Сайт тест режимида ишламоқда

№1265 Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1265                                                    2023 йил  24 май

 

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10, 14 ва 16-моддаларига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш ҳақидаги тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 56 та сайлов участкалари иловага мувофиқ тузилсин.

 

2. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилсин.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган участка сайлов комиссияларининг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;

 

чет давлатларда турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги сайлов участкалари тўғрисида, сайловчиларни хориждаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби ва муддатлари тўғрисида, муддатидан олдин овоз бериш кунлари ва сайлов куни тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа йўллар билан (маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда) хабардор қилсин;

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги жараёнлар ҳақида мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилишини таъминласин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир ҳужжатлар ва жиҳозларнинг ўз вақтида етказиб берилишини, шунингдек ушбу ҳужжатлар 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясига олиб келинишини таъминласин.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти зиммасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг сўровига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларини муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид ҳужжатлар, адабиётлар ва жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси юклатилсин.

 

6. Мазкур қарор матни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                             З. Низамходжаев

 

ИЛОВА