Сайт тест режимида ишламоқда

№1285 Айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1285                                                   2023 йил  9 июнь

 

 

Айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8, 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Сайлов куни овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача сайлов участкаларида иккитадан видеокамера ва бошқа зарур қурилмалар ўрнатилсин.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда:

 

2023 йил 25 июнга қадар сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш учун муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг тавсиялари асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатга мувофиқ сайлов участкаларида видеокамера ва зарурий қурилмалар ўрнатилиши ва жиҳозланишини таъминласин;

 

2023 йил 28 июнга қадар Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларда, saylov.uz расмий веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ва бошқа телеканалларида сайлов жараёнини реал вақт режимида (онлайн) кузатиш имкониятини яратиш чораларини кўрсин.

 

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан биргаликда 2023 йил 28 июнга қадар:

 

сайлов участкаларини узлуксиз электр манбаи билан таъминлаш чораларини кўрсин;

 

сайлов жараёни реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилинадиган сайлов участкаларида захира электр таъминотини ташкиллаштирсин.

 

4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                              З. Низамходжаев