Сайт тест режимида ишламоқда

№1346 Аҳолига сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1346                                                   2024 йил  2 июль

  

 

Аҳолига сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш, сайловчиларнинг сайлов қонунчилигига оид саводхонлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 18 декабрдаги ЎРҚ–883-сон Конституциявий Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловлар мажоритар ҳамда пропорционал сайлов тизимлари асосида ўтказилиши;

 

“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида давлат органларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, нодавлат нотижорат ташкилотларини, оммавий ахборот воситаларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этган ҳолда жамиятда ҳуқуқий тарғиботни ташкил этиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

 

2. Адлия вазирлиги:

аҳолининг кенг қатламлари, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат жамоалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўртасида уларнинг сайлов қонунчилигига оид саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказишга масъул этиб белгилансин;

 

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин;

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда видеоролик, флаер, инфографика ва бошқа турдаги тарғибот материаллари тайёрланиши ва тарқатилишини, шунингдек тарғибот тадбирларининг барча илғор шаклларидан фойдаланган ҳолда ўтказилишини таъминласин;

 

ушбу қарорнинг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳар ойнинг 5-санасига қадар Марказий сайлов комиссиясига ахборот киритиб борсин.

 

3. Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда унинг қуйидаги жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилсин:

 

сайлов комиссияларининг янги ваколатлари ва вазифаларига;

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловининг мажоритар ва пропорционал тизимларининг ўзига хос жиҳатларига;

 

маҳаллий Кенгашлар депутатларини сайлаш тартибига ва уларнинг вазифаларига;

 

сайловчилар рўйхати тушунчаси, сайловчилар рўйхатига киритилмаган сайловчиларни рўйхатга киритиш тартиби, сайловчиларга ўз сайлов участкасини аниқлаш бўйича яратилган имкониятларга;

 

хорижда овоз бериш ҳуқуқининг ўзига хос хусусиятларига;

 

сайлов куни овоз бериш тартиби ва унинг аҳамиятига;

 

овоз беришда учрайдиган қонунбузилишлар ва уларга йўл қўймасликни тушунтиришга;

 

мажоритар ва пропорционал тизимлар бўйича овозларни санаш, сайлов натижаларини аниқлаш тартиби ҳамда мазкур жараёнларнинг ўзига хос хусусиятига.

 

4. Бош прокуратура Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан биргаликда сайлов жараёнларида қонунийликни таъминлаш ва сайловга оид ҳуқуқбузарликларни олдини олиш масалаларига бағишланган тадбирларни ўтказсин.

 

5. Сиёсий партияларга аҳоли билан учрашувлар ўтказишда:

 

миллий сайлов қонунчилигининг ўзига хос хусусиятларини кенг тарғиб этиш. Бунда, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган сайловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ёритиб беришга алоҳида эътибор қаратиш;

 

ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг алоҳида эҳтиёжларини (имо-ишора тили, субтитр ёзуви ва бошқаларни) инобатга олган ҳолда оммавий ахборот воситалари, интернет ва мобиль алоқа имкониятларидан фойдаланиш тавсия этилсин.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари Адлия вазирлиги ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этиладиган тарғибот тадбирларини кенг ёритиб боришда кўмаклашиб борсин.

 

7. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                                   З. Низамходжаев