Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1272 2023 йил 5 июнь
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида
Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 44–48-моддаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини эълон қилиш ва уни ўтказиш бўйича календарь режани тасдиқлаш тўғрисида” 2023 йил 10 майдаги 1247-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2023 йил 7 июндан бошланиши эълон қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун сайловолди ташвиқоти даврида:
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг марказий телерадиоканаллари ҳамда уларда бепул ажратиладиган эфир вақти ва ҳажми 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг маҳаллий телерадиоканаллари ҳамда уларда бепул ажратиладиган эфир вақти ва ҳажми 2-иловага мувофиқ;
“Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” газеталарида бепул ажратиладиган нашр майдони 3 ва 3а-иловаларга мувофиқ;
маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари қуйидаги тартибда амалга оширилсин:
биринчи – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Улугбек Илясович ИНОЯТОВ;
иккинчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Шавкат Миромонович МИРЗИЁЕВ;
учинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Робахон Анваровна МАХМУДОВА;
тўртинчи – Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Абдушукур Худойкулович ХАМЗАЕВ.
4. Оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида:
бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратсин;
янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя қилсин;
бепул ажратилган эфир вақти ва нашр майдони доирасида эфирга узатилаётган ҳамда чоп этилаётган сайловолди ташвиқоти материалларини улар сайловолди ташвиқоти материаллари эканлигини қайд этиб борсин.
5. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 46-моддасига асосан давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида сиёсий партиялар, Президентликка номзодларга ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкинлиги;
оммавий ахборот воситалари томонидан сайловолди ташвиқотини ёритиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги 1068-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати Матбуот маркази ҳамда Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ билан биргаликда сайловолди ташвиқоти мониторингини ташкил этсин ҳамда мониторинг натижаларини ҳар куни Марказий сайлов комиссияси раҳбариятига тақдим этиб борсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш вақтида транспортда кузатиб бориш, сайловолди ташвиқоти тадбирларини ва сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш чораларини кўрсин.
8. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун сиёсий партиялар ва Президентликка номзодларга тенг шароитларда жиҳозланган хоналар бепул тақдим этилишини таъминласин, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда кўмаклашсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари сайловолди ташвиқоти даврида сайлов тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан самарали назоратни амалга оширсин.
10. Ушбу қарор матни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
11. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б.Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев