Сайт тест режимида ишламоқда

ЯНГИ САЙЛОВЛАР: ҚОНУНЧИЛИКДАГИ МУҲИМ ЎЗГАРИШ

27.01.2023

2326

msk_yangiliklari_in

Давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, жамоатчилик назоратини таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади.

 

Давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, жамоатчилик назоратини таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади.

 

Зеро, сўз ва ахборот эркинлиги, ўз фикрини эркин билдириш, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи энг асосий ва умумеътироф этган инсон ҳуқуқларидан ва демократик жамият ривожининг муҳим омилларидандир.

 

Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

 

Амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ сўнгги йилларда, Янги Ўзбекистонда очиқлик ва ошкоралик, сўз ва матбуот, фикр эркинлиги турмуш тарзимизга айланиб бораётганини халқимиз яққол ҳис қилмоқда. Оммавий ахборот воситалари фаолияти кескин юксалиб, уларда соғлом танқидий ва таҳлилий руҳ кучайди. Юртдошларимиз ўз фикрини очиқ-ошкора, ҳадиксиз, дадил айтаётганини халқаро экспертлар, халқаро ташкилотлар ҳам кенг эътироф этмоқда.

 

Жамият ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда, айниқса, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда, оммавий ахборот воситалари – босма ва интернет нашрлар, телевидение ва радио, шунингдек, блогерлар фаолияти муҳим ўрин тутади.

 

Оммавий ахборот воситаларида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш ҳуқуқи мавжуд. Сайлов кодексининг 8, 35-моддаларига асосан оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

 

Албатта, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятида мазкур масалага доим алоҳида эътибор қаратиб келади. Бунга 2019 йили мамлакатимиз Парламенти ва маҳаллий Кенгашларга илк бор Сайлов кодекси асосида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган сайловлар ёрқин мисолдир. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига биноан ташкил этди. Бунда Марказий сайлов комиссияси ҳузурида Халқаро матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этди. Сайлов жараёнларини мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 155 нафар вакили ёритиб борди.

 

Халқаро матбуот марказида юздан ортиқ брифинг ва матбуот анжумани, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, Марказий сайлов комиссиясининг ўндан ортиқ йиғилиши ва сиёсий партиялар ва номзодлар ўртасида ўтказилган 26 теледебат тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

 

2019 йил 20 октябрдан 20 ноябрга қадар мамлакатимиз миқёсида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилиб, тарғибот тадбирлари билан миллионлаб сайловчилар қамраб олинди.

 

Олтмишта сайлов участкасида кузатув камералари ўрнатилиб, улардаги овоз бериш жараёни Халқаро матбуот марказида, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ҳамда “Ўзбекистон24» телеканалида реал вақтда намойиш этилди.

 

Булардан ташқари, Халқаро матбуот маркази билан ҳамкорликда 28 маротаба 150 дақиқалик “Press-coffee” ҳамда етти маротаба 30 дақиқалик «Пресс-брифинг” жонли эфирда намойиш этилди.

 

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва унга аъзо элликдан ортиқ телерадиостанция томонидан “Демократик дебат” ток-шоусининг 26 сони жонли эфирга узатилди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти (elections.uz) модернизация қилиниб, унга ўзбек тилида 3 800 дан ортиқ, рус тилида 2 400 га яқин, инглиз тилида 350 дан ортиқ материаллар жойлаштирилди.

 

Умуман олганда, сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда сайловларга бағишланган 42 мингдан ортиқ, жумладан, 4 мингга яқин танқидий руҳдаги чиқишлар қайд этилди.

 

Сайловолди ташвиқоти даврида барча сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари учун сайловчилар билан учрашувлар, баҳслар, дебатлар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, плакатлар, роликлар, баннерларни жойлаштириш учун тенг имкониятлар яратилганини ҳам қайд этиш ўринли. Умуман олганда, оммавий ахборот воситалари, Интернет саҳифалар ва ижтимоий тармоқларда сиёсий партиялар ва уларнинг номзодларига оид жами 141 952 ташвиқот материали эълон қилинди.

 

Буларнинг барчаси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар қонунчиликда белгиланган муддатларда, эркин, очиқ-ошкора, шаффоф, сайлов соҳасидаги миллий қонунчилик, хусусан, Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилишига хизмат қилди.

 

Ўтган сайловларда орттирилган катта амалий ва ҳуқуқий тажриба, шунингдек миллий ва халқаро кузатувчилар томонидан билдирилган тавсиялар сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

 

Жорий йилнинг 8 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгайтириш, миллий сайлов тизимини такомиллаштириш, сайловларда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлашдек эзгу мақсадларга эришишда муҳим омил бўлади.

 

Сайлов жараёнларини холис ва ошкора ёритиш журналистлардан, аввало, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини пишиқ-пухта билишни, журналист этикасига қатъий риоя қилишни талаб этади. Шу жиҳатдан, 2019 йилги сайловлар олдидан Марказий сайлов комиссияси томонидан бу борада журналистлар ўқуви ташкил этилгани яхши самара берганини таъкидлаш ўринли.

 

Сайловларнинг натижалари ва хулосалари Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган “Сайлов–2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар” ахборотномасида ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилди.

 

Сайлов қонунчилигига киритилган янги ўзгартишларни пухта билиш ҳаммамизнинг бурчимиз. Зеро, қонунни билмасдан, киши, айниқса, журналист, ўз ҳақ-ҳуқуқи, бурчи ва мажбуриятларига амал қилиши мушкул. Ана шундай муҳим ўзгартишларнинг айримларига тўхталиб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди, деб ўйлайман.

 

Янги қонунга биноан Сайлов кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов ўтказиш вақтини ўзгартиришга оид таклиф, айниқса, кўпчиликнинг эътиборини тортганини қайд этиш жоиз.

 

Аслида, сайлов жараёнларининг кўп йиллик бевосита иштирокчиси сифатида оддий сайловчилардан то сайлов ташкилотчиларигача – кўплаб фуқароларнинг сайловларни ўтказишни илиқ кунларга кўчириш борасида билдирган истак ва таклифларини илгари ҳам неча бор эшитганман. Негадир сайловларни йил охирида ўтказиш билан боғлиқ эски анъанани ўзгартириш масаласи ҳозиргача эътибордан четда қолиб келаётган эди.

 

Экспертлар томонидан қайд этилганидек, сайловларнинг қаҳратон қиш — декабрь ойидан кўра, очиқ-сочиқ, илиқ ойда ўтказилиши ҳар томонлама ва ҳамма учун – сайловчилар учун ҳам, сайланувчилар учун ҳам, сайловларни ташкил этувчилар учун ҳам, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш учун ҳам жуда қулай.

 

Сайлов қонунчилигига киритилган бу муҳим янгиликни катта хайрихоҳлик билан кутиб олаётганлар орасида сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллий кузатувчилар, депутатлар ва журналистлар ҳам кўп. Уларнинг фикрича, сайловларнинг айни совуқ қиш мавсумига тўғри келиши фуқароларнинг сайловлардаги фаоллигига, сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровда ўтказишга, айниқса, оммавий тадбирларни ташкил­ этишга салбий таъсир этиб келаётган эди.

 

Қолаверса, сайловлар натижасида конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби даврийлик принципи асосида янгиланиши таъминланади. Барча даражадаги ижроия ҳокимияти қайтадан шакллантирилади. Булардан ташқари, янги йил байрами, йил якунлари ва сарҳисоби, келгуси йил режалари, дастурлари билан боғлиқ ғоят муҳим ва серташвиш жараёнлар бор.

 

Бундай сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар муайян вақт ва меҳнат талаб қилиши табиий. Президентимиз 8 февраль куни имзолаган янги қонун бўйича сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга биноан, энди Президентликка сайлов, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. Таъкидлаганимиздек, бундай сайловлар илгари декабрь ойида ўтказилар эди.

 

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши муносабати билан туман, шаҳар сайлов комиссиялари таркиби 21 нафар аъзогача кенгайтирилди.

 

2019 йили ўтказилган сайловлар жараёнида мазкур йўналишда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш билан боғлиқ қатор вазифалар мавжудлиги маълум бўлди. Сайлов кодексининг 25-моддасида “участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас”, деб қайд этилган. Аммо шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб қоидалари талабларидан келиб чиққанда, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийин.

 

Шуларни эътиборга олиб, янги қонунга биноан, Сайлов кодексининг мазкур моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно”.

 

Таъкидлаш зарурки, 2019 йилги сайлов даврида 38 хорижий давлатдаги Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида 55 сайлов участкаси ташкил этилди. Мамлакатимизнинг хориждаги ваколатхоналарида консуллик ҳисобида бўлган ёки бўлмаганидан қатъи назар, барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилгани ҳам ана шундай муҳим ўзгаришлар сирасидандир. Хорижда 112 411 нафар юртдошимиз ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, овоз берди. Аввалги сайловларда мамлакатимизнинг чет элдаги ваколатхоналарида консуллик рўйхатидан ўтган фуқароларгина овоз бера олган.

 

Сайлов қонунчилигига киритилган янги ўзгартиришларга кўра, сайлов комиссиялари зиммасидаги номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифанинг чиқариб ташланиши, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланишнинг тақиқланиши, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида, сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилишига оид янги нормаларнинг киритилгани сайловларни очиқ-ошкора, шаффоф ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтказишга хизмат қилади.

 

Шунингдек, сиёсий партияларнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш мақсадида, улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилди.

 

Мазкур ўзгартишлардан яхши хабардор бўлиш ва уларнинг амалиётдаги ижросини кузатиб бориш оммавий ахборот воситалари вакилларидан жорий йилда кутилаётган Президентлик сайловининг ҳам умумеътироф этилган халқаро сайлов принциплари асосида ўтишида муҳим омил бўлиши, шубҳасиз. Бу муҳим сиёсий кампания Янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади, деб билдирилган ишончни оқлаш барчамиздан фаол ҳаракатни талаб қилади.

 

Ҳасан АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

матбуот хизмати раҳбари,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.

 

Манба: “Ҳуррият” газетаси, 2021 йил 3 март. 9-сон.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур