Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1300 2023 йил 20 июнь
Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддаси, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддаси ҳамда Сайлов кодексининг 14, 16 ва 49-моддаларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашни;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайлов округлари ва участкалари ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни амалга оширади.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия:
сайлов округлари ва участкалари ҳудудида, сайлов комиссиялари жойлашган биноларда, шу жумладан овоз бериш биноларида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун масъул ходимларини (кейинги ўринларда – жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим) бириктиради;
жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларини Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган тегишли эслатма билан таъминлайди;
жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларига уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича тушунтиришлар берилишини ҳамда ўқув машғулотлари ўтказилишини ташкил этади.
3. Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар ва ҳудудларнинг қўриқланиши миллий гвардия ва ички ишлар органларининг ҳудудий раҳбарлари томонидан тасдиқланган навбатчилик жадвали асосида амалга оширилади.
4. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар:
сайлов бюллетенлари округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан олинган кундан эътиборан сайлов бюллетенлари ҳамда бошқа ҳужжатлар сақланадиган биноларнинг (хоналар) қўриқланишини таъминлайди;
сайлов бюллетенлари округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссиясига хавфсиз етказиб берилишини таъминлайди;
округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов натижаларига доир ҳужжатлар, шу жумладан овоз бериш якунларига оид баённомаларни тегишли сайлов комиссияларига олиб бориб топширишда уларни кузатиб боради ҳамда хавфсизлигини таъминлайди;
2023 йил 9 июль – сайлов куни ўз хизмат фаолиятини овоз бериш биносига кирмаган ҳолда олиб боради;
сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини, шунингдек сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузмаган ҳолда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.
5. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларга қуйидагилар тақиқланади:
сайловчилар, кузатувчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига таъсир ўтказиш;
сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасига кириш;
бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;
сайловчилардан улар берган овозлари ҳақида суриштириш ёки уларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
сайлов комиссияси фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш.
6. Қонунчиликка мувофиқ:
сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини бузиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ғайриқонуний равишда путур етказиш маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши;
участка сайлов комиссияси раиси овоз бериш биносида тинчлик сақланиши ва тартибга риоя қилинишини таъминлаш, овоз бериш ва уларни санаб чиқишда ғайриқонуний тўсқинликлар вужудга келганида жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимга мурожаат қилиши;
сайлов участкаси ҳудудидаги тартибсизлик, ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар бартараф этилганидан сўнг жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим участка сайлов комиссияси раиси кўрсатмаси асосида овоз бериш биносини тарк этиши ва хизматни давом эттириши шартлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. Участка сайлов комиссиясининг раиси (ёки раис ўринбосари) овоз бериш биносида тартибга риоя этилишини назорат қилади.
8. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари сайлов округлари ҳудудида мазкур қарорга мувофиқ жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларнинг амалга оширилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
9. Мазкур қарор Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев