Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ ЕХҲТ ДИИҲБ ЭҲТИЁЖЛАРНИ БАҲОЛАШ МИССИЯСИНИНГ 2021 ЙИЛ 19 ИЮЛДАГИ ҲИСОБОТИ БЎЙИЧА БАЁНОТИ

21.03.2023

1849

msk_yangiliklari_in

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) билан бўлган ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (кейинги ўринларда – МСК) учун муҳим аҳамиятга эга.
 

ДИИҲБ миссиялари 1999 йилдан бери мамлакатимизда ўтган барча парламент ва президент сайловларини кузатишда иштирок этиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда сайловларни умум эътироф этилган халқаро сайлов амалиёти ҳамда республиканинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ ўтказилишига хизмат қилмоқда.

 

МСК таклифига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссияси (ЭБМ) мамлакатимиздаги сайловолди ҳолат ва жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа – Президент сайловига тайёргарлик жараёнини ўрганиш учун жорий йилнинг 24-28 май кунлари мамлакатимизга ташриф буюрган эди.

 

Марказий сайлов комиссияси ДИИҲБга ва унинг Эҳтиёжларини баҳолаш миссиясига сайловолди ҳолатнинг, шу жумладан, сайловга тайёргарлик кўришнинг ҳар томонлама таҳлил қилганлиги, шунингдек, бўлажак сайловнинг халқаро кузатувини ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиққанлиги учун ўз миннатдорлигини билдиради.

 

Миссия ўзининг 2021 йил 19 июлдаги Ҳисоботида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ташаббус қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини яқин истиқболда мамлакатни ривожлантириш бўйича энг устувор ҳужжат сифатидаги аҳамиятини алоҳида қайд этган. Ҳисоботда Президент сайлови парламент ва сиёсий партиялар ролини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, гендер тенглигини илгари суриш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга эътибор кучайган шароитда бўлиб ўтиши таъкидланган. “ДИИҲБ ЭБМ учрашган кўпчилик суҳбатдошлар ўзларининг бўлажак сайловдаги иштироки ҳақида сўз юритганда мазкур мезонларга таяндилар ҳамда “ортга қайтмайдиган ва муқаррар тус олган мазкур ислоҳотлар” сайловни миллий ва халқаро ҳуқуқ тамойиллари асосида ўтказишни таъминлайди, деб таъкидладилар”, - дейилади ЭБМ ҳисоботида.

 

Ҳисоботда хотин-қизларнинг мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсий соҳадаги иштирокини кенгайтириш борасида кўрилаётган чораларнинг муҳимлилиги таъкидланган. Сайлов бошқарувидаги гендер мувозанат қонунчилик даражасида белгиланганлиги алоҳида қайд этилган.

 

Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бир қатор жиҳатларига ижобий баҳо берган.

 

Ҳисоботда Ўзбекистон томонидан ЕХҲТ ДИИҲБнинг қатор тавсиялари бажарилгани таъкидланган: “Бўлажак сайлов яқинда қайта кўриб чиқилган ва такомиллаштирилган ҳуқуқий асосларга мувофиқ ўтказилади. Ўзгартишлар эса ДИИҲБнинг аввалги баъзи тавсиялари билан боғлиқдир”.

 

Жумладан:

 

- сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар ўтказиш учун рухсатнома олиш ўрнига хабардор қилиш механизмининг белгиланиши;

 

- ҳақорат ва туҳмат учун жиноий жазонинг либераллаштирилиши (озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бекор қилиниши);

 

- давлат ресурсларидан сайлов мақсадларида ноқонуний фойдаланишга тақиқ жорий этилиши;

 

- сиёсий партиялар томонидан сайлов кампанияси харажатлари бўйича оралиқ ва якуний ҳисоботларнинг тақдим этилиши;

 

- шикоятлар бериш иккиёқлама тизимининг бартараф этилиши ва суднинг сайловга оид низоларни ҳал қилиш бўйича ягона инстанция сифатида белгиланиши.

 

ЭБМ томонидан берилган баҳолардан кўриниб турибдики, ҳар сайлов билан Ўзбекистон сайлов кампанияларини ўтказишда изчиллик билан ривожланишга эришмоқда.

 

ЭБМ ҳисоботида муҳим ижобий ўзгаришлар сифатида қуйидагилар алоҳида қайд этилган:

 

- МСК томонидан барча даражадаги комиссиялар аъзолари учун кенг кўламли “каскад” усулидаги ўқитишнинг йўлга қўйилиши, бошқалар учун овоз бериш билан боғлиқ муаммони ҳал этишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, сайловчиларни сайловнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида хабардор қилиш учун кенг кўламли кампания ўтказишга киришилгани;

 

- имконияти чекланган сайловчиларнинг сайловда иштирок этиши учун қулай шарт-шароит яратиш назарда тутилган махсус чора-тадбирларнинг кўрилгани;

 

- барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолиятига оид, жумладан, бошқалар учун овоз беришнинг олдини олиш ва сайлов куни сайлов тартиб-қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, сайловчилар ва номзодларни рўйхатга олиш, сайлов кампаниясини ўтказиш, уни оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича янгиланган қонунчилик базасининг жорий этилгани.

 

Шундай қилиб, ЭБМ 2021 йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловига Сайловни кузатиш бўйича тўлақонли миссиясини юбориш мақсадга мувофиқ деган хулосага келган.

 

“Экспертларнинг асосий гуруҳидан ташқари, сайлов жараёнини бутун мамлакат бўйлаб кузатиш учун ДИИҲБ ЕХҲТ иштирокчи давлатлари томонидан 28 нафар узоқ муддатли кузатувчиларни, шунингдек, сайлов куни сайлов жараёнларини кузатиш учун 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиларни юборишни сўраши зарур”, - дейилади ЕХҲТ ДИИҲБ ЭБМ Ҳисоботида.

 

ЭБМ ҳисоботида танқидий мулоҳазалар ҳам мавжуд. Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБнинг позициясига эҳтиромини билдирар экан, уларни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилади. Шу билан бирга, сайловларни ўтказиш борасидаги кўп йиллик тажрибага, миллий қонунчилик ва халқаро амалиётга асосланиб, уларнинг айримлари бўйича принципиал позицияси мавжуд эканлигини қайд этади. МСК ЭБМ Ҳисоботининг шу ва бошқа айрим ҳолатлари бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи чоғида биргаликда ишлашни давом эттириш ниятида.

 

Шу билан бирга, ўтказилган ҳар бир сайловлар натижаларига биноан, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги ва амалиётида ЕХҲТ ДИИҲБ Сайловларни кузатиш миссиясининг мақбул тавсиялари сайлов қонунчилигига имплементация қилинаётгани ва шу тариқа миллий ҳуқуқий база ва сайлов амалиёти такомиллаштирилаётганини таъкидлаш лозим.

 

МСК қайд этадики, бўлиб ўтадиган Президент сайловининг ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан тўлақонли форматда кузатилиши сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, қоидабузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, сайлов жараёнини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш орқали миллий сайлов жараёнлари нуфузининг янада ошишига хизмат қилади.

 

Марказий сайлов комиссияси