Сайт тест режимида ишламоқда

№ 1212 РЕФЕРЕНДУМ ЎТКАЗУВЧИ КОМИССИЯЛАР АЪЗОЛАРИНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№ 1212                                                    2023 йил  16 март

 

 

Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақида

 

 

Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш, референдум жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, референдум ўтказувчи комиссиялар фаолиятини тўғри ташкил этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Қуйидагилар:

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (кейинги ўринларда –Марказий сайлов комиссияси) томонидан 2022 йил 28 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишув имзоланганлиги;

 

мазкур келишув асосида Давлат бошқарув академиясида тузилган Республика штаби билан ҳамкорликда юқори малакали экспертлар гуруҳи томонидан тегишли ўқув дастур ва ўқув материаллари референдум қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда қайта тайёрланганлиги, шунингдек республика ва ҳудудий штаблар ўз фаолиятини бошлаганлиги;

 

Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 28 июндаги 1173-сон қарори билан тасдиқланган Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясида (кейинги ўринларда – Концепция) белгиланган малака ошириш курсларининг иккинчи босқичини бошлаш муддатлари Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 20 июлдаги 1182-сон қарорига асосан референдумни тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин 20 кун ичида этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

 

2. Республика штаби Концепцияга мувофиқ референдум ўтказувчи участка комиссиялари аъзолигига номзодлар ва тренерлар учун семинар-тренинглар муддатларига аниқлик киритган ҳолда ташкил этилишини таъминласин. Бунда, семинар-тренингларнинг барча босқичлари 2023 йил 10 апрелга қадар якунланишига алоҳида эътибор қаратсин.

 

3. Марказий сайлов комиссиясининг Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази (Х.Палуаниязов) юқори малакали экспертлар билан биргаликда:

 

референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг референдум қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренингларнинг ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида ишлаб чиқилган ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини (маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарс ва бошқалар) нашр этишга тайёрласин;

 

Концепциянинг амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан республика ва ҳудудларда ўқув-амалиёт машғулотларининг тасдиқланган дастур ҳамда режа-жадваллар асосида, юқори савияда ташкил этилиши ва ўтказилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

 

4. Юқори малакали экспертлар, республика тренерлари, ҳудудий тренерлар, шу жумладан Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимидан фойдаланиш кўникмаларини ўргатиш бўйича ҳудудий тренерларга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида бажарилган ишлар учун ҳақ тўлаш миқдорлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси А.Ибодуллаев Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг бош бухгалтери Ш.Умаров ҳамда Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори Х.Палуаниязов билан биргаликда:

 

юқори малакали экспертлар ҳамда ҳудудий тренерлар учун ўқув-амалиёт машғулотларини ўтказиш, уларга услубий ва амалий кўмак бериш ҳамда таълим сифатини мониторинг қилишни ташкил этиш мақсадида етакчи олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчиларидан иборат таркибда шакллантирилган республика тренерлари билан белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузилишини;

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида референдум ўтказувчи участка комиссияларининг раислари, раис ўринбосарлари ва котибларини ўқитиш учун олий таълим ташкилотлари ва бошқа ташкилотлардан шакллантириладиган ҳудудий тренерлар билан референдум ўтказувчи округ комиссиялари ўртасида белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузилишини;

 

юқори малакали экспертлар ва республика тренерларига Марказий сайлов комиссияси томонидан, ҳудудий тренерларга эса референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тегишли шартномада белгиланган миқдордаги тўловлар ўз вақтида тўланишини таъминласин.

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияларида доимий асосда ишловчи котиблар ҳудудий тренерларнинг шартномага мувофиқ амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботларини қабул қилиб, уларни жамлаган ҳолда тўловларни амалга ошириш учун референдум ўтказувчи тегишли округ комиссиясининг ҳисобчисига, маълумот учун Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директорига топширсин.

 

5. Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг Моддий-техника таъминоти бўлими (Ж.Фахрутдинов) Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази (Х.Палуаниязов) буюртмасига асосан ўқув-амалиёт машғулотлар иштирокчилари учун тегишли тарқатма материалларни (ўқув-услубий қўлланма, видео-дарс, видеоролик ва бошқалар) белгиланган миқдорда чоп этилиши (тайёрланиши) ва ўрнатилган тартибда ҳудудларга етказиб берилишини таъминласин.

 

6. Ушбу қарор Марказий сайлов комиссияси расмий веб-сайтида эълон қилинсин ва манфаатдор ташкилотларга етказилиши таъминлансин.

 

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                                З.Низамходжаев

 

ИЛОВА