулотлари ташкил этилди

19.07.2024

906

msk_yangiliklari_in

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг тегишли банди ижросини таъминлаш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “E-saylov” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, тест режимида ишга туширилди.

 

Мазкур ахборот тизими сайловларни самарали ташкил қилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали сайлов жараёни иштирокчилари томонидан сайлов комиссияларига ҳужжатларни тақдим этиш, сайлов комиссияларининг қарорларини қабул қилиш, шунингдек сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни электрон шаклда амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

 

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан “E-saylov” ахборот тизимининг регламенти лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра барча даражадаги сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳар Кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари, халқаро ва хорижий кузатувчилар, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги “Е-saylov” ахборот тизимидан фойдаланувчилар ҳисобланади.

 

Фойдаланувчиларининг “Е-saylov” ахборот тизимида самарали фойдаланиши бўйича назарий билимларини шакллантириш ва тизимда ишлаш тартиби бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида, Марказий сайлов комиссияси ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида икки кунлик ўқув-амалий машғулотлар ўтказилди.

 

 

Ушбу ўқув-амалий машғулотларнинг дастлабки республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари раисининг ўринбосарлари ва котиблари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг котибияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул ходимлари, Рақамли технологиялар вазирлигининг мутахассислари, сиёсий партиялар марказий кенгашларининг аппарат ходимлари қатнашди.

 

Тингловчилар тизим фойдаланувчиси сифатида Сайлов кодексида белгиланган тартибда ўзлари бевосита амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатларни, жумладан ахборот тизимида мурожаат, сўровномани яратиш, юбориш, кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш каби ҳаракатларни бевосита бажариш орқали амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга эришдилар.   

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур