Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ РАИСИ ЗАЙНИДДИН НИЗАМХОДЖАЕВНИНГ БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

30.04.2023

2626

msk_yangiliklari_in

Ҳурматли брифинг иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар! 

 

Бугун - 30 апрель, якшанба куни,  соат 08.00 да Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ислоҳ қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми бошланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига мувофиқ, референдум куни 2023 йил 30 апрель деб белгиланди ва овоз бериш бюллетенига битта савол: “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб ёзилди.

 

Бугун эрталаб соат 8:00да мамлакатимизда ташкил этилган референдум ўтказувчи 10 минг 703 участка референдумда овоз берувчи фуқароларга ўз эшикларини очди.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 39та хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган 55 та референдум ўтказувчи участкалари, жумладан, Шарқ мамлакатларида ташкил этилган референдум участкалари иш бошлади.

 

Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси билан референдум ўтказувчи барча округлар ва участкалар ўртасида доимий алоқа ўрнатилган.

 

Референдумда овоз бериш биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган референдум участкаларида бошланди.

 

Сайловчилар ягона электрон рўйхатига 19 миллион 722 минг 809 нафар овоз берувчи фуқаро киритилди.

 

Хорижий давлатларда тузилган 55 та референдум участкасидаги овоз берувчилар рўйхатига жами 307 минг 895 нафар фуқаро киритилди.

 

Ўзбекистон фуқаролари жорий йилнинг 19 апрель-26 апрель кунлари бўлиб ўтган референдумда муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқдан биринчи марта фойдаландилар.

 

611 320 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берди. Аввалги референдумлар даврида қонунчиликда бундай имкониятлар назарда тутилмаган эди.

 

Ҳурматли брифинг иштирокчилари!

 

Жорий йилги референдумда овоз бериш жараёнини Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача референдум участкасида ўрнатилган видеокамералар орқали амалга оширилаётган видео-трансляциядан реал вақт режимида (онлайн) кузатиб бориш имконияти яратилди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларда, saylov.uz расмий веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ва бошқа телеканаллар орқали ҳам овоз бериш жараёнини узлуксиз кузатиш мумкин.

 

Айни пайтда, референдум ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ комиссиясининг тавсиясига биноан, пойтахтимиз туманларида жойлашган элликта референдум участкасида овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилди.

 

Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, референдум халқаро меъёрлар ва стандартларга мос миллий референдум қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик каби демократик принципларга тўла мос ҳолда ўтмоқда.

 

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”га қонунга биноан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди.

 

Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган тақдирда, уларнинг илтимосига кўра, референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ўша фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этиши мумкин.

 

Референдумни жами 383 нафар халқаро кузатувчи, жумладан 14та  нуфузли халқаро ташкилотдан 184 нафар, 45та давлатдан 199 нафар халқаро кузатувчилар бевосита кузатиб бормоқда.

 

Бундан ташқари, сиёсий партиялар ва  фуқароларнинг ўзини ўзи бошқари органларидан жами 44 мингдан ортиқ маҳаллий кузатувчи  бевосита кузатувда иштирок этмоқда.

 

Референдумни аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситаларининг жами 964 нафар вакили, жумладан, 127 та хорижий оммавий ахборот воситасидан 192 нафар вакил бевосита кузатиб ва ёритиб бормоқда.

 

Ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссиясига референдумда овоз бериш жараёни давомида референдумга доир қонунчилик бузилгани ҳақида маълумотлар келиб тушмади.

 

Агарда референдумда овоз берувчи фуқаролар, кузатувчилар ёки оммавий ахборот воситалари вакиллари референдум қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлагудек бўлсалар, улар суд, прокуратура органлари ёки референдум комиссияларига мурожаат қилишлари мумкин.

 

Бунинг учун барча референдум участкаларида маъмурий судлар ва прокуратура органларининг телефон рақамлари ҳақида маълумотлар мавжуд.

 

Матбуот марказининг мажлислар залидаги таблода соат 11.00 ҳолатига референдумда қатнашганлар сони тўғрисидаги дастлабки маълумотларни эълон қилиш режалаштирилган.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур