Сайт тест режимида ишламоқда

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

12.04.2023

2953

msk_yangiliklari_in

Бугун, 12 апрель куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибидан айрим референдум участкаларида овоз бериш жараёнини видео-трансляция қилиш ҳамда баъзи референдум участкаларида синов тариқасида овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш қурилмаларидан фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳамда ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш, Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ комиссиялари раисларининг ахборотлари тўғрисидаги масалалар ўрин олди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи участкаларида референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун муддатидан олдин овоз бериш ўтказилиши юзасидан қарор қабул қилинди. Унга кўра, муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 19 апрель куни бошланиб, 2023 йил 26 апрель куни якунланиши белгиланди ва референдум участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар  бўлиб ўтиши қайд этилди.

Ўзбекистон Республикасининг референдумида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСКнинг қарори билан МДҲ кузатувчилари миссиясидан, Белгия, Малайзия, Нидерландия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон каби хорижий мамлакатлардан жами 30 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, МСКга келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 102 нафар, хорижий оммавий ахборот воситаларининг 11 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 496 нафарни ташкил этмоқда.

Кун тартибига мувофиқ, мажлисда давомида референдум ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон, 7-Самарқанд, 13-Қашқадарё округ комиссиялари раисларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ахборотлари тингланди.

Мажлисда кун тартибига киритилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур