Сайт тест режимида ишламоқда

ЁШ САЙЛОВЧИЛАР: ЮКСАК ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИКНИНГ АМАЛДАГИ ИФОДАСИ

31.01.2023

2101

msk_yangiliklari_in

Ёш авлод вакилларининг, айниқса, қишлоқ ёшларининг билим олиши, илм-фанга эътиборини кучайтириш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун янада кенг шароит яратиш доимий эътибор талаб қиладиган устувор вазифалардан биридир.

 

Ёшларга оид давлат сиёсатини тизимли ва мунтазам амалга ошириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги, ёшларни илм-фанга кенг жалб қилишга қаратилган Ёшлар академияси тузилди. 830 дан ортиқ ўғил-қизлар манфаатларини ҳимоя қиладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда.

 

Ёшлар билан боғлиқ масалаларни парламентда муҳокама қилиш, парламент аъзоларининг ёшлар масалаларига алоҳида эътиборини кучайтириш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳузурида “Ёшлар парламенти” фаолият олиб бормоқда. Сиёсий платформа бўлиб хизмат қилувчи бу маслаҳат органи ёшларга парламент фаолиятини бевосита кузатиш, қонун ижодкорлиги жараёнига уларни жалб қилиш, ёшлар орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, йигит-қизларни ўйлантираётган муаммоларни ўзлари иштирокида ҳал қилиш, салоҳиятли ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш ва давлат фуқаролик хизматига тайёрлаш, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини шакллантириш ва давлат бошқарувидаги салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлади.

 

Ёшларга қаратилган давлат сиёсатини узлуксиз, самарали ҳамда замон талабларига уйғун тарзда амалга ошириш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, жамият ҳаётининг турли соҳаларида яратилаётган шароитлар, ўз салоҳиятини юзага чиқариши ва ҳаётда ўз ўрнини топишига қаратилган, хусусан, имкон қадар кўп ёшларни олий таълим билан қамраб олиш, иқтидорли ёш мутахассисларнинг нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда билим олиши, ижтимоий муҳофазага муҳтож ёшларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, кадрларни танлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби қатор тадбирлар белгиланган.

 

Ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш ва иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрларини шакллантиришга, уларни илм-фанга кенг жалб қилиш, иқтидорли ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар “Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури”дан ҳам ўрин олди.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар — 2030» стратегиясидан келиб чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишларини белгиловчи Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳам салоҳиятли ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш ва давлат фуқаролик хизматига тайёрлаш, меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшлар жамоат ташкилотлари ва волонтёрлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ўрин олган. Бу тадбирларнинг амалга оширилиши ёш авлодда мустақил равишда қарор қабул қилиш ва ўз масъулияти доирасида жавобгарлик ҳиссини янада орттиради.

 

Фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимини ошириш бўйича тизимли ишларнинг олиб борилиши уларнинг сайловларда фаол иштирок этишига туртки, ўзлари учун муносиб танловни амалга оширишда ёрдам беради. Сайлов институтлари, оммавий ахборот воситалари томонидан шакллантирилиб бориладиган электорал маданият жамият маданиятининг ажралмас бўлаги. Ёшларнинг сиёсий онгини ривожлантириш, сайлов бўйича барқарор билим ва кўникмалар ҳосил қилишга қаратилган тадбирларда ноанъанавий, янги услубларни қўллаш, ёшларни эътиборини жалб қила оладиган шакллардан фойдаланиш, инновацион ёндашувлар асосида олиб бориш юқори самара беради.

 

Шу жиҳатларни инобатга олган Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ўқувчи ва талабаларнинг сайлов саводхонлигини ошириш бўйича тадбирларни ўз ичига олган.

 

Сайлов демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим кўрсаткичи, сиёсий-ҳуқуқий қарорлар қабул қилиш жараёнидир. Сайловда иштирок этиш сайлов ҳуқуқига эга ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш орқали давлат ва жамият ишларида сиёсий масъулиятни намоён қилувчи муҳим воқеадир.

Ёшлар ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни ҳаракатга келтирувчи, ҳаётга янги йўналишларни ва технологияларини киритувчи кучдир. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидаги ёш аҳоли сони кўрсаткичи, ўртача 27,6 ёш, билан олдинги ўринда туради. 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар аҳолининг 60 фоизини, шулардан сайлов ҳуқуқига эгалари 33 фоизга яқинни ташкил этади.

 

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи эътироф этилган. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланган.

 

Ёшларнинг давлат ва жамият ишларига кенг жалб қилинишига хизмат қилувчи асослардан бири 21 ёшга тўлган йигит-қизлар маҳаллий кенгашларга, 25 ёшдан эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиш ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлиши ҳуқуқи берилганидадир. 2019 йил миллий парламентга бўлиб ўтган сайловларда сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига 30 ёшгача бўлган 14 нафар ёш номзод кўрсатилган бўлса, уларнинг 9 нафари ёки 64,2 фоизи депутат этиб сайланди.

 

Ёшларни сайлов комиссиялари таркибида фаолият юритишга жалб этиш ҳам юксак самарали воситалардандир. Буни 2019 йилда Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 144 нафарини (8,9 фоиз) ҳамда участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 20 394 нафарини (18,4 фоиз) 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этганидан ҳам билиш мумкин.

 

Жорий йилда бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибида 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар 9 фоизни, участка сайлов комиссиялари аъзолари эса – 17,3 фоизини ёшлар ташкил этади.

 

Бу — мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитларни яратиш борасида кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги яна бир ифодасидир.

 

Ёшларнинг сайлов институти – сайловларни кузатишдаги фаолияти уларнинг давлат сиёсий ҳаётида иштирок этишининг бир кўринишидир. 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларини кузатиш ҳуқуқига эга. Бундай тажриба сайловга тайёргарлик ишларининг сифати, сайлов комиссиялари ҳаракатларининг кетма-кетлиги, сайлов иштирокчилари ҳуқуқларининг таъминланиши билан шахсан танишиб, келгусида бу соҳани янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашда қўл келади.

 

Юртимизда сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора ўтказилади, яъни ҳар бир овоз инобатга олинади ҳамда ҳар бир сайловчи давлат ҳокимиятининг сайлаш орқали шаклланувчи органларининг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшади.

 

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар сайловчилар рўйхатига киритилади. 18 ёшга тўлган ёшларимиз жинсий, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар сайлаш ҳуқуқига эгадир.

 

Сайлов қонунчилигида овоз бериш куни турли сабабларга кўра яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун овоз бериш тартиби белгиланган.

 

Сайловчи сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаса муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади ва уни махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради.

 

Айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.

 

Шунингдек, дунёнинг турли давлатларида бўлиб турган ватандошлар, шу жумладан ёшларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш ҳам эътибордан четда қолмаган.

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 37 давлатда 54 та участка сайлов комиссияси тузилди.

 

Чет давлатларда яшаб турган ёшларимиз Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан камида ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

 

Бунинг учун Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида электрон шаклда мурожаат қилиш имконини берувчи интерактив хизмати яратилди.

 

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча жараёнлари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг сайловолди платформа ҳамда дастурларида белгиланган долзарб соҳалар ҳақида ўз вақтида бохабар бўлишлари, буларнинг оммавий ахборот воситаларида, шунингдек ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиб бориши ёш сайловчиларга ўзларининг ва Ватан келажаги учун муҳим қарорни қабул қилишига шароит яратади.

 

Бу каби маълумотларни тезкор равишда хабардор қилиш учун www.saylov.uz ; сайти янгиланди, “saylov2021.uz” портали, “saylov2021» мобил иловаси ишга туширилди.

 

Сайлов қонунчилигидан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини судда ҳимоя қилиш тартиби белгиланган, унга кўра сайлов комиссиялари, давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиши мумкин. Суд шикоятни 3 кун ичида, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқади.

 

Эътиборли томони, суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилиши ва дарҳол ижро этилиши белгиланган.

 

Ёшларнинг сайлов жараёнларида нафақат сайловчи, балки номзод ёки сайлов институтлари иштирокчиси сифатида қатнашиши бу соҳани батафсил ўрганиш ва унинг аҳамиятини тушуниш, сиёсий қарашларини шакллантириш ва фикр алмашиш, тажриба орттириш ва уни ўз фаолиятида қўллашга хизмат қилади.

 

Камола АРСЛОНОВА,

Халмухаммед ПАЛУАНИЯЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий

сайлов комиссияси Котибият ходимлари

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур