Сайт тест режимида ишламоқда

ВAКОЛAТЛИ ВAКИЛ: ЖAМОAТ НAЗОРAТИНИНГ МУҲИМ БЎҒИНИ

25.01.2023

1968

msk_yangiliklari_in

Сиёсий партиялар сайловда иштирок этар экан, ўз мақсадлари ва ғоялари асосида ишлаб чиқилган сайловолди дастурига биноан депутатликка номзодлар кўрсатади ва уларнинг сайланиши учун кенг қамровли ташвиқот ишларини олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомда бу жараён батафсил белгилаб қўйилди.

 

Сиёсий партиялар сайловда иштирок этар экан, ўз мақсадлари ва ғоялари асосида ишлаб чиқилган сайловолди дастурига биноан депутатликка номзодлар кўрсатади ва уларнинг сайланиши учун кенг қамровли ташвиқот ишларини олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомда бу жараён батафсил белгилаб қўйилди.

 

Сайлов жараёнида тегишли сайлов комиссиялари билан муносабатларга киришиш ва бўлаётган жараёнларни бевосита жойида кузатиш ва жамоат назоратини ўрнатиш мақсадида, сиёсий партиялар томонидан ваколатли вакилларнинг тайинланиши сайлов жараёнларида муҳим ўрин тутади.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасига мувофиқ сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

 

Сиёсий партия томонидан ваколатли вакил тайинлаш масаласи икки босқичда амалга оширилишини кўриш мумкин. Биринчи босқичда сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини белгиланган қоидалар асосида амалга ошириш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан муносабатларни олиб бориш учун ваколатли вакил тайинланади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

 

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакилликка номзоднинг тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда гувоҳнома беради.

 

Иккинчи босқич бевосита ҳудудий партия органларидан тайинланадиган ваколатли вакил фаолияти билан боғлиқ. Бундай ваколатли вакил сайлов участкасида иш олиб боради.

 

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.

 

Сиёсий партия ҳудудий органининг раҳбари сайловга камида ўн беш кун қолганида ариза билан тегишли сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда) тақдим этади.

 

Бунда ариза:

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;

маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сайлови ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари депутатлигига сайлови бир вақтда ўтказилганида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этилади.

 

Тегишли сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхати келиб тушган вақтдан бошлаб, беш кун ичида ваколатли вакилларни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда гувоҳнома беради.

 

Шу билан бирга, айрим ҳолларда ваколатли вакилга гувоҳнома бериш рад этилиши мумкин. Жумладан, ваколатли вакилликка номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса, сайловга ўн беш кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса, тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса, тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса, гувоҳнома бериш рад этилиши мумкин.

 

Сиёсий партия сайловга қадар истаган вақтда тегишли сайлов комиссиясини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ваколатли вакилни ваколатидан маҳрум қилиши мумкин.

 

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сайлов комиссиясининг мажлисларида, сайлов комиссияларига ҳужжатларни, шу жумладан тўпланган имзо варақаларини топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга, участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш, шу жумладан участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

 

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиши мумкин эмас.

 

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг гувоҳномасини ўз ёнида олиб юриши шарт.

 

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда шу сайлов комиссиясига ёки юқори сайлов комиссиясига ёхуд судга шикоят қилиши мумкин. Сиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.

 

Мазкур институтнинг сайлов кампанияси даврида фаол иш олиб бориши сайловларнинг ошкоралиги, адолатлилиги ва қонунийлигини таъминлашга ҳамда сайлов комиссиялари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

 

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси аъзоси.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур