Сайт тест режимида ишламоқда

№1331 Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1331                                                   2024 йил  27 май

 

 

Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақида

 

 

Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш, сайлов жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сайлов комиссиялари фаолиятини тўғри ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

2. Қуйидагилар:

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (кейинги ўринларда – Марказий сайлов комиссияси) томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ва амалий кўникмаларини юксалтиришга қаратилган ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – республика ишчи гуруҳи) 2-иловага мувофиқ тузилсин;

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги мутахассисларидан иборат юқори малакали экспертлар (кейинги ўринларда – юқори малакали экспертлар) таркиби шакллантирилганлиги қайд этиб ўтилсин.

 

3. Марказий сайлов комиссиясининг Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори Ш.Хасанов юқори малакали экспертлар билан биргаликда:

 

сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув-амалиёт машғулотларининг дастурлари ва ўқув-услубий материалларини (маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот материаллари, инфографика, видео-дарс ва бошқалар) ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида ишлаб чиқсин ҳамда нашр этишга тайёрласин;

 

Концепциянинг амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан республика ва ҳудудларда ўқув-амалиёт машғулотларнинг тасдиқланган дастур ҳамда режа-жадваллар асосида, юқори савияда ташкил этилиши ва ўтказилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

 

4. Марказий сайлов комиссияси аъзолари А. Ибодуллаев, Х.Палуаниязов Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг бош бухгалтери Ш. Умаров ҳамда Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори Ш.Хасанов билан биргаликда:

 

Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига кўмаклашиш учун жалб қилинган юқори малакали экспертлар, республика ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек ҳудудий тренерлар учун ўқув-амалиёт машғулотларини ўтказиш, уларга услубий ва амалий кўмак бериш ҳамда таълим сифатини мониторинг қилишни ташкил этиш мақсадида етакчи олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчиларидан иборат таркибда шакллантирилган республика тренерлари (кейинги ўринларда – республика тренерлари) билан белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузилишини;

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котибларини ўқитиш учун олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлардан шакллантирилган ҳудудий тренерлар (кейинги ўринларда – ҳудудий тренерлар) билан Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари ўртасида белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузилишини;

 

юқори малакали экспертлар, республика ишчи гуруҳи аъзолари ва республика тренерларига фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада белгиланган тўловлар, шу жумладан республика тренерларининг ҳудудларда ташкил этиладиган ўқув-амалиёт машғулотларида иштирокини таъминлаш учун хизмат сафари харажатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан, ҳудудий тренерларга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада белгиланган тўловлар эса худудий сайлов комиссиялари томонидан ўз вақтида тўланишини таъминласин.

 

5. Марказий сайлов комиссияси Котибияти Моддий-техника таъминоти бўлими (Ж. Фахрутдинов) Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори Ш.Хасанов буюртмасига асосан ўқув-амалиёт машғулотлари иштирокчилари учун тегишли тарқатма материалларни (ўқув-услубий қўлланма, видео-дарс ва бошқалар) белгиланган миқдорда чоп этилиши (тайёрланиши) ва ўрнатилган тартибда ҳудудларга етказиб берилишини таъминласин.

 

6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари республика ишчи гуруҳи билан келишилган ҳолда 2024 йил 1 июлга қадар:

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3-иловага мувофиқ таркибда ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – ҳудудий ишчи гуруҳлар) тузсин ҳамда уларнинг республика ишчи гуруҳи билан узвий ҳамкорлигини таъминласин;

 

ҳар бир туман ва шаҳарда 4-иловага мувофиқ таркибда ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) ишчи гуруҳларини тузсин ҳамда уларнинг ҳудудий ишчи гуруҳлари билан узвий ҳамкорлигини йўлга қўйсин;

 

Концепцияда белгиланган ўқув-амалиёт машғулотларини республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан тасдиқланган режа-жадвалларда белгиланган вақтда ва жойларда уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида уларни тегишли бинолар, хоналар, ўқув машғулотлари учун зарур жиҳозлар билан таъминласин;

 

ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказиладиган жойларнинг ўзида ўқув-амалиёт машғулотлари иштирокчилари бепул овқатланишларини ташкил этсин ҳамда республика тренерлари ва ҳудудий тренерлар ўқув-машғулотларига қатнашишлари учун бепул транспорт билан таъминласин, шунингдек ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказиладиган биноларда хавфсизликни таъминлаш чораларини кўрсин.

 

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати (М. Алимбаев) билан ҳамкорликда участка сайлов комиссияси фаолиятига оид видеороликларни 2024 йил 25 июнга қадар тайёрласин ва республика ишчи гуруҳига етказиб берсин.

 

8. Мазкур қарор Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин ва манфаатдор ташкилотлар эътиборига етказилиши таъминлансин.

 

9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                               З. Низамходжаев