Сайт тест режимида ишламоқда

Ўзбекистон Республикаси референдумига доир савол-жавоблар

РЕФЕРЕНДУМ НИМА?

 

Референдум – бу қонунларни ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.

 

РЕФЕРЕНДУМДА КИМЛАР ИШТИРОК ЭТАДИ?

 

Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида 18 ёшга тўлган Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақли.

 

РЕФЕРЕНДУМДА КИМЛАР ОВОЗ БЕРАДИ?

 

Рўйхатга овоз берувчи ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва турар жой манзили киритилади. Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати асосида тузилади.

Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон фуқаролари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.

 

РЕФЕРЕНДУМДА ОВОЗ БЕРИШ БЮЛЛЕТЕНИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

 

Референдумда овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масаланинг матни аниқ акс эттирилади ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари кўрсатилади. Овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак.

 

Бюллетенлар давлат тилида, шунингдек референдум ўтказувчи округ комиссиясининг қарорига биноан тегишли референдум округи аҳолисининг кўпчилиги муомала қиладиган тилларда чоп этилади. Овоз бериш бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкин.

 

РЕФЕРЕНДУМНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ:

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

 

референдум ўтказувчи округ комиссиялари

 

референдум ўтказувчи участка комиссиялари томонидан амалга оширилади

 

КОМИССИЯЛАР ТОМОНИДАН ОВОЗ БЕРУВЧИ ФУҚАРОЛАРНИНГ РЎЙХАТИ ҚАНДАЙ ТУЗИЛАДИ?

 

Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон фуқаролари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.

 

Рўйхатга овоз берувчи ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва турар жой манзили киритилади.

 

Ҳар бир фуқаро овоз берувчиларнинг фақат битта рўйхатига киритилиши мумкин.

 

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати асосида тузилади. 

 

Ҳарбий қисмлардаги овоз берувчи ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва бошқа фуқароларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ерда истиқомат қилсалар, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этган маълумотлар асосида тузилади.

 

Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ўзларининг турар жойлари бўйича умумий асосларда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиладилар.

 

Овоз берувчи фуқароларнинг фамилиялари рўйхатларда овоз беришни ташкил этиш учун қулай бўлган тартибда кўрсатилади.

 

РЕФЕРЕНДУМ УЧАСТКАЛАРИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

 

Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади.

 

ҳарбий қисмлар, санаторийлар ва дам олиш  уйларида 

 

касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида

 

олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда 

 

қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида

 

Бу участкалар ўзлари жойлашган ердаги референдум округларига киради.

 

Референдум участкалари референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин 15 кундан кечикмай тузилади. 

 

Референдум участкалари референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг камида 20 ва кўпи билан 3000 нафаридан иборат этиб тузилади.

 

РЕФЕРЕНДУМ НАТИЖАЛАРИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАНАДИ?

 

Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказувчи округ комиссияларининг баёнлари асосида қуйидагиларни аниқлайди:

 

овоз берувчиларнинг умумий сони  

 

овоз бериш бюллетенлари сони           

   

овоз бериш бюллетенларини олган фуқаролар сони 

    

муддатидан олдин овоз берган фуқаролар сони 

      

овоз беришда иштирок этган фуқаролар сони (овоз бериш қутиларидаги бюллетенлар сонига мувофиқ)    

 

фойдаланилмаган ва бузиб қўйилиб, бекор қилинган овоз бериш бюллетенларининг умумий сони    

 

референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сони  

 

референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сони

 

ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенлари сони

 

РЕФЕРЕНДУМДА МУДДАТИДАН ОЛДИН ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

 

Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. 

 

Муддатидан олдин овоз бериш референдумга 10 кун қолганида бошланади ва референдумга 3 кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва фуқароларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади. 

 

Овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан референдумда овоз бериш бюллетенини олади. 

 

Овоз берувчи референдумда овоз бериш бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида 2 нафар аъзоси ҳозирлигида овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди. 

 

Референдумда овоз бериш бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи томонидан тўлдирилади. 

 

Овоз берувчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган референдумда овоз бериш бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг 2 нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

 

РЕФЕРЕНДУМДА ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

 

Овоз бериш референдум куни соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида 10 кун қолганда фуқароларни хабардор қилади.

 

Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. 

 

Овоз бериш биносига келгач, фуқаро участка комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга овоз бериш бюллетени берилади.

 

фуқаро ўзи овоз бераётган вариант рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга “    ➕   ” ёки “    ✔️    ” ёхуд “   ❌   ” белгисини қўяди.

 

Бюллетенни тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. 

 

Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи фуқаро ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан участка комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.

 

Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.

 

Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган тақдирда, уларнинг илтимосига кўра референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ана шу фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этади.

 

Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.