Сайт тест режимида ишламоқда

НОГИРОНЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ТЎҒРИСИДА КОНВЕНЦИЯ

 

(Бош Ассамблеянинг 2006 йил 13 декабрдаги 61/106 резолюцияси билан қабул қилинган)

 

6-модда

 

1. Иштирок этувчи давлатлар ногирон аёллар ва ногирон қизлар жуда кўп камситилишини тан олади ва шу муносабат билан улар томонидан барча инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тўла ва тенг амалга оширилишини таъминлаш учун чоралар кўради.

 

2. Иштирок этувчи давлатлар аёлларга ушбу Конвенцияда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини амалга оширишни кафолатлаш учун аёлларнинг аҳволини яхшилаш, ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради.

 

29-модда

 

Иштирок этувчи давлатлар ногиронларнинг сиёсий ҳуқуқларини ва улардан бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлайди ҳамда қуйидаги мажбуриятларни олади:

 

а) ногиронлар бошқалар билан тенг равишда сиёсий ва ижтимоий ҳаётда бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали самарали ва ҳар тарафлама иштирок этишлари, шу жумладан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари ва имкониятларига эга бўлишларини, жумладан, қуйидагилар орқали таъминлаш:

 

i) овоз бериш тартиблари, бинолари ва материаллари англаш ва фойдаланиш учун мос ва осон бўлишини таъминлаш;

 

ii) ногиронларнинг сайловларда ва давлат референдумларида ёпиқ овоз беришда қўрқитилмасдан иштирок этиш ҳамда ўз номзодларини сайловларда, давлат ҳокимиятининг барча даражаларида давлат лавозимларини амалда эгаллашига ва давлат функцияларини бажаришларига кўрсатиш ҳуқуқларини — бунда қўллаш мақбул бўлганда ассистив ва янги технологиялардан фойдаланишларига ёрдам берган ҳолда ҳимоя қилиш;

 

iii) ногиронларнинг сайловчилар сифатида ўз иродаларини эркин билдиришларини кафолатлаш ва шу мақсадда, зарурат бўлганда, уларнинг ўз танлови бўйича бирорта шахс томонидан овоз беришда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосларини қондириш;

 

b) ногиронлар бошқалар билан тенг равишда ва камситилмасдан давлатни бошқаришда самарали ва ҳар тарафлама иштирок этишлари учун зарур шароитни яратишга фаол кўмаклашиш ҳамда уларнинг давлат ишларида иштирок этишларини, шу жумладан қуйидагилар орқали рағбатлантириш:

 

i) фаолияти мамлакатнинг давлат ва сиёсий ҳаёти билан боғлиқ бўлган ноҳукумат ташкилотлари ва бирлашмаларида, шу жумладан сиёсий партиялар фаолиятида ва уларга раҳбарлик қилишда иштирок этиш;

 

ii) ногиронларга ногиронлар ташкилотларини тузиш ҳамда уларга халқаро, миллий, минтақавий ва маҳаллий даражада вакиллик қилиш учун аъзо бўлиш.