Сайт тест режимида ишламоқда

№1355 Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1355                                                  2024 йил  26 июль

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8, 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайловида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, шунингдек сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситаларида (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) ёритиб бориш, сайлов жараёни барча иштирокчиларига, кенг жамоатчиликка, миллий ва хорижий ОАВ вакилларига тезкор, холис ва тўлиқ ахборот бериш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази (бундан буён матнда Матбуот маркази деб юритилади) ташкил этилсин.

 

2. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари ҳузурида Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмалари сифатида ҳудудий матбуот марказлари ташкил этилади ва уларга умумий раҳбарлик қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Матбуот маркази томонидан амалга оширилади.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази тўғрисидаги низом 1-иловага, Матбуот марказининг ташкилий тузилмаси 2-иловага ҳамда Ҳудудий матбуот марказининг ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

4. Матбуот маркази Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 1-уйда (Маърифат маркази, Симпозиумлар саройи биноси) жойлаштирилсин.

 

5. Матбуот маркази:

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайлови жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ брифинглар, матбуот анжуманларини тайёрлаш ва ўтказиш, журналистларга ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот бериб бориш ва маълумотларни етказиш ишларини ташкил этсин;

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловига оид ахборот материалларини сайловчиларга, сиёсий партияларга, номзодларга, кузатувчиларга ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа манбаларда юритилишини таъминласин.

 

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

 

Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур бино ва хоналар ажратилишини ҳамда уларнинг зарур техника воситалари (компьютер, принтер, сканер, нусха кўчириш аппарати, телефон аппарати, проектор, LED-монитор, синхрон таржима учун қурилмалар ва бошқа воситалар) билан жиҳозланишини, шунингдек уларни телекоммуникация тармоқларига (телефон ва юқори тезликдаги узлуксиз Интернет) уланишини таъминласин;

 

Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларига автотранспорт, шунингдек баннерлар, электрон реклама стендлари, билбордлар ва бошқа зарур жиҳозлар ажратилиши бўйича зарур чоралар кўрсин;

 

Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмалари тўрт нафардан малакали мутахассис жалб қилиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

 

7. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси А. Ибодуллаев, Котибият бош бухгалтери Ш. Умаров ҳамда Матбуот хизмати раҳбари М. Алимбаев билан биргаликда Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларига жалб этилган мутахассислар билан белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар расмийлаштирилишини ва шу асосда тегишли тўловлар амалга оширилишини таъминласин.

 

8. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                             З. Низамходжаев

 

ИЛОВА