Сайт тест режимида ишламоқда

№1375 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифини тасдиқлаш тўғрисида

   Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1375                                                  2024 йил  5 сентябрь

 

  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифини тасдиқлаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 31 ва 32-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Қуйидагилар:

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир бир мандатли сайлов округи бўйича сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи 1-иловага мувофиқ;

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир ягона сайлов округи бўйича сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи 2-иловага мувофиқ;

 

халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи намунаси 3-иловага мувофиқ;

 

халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи намунаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

2. Белгилансинки:

 

бир мандатли сайлов округлари бўйича депутатликка номзодларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми сайлов бюллетенига, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги ҳамда сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тартибида киритилади;

 

ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи, рамзий белгиси сайлов бюллетенига, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги ҳамда ҳудуд бўйича сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларга уларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига мувофиқ кетма-кетликда киритилади;

 

тегишли сайлов комиссияларига тақдим этилган маълумотларга мувофиқ сайлов округи (ҳудуд) бўйича сайловчилар сонини, шу жумладан тегишли ҳудуд аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда сайлов бюллетенларини тайёрлаш бўйича эҳтиёжни инобатга олган ҳолда чоп этилади;

 

чоп этиш жараёнида яроқсиз деб топилган ва ортиқча чоп этилган сайлов бюллетенлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, шу жумладан тегишинча ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг масъул ходими ва сайлов бюллетенини чоп этувчи корхонанинг камида икки нафар вакиллари иштирокида дарҳол ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинади ҳамда бу ҳақда далолатнома тузилиб, имзоланади.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

 

2024 йил 21 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасалари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этсин;

 

2024 йил 13 октябрга қадар тегишли сайлов бюллетенлари Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасалари ҳузуридаги участка сайлов комиссияларига етказиб берилишини таъминласин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти (А. Рўзиев) чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенлари Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларига белгиланган тартибда етказиб берилишини таъминласин.

 

5. Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссиялари:

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан етказиб берилган сайлов бюллетенлари ўрнатилган тартибда қабул қилиб олинишини, сифатли ҳолда сақланишини ва қўриқланишини ҳамда ўз вақтида туман, шаҳар сайлов комиссияларига етказиб берилишини;

 

сайлов бюллетенларини участка сайлов комиссиялари томонидан 2024 йил 13 октябргача сайлов участкасидаги сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдорида, 2024 йил 23 октябргача 90,5 фоизи миқдорида тегишли тилларда тақсимланган ҳолда туман, шаҳар сайлов комиссияларидан олишларини таъминласинлар.

 

Бунда, участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг умумий сони сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчилар сонидан ярим фоизга ортиқ бўлиши (100,5 фоиз), бироқ ундан кўп бўлмаслиги инобатга олинсин.

 

6. Ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссиялари тегишли халқ депутатлари Кенгаши сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матнини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган тегишли намунага мувофиқ тасдиқласин ва чоп этсин.

 

Сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун тайёрланадиган трафаретларга мос келишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матнини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган тегишли намуналарни инобатга олган ҳолда тасдиқлаш ва чоп этиш тавсия этилсин.

 

7. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                             З. Низамходжаев

 

1 ИЛОВА 

2 ИЛОВА

3 ИЛОВА 

4 ИЛОВА