Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№ 1213 2023 йил 16 март
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7 ва 8-моддалари ҳамда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг референдумида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, шунингдек референдум жараёнларини оммавий ахборот воситаларида (кейинги ўринларда – ОАВ) ёритиб бориш, референдумнинг барча иштирокчиларига, кенг жамоатчиликка, миллий ва хорижий ОАВ вакилларига тезкор холис ахборот бериш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази (кейинги ўринларда – Матбуот маркази) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи округ комиссиялари ҳузурида Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмалари сифатида ҳудудий матбуот марказлари ташкил этилади ва уларга умумий раҳбарлик қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Матбуот маркази томонидан амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази тўғрисидаги низом ва унинг таркибий тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. Матбуот маркази Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 1-уйда (Маърифат маркази, Симпозиумлар саройи биноси) жойлаштирилсин.
4. Матбуот маркази:
Ўзбекистон Республикасининг референдуми жараёнини ОАВда кенг ёритиш, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ брифинглар, матбуот анжуманларини тайёрлаш ва ўтказиш, журналистларга ва жамоатчиликка референдумга оид масалалар бўйича тезкор ахборот бериб бориш ва маълумотларни етказиш ишларини ташкил этсин;
Ўзбекистон Республикасининг референдумига оид ахборот материалларини овоз берувчиларга, кузатувчиларга ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти, мобил иловалари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа ахборот ресурслари юритилишини таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур бино ва хоналар ажратилишини ҳамда уларнинг зарур техника воситалари (компьютер, принтер, сканер, нусха кўчириш аппарати, телефон аппарати, проектор, LED-монитор, синхрон таржима учун қурилмалар ва бошқа воситалар) билан жиҳозланишини, шунингдек уларни телекоммуникация тармоқларига (телефон ва юқори тезликдаги Интернет) уланишини таъминласин;
Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларига автотранспорт, шунингдек баннерлар, электрон реклама стендлари, билбордлар ва бошқа зарур жиҳозлар ажратилиши бўйича зарур чоралар кўрсин;
Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмаларига 4 нафар мутахассисдан иборат таркибда малакали мутахассисларни жалб қилиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
6. Матбуот марказига мутахассисларни жалб этиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот хизмати раҳбари тақдимномасига асосан Марказий сайлов комиссияси ҳамда мутахассислар ўртасида тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида, Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмаларига мутахассисларни жалб этиш эса, Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот хизмати раҳбари билан келишилган ҳолда референдум ўтказувчи округ комиссияси ҳамда мутахассислар ўртасида тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси А.Ибодуллаев Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг бош бухгалтери Ш.Умаров ҳамда Матбуот хизматининг раҳбари М.Алимбаев билан биргаликда Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларига жалб этилган ходимлар ва экспертлар билан белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар расмийлаштирилишини ва шу асосда иш ҳақи тўловлари амалга оширилишини таъминласин.
8. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б.Кучкаров зиммасига юклатилсин.
Раис З. Низамходжаев