Сайт тест режимида ишламоқда

УСТУВОР ВAЗИФAЛAРНИНГ AМAЛИЙ ИФОДAСИ

26.01.2023

1780

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ билан суҳбат.

Ўзбекистонда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” бошланди

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист

Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ билан суҳбат.

 

Демократия руҳи

 

— Мирзо Улуғбек Элчиевич, Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ташкил этишга доир қарор қабул қилинди. Журналистлар ушбу ҳужжат сайловларга тайёргарликнинг янги босқичини бошлаб берганини таъкидлашмоқда. Аввало, шу ҳақда суҳбатлашсак.

 

- Моҳиятан олганда, давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлигига сайловлар — бир кунда ўтадиган сиёсий тадбир. Лекин одатда унга ойлаб, ҳатто йиллаб тайёргарлик кўрилади. Чунки сайловлар яқин ва олис истиқбол учун белгилаб бериладиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Жорий йилнинг 22 декабрьь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлигига сайловларга тайёргарлик ишлари давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бундан икки йил аввал бошланган эди.

 

Президентимиз томонидан имзоланган ва 2019 йилнинг 25 июнидан амалиётга жорий этилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси миллий сайлов қонунчилигимиз тарихида улкан воқеа бўлди.

 

Жорий йилги сайловлардаги энг муҳим янгилик, шубҳасиз, сайловларнинг илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилиши билан боғлиқ.

 

Кодексдан сайловларни умумеътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар жой олиб, илгари амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланди.

 

Сайлов қонунчилиги мамлакатимизнинг кўп йиллик миллий сайлов тажрибаси, шунингдек, умумеътироф этилган халқаро сайлов стандартлари ва тараққий этган хорижий давлатларнинг илғор тажрибасига мувофиқ ривожланмоқда. Бу борада эришилган муваффақиятларимизни нафақат миллий экспертлар, балки халқаро мутахассислар ҳам кенг эътироф этмоқда.

 

Гапни сайловларга тайёргарликдан бошлаганимнинг боиси шундаки, “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ўтказишга оид қарор миллий сайлов қонунчилигимиздаги ана шундай муҳим ўзгаришларни, аввало сайлов ташкилотчиларига ўргатиш, жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш борасида Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилаётган изчил ишларнинг узвий давомидир.

 

Таъкидлаш ўринлики, Марказий сайлов комиссиясининг мазкур қарори мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Энди унинг ижросини таъминлашга ҳам бошқа яна кўплаб ҳамкорларимиз билан биргаликда киришдик.

 

Маърузабозлик ўтмишда қолди

 

— Сир эмаски, жойлардаги баъзи сайлов комиссиялари аъзолари малакасининг пастлиги ҳақли эътирозларига ҳам сабаб бўлади. Мамлакатимизнинг бош сайлов органи томонидан бундай муаммоларни ҳал этиш юзасидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

 

- Айни эътирозларни рад этмаган ҳолда, бир гапни алоҳида таъкидлашни истардим: Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги миллий ҳуқуқий тизимдаги энг самарали ва изчил ривожланаётган йўналишлардан биридир. Уни ўқиш-ўрганиш — давомли жараён.

 

Марказий сайлов комиссиясининг муҳим вазифаларидан бири — Сайлов кодексининг 14-моддасида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида мазкур қонуннинг ижросини назорат қилиш, унинг бир хил тарзда қўлланиши, сайлов комиссиялари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширишдан иборат.

 

Бундай улуғвор мақсадга аввало, сайлов ташкилотчиларини тизимли ўқитиш, ўргатиш ва уларнинг кўникмаларини ошириш, сайлов қонунчилигини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали эришиш мумкин.

 

Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури қабул қилинди. Дастурда белгиланган кенг кўламли вазифаларнинг ижросига эса ҳар қачонгидан эрта — июньь ойиданоқ киришилди.

 

Барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга оид билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар одатдагидан уч ой аввал — 3 августдан бошланди.

 

Илгарилари бундай тадбирлар сайлов кампанияси эълон қилинганидан сўнг – кеч кузда бошланар, машғулотлар кўпинча бутун туман ёки вилоятдаги барча даражадаги сайлов комиссиялари раҳбарларию, аъзолари – 300-400 киши — бир маҳобатли залга йиғилиб, уларга икки-уч соат узундан-узун ва зерикарли маърузалар ўқишдангина иборат бўларди. Сабаби — вақт тиғиз, молиявий имкониятлар малакали мутахассислару экспертларни ўқитиш жараёнига кенг жалб этиш имконини бермасди.

 

Давлатимиз раҳбари томонидан энди стратегик мақсадларимиз аниқ ва равшан белгилаб берилди. Яъни демократик, инсонпарвар давлат қуриш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини янада юксалтириш, пировардида, халқимизни ҳаётдан рози қилиш, унинг янада фаровон яшаши учун барча шарт-шароитни яратишдан иборат.

 

Мустақил мамлакатимиз ўз тараққиётининг навбатдаги юксалиш босқичи сари дадил қадам қўйди. Эндиги сайловлар ҳам ана шу давр руҳида, тартиб-тамойиллар асосида ўтказилиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда.

 

Шу боис Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Миллий университет, Тошкент давлат юридик университети, бошқа етакчи олий таълим ўқув юртлари, Адлия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ва соҳанинг бошқа таълим, илмий, амалий, тадқиқот муассасалари олимлари, экспертлари ва амалиётчилари билан ҳамкорликда семинар-тренинглар дастурлари ишлаб чиқилди.

 

Бунда анъанавий маърузабозликдан воз кечилиб, асосий эътибор амалий кўникмаларни оширишга қаратилмоқда. Машғулотларда интерфаол усуллар устуворлик касб этиб, замонавий педагогик, ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, аудиториядаги тингловчиларнинг сонини эса 20 нафардан оширмаслик белгилаб қўйилди.

 

Кўлами — кенг, самараси — юксак

 

- Бундай шароит ҳамма жойда бир хил яратилганми ё фақат йирик шаҳарлардами?

 

- Семинар-тренинглар қаерда – пойтахт Тошкентда ташкил этиладими ёки бориш қийин бўлган узоқ тумандами, қатъи назар, машғулотлар сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича малакали экспертлар, олимлар ва тажрибали амалиётчилар томонидан ўтказилмоқда. Ўқув якунлангач, семинар-тренинглар тингловчиларига Марказий сайлов комиссиясининг махсус сертификати берилмоқдаки, бундай ҳужжат сайлов фаолларининг истиқболдаги фаолиятида ҳам қўл келиши, шубҳасиз.

 

Ўқитишнинг юқоридан қуйига қараб кенгайиб, такомиллашиб борадиган кўп босқичли бундай усули ўз самараларини бермоқда. Якунига етган икки босқичда сайлов комиссияларининг 51 мингга яқин раис, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар уч кунлик курсларда ўқитилди. Шу кунларда семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичи давом этмоқда. Ўқишларга 30 мингдан кўпроқ сайлов комиссиялари аъзолари жалб этилган. Барча даражадаги сайлов комиссияларининг аъзолари икки кунлик семинар-тренингларда ўз билими ва кўникмасини ошираётир. Сайлов кунигача жами 180 мингга яқин киши тизимли равишда ўқитилади.

 

Бундай кенг кўламдаги ўқитиш – семинар-тренинглар мамлакатимиз миллий сайловлари тарихида биринчи марта йўлга қўйилди.

 

Навбат — сайловчиларга

 

- Демак, энди навбат – сайловчиларга, уларнинг ҳуқуқий-сиёсий билимини янада оширишга?

 

- Ҳа, шундай эзгу ният билан “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ўтказишга киришилди. Зеро, сайлов – фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли, уларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим сиёсий тадбирдир.

 

Мазкур сиёсий тадбирни мамлакатимиз Конституцияси ҳамда қонунлари, умумеътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ўтказиш кўп жиҳатдан фуқароларнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги, фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқ.

 

Сайловчилар жамиятда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар ва уларнинг самараларидан кенг хабардор бўлган, ўз овози жамият ҳамда давлат ҳаёти, мамлакатининг келажаги учун нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини англаб етган тақдирдагина сайловлардан кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

 

Янги қабул қилинган Сайлов кодекси билан сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини, шунингдек сайловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш бўйича ишлар самарадорлигини янада ошириш – долзарб вазифа.

 

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси аҳолининг кенг қатламлари, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат жамоалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўртасида, уларнинг сайлов жараёнида фаоллигини ошириш, сиёсий билим даражасини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари самарадорлигини янада юксалтириш мақсадида, 2019 йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ўтказишга қарор қилди.

 

Шулардан келиб чиқиб, сайловлар билан боғлиқ жараёнлар бўйича тарғибот тадбирларини амалга ошириш ҳамда уларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб боришга қаратилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

 

Тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш мобайнида давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни ўтказишда сайловчиларининг ҳуқуқий билимини ва сайлов маданиятини юксалтириш, Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари ҳақида кенг тушунтириш ва сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш масалаларини очиб бериш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда сайлов комиссияларининг тутган ўрни тўғрисида хабардор этиш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тартиб-таомилларни тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Бунда тарғиботнинг барча илғор технологияларидан, жумладан, давра суҳбатлари, семинарлар, учрашувлар, бевосита мулоқотлар, конференциялар, тренинглар, ўқув дарслари, танловлар, викториналар ўтказиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, интернетдаги ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш назарда тутилган.

 

Бундай тадбирларнинг барчаси пировард натижада аҳолининг сайловларда фаол иштирок этиши ва мамлакатимиз тақдири учун дахлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Эзгу интилиш

 

- Билишимизча, МСК қарорида Халқ таълими вазирлиги зиммасига ойлик доирасида умумтаълим муассасаларининг ўқувчилари ўртасида “Мен ҳам келажакда овоз бераман!» мавзусида иншолар ва расмлар танловларини ташкил этиш вазифаси юкланган. Сайлов масалаларига ўқувчиларни жалб этиш сал эртароқ эмасмикин?

 

- Бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Мамлакатимизда ёшларнинг, жумладан, ўқувчиларнинг ҳам, сайловларга оид ҳуқуқий билимини ошириш фойдадан ҳоли эмас. Сабаби сўнгги йилларда кучли демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидан дадил қадамлар ташлаётган Ўзбекистонда умумеътироф этилган халқаро принципларни ўзига сингдирган кўплаб янги қонунлар, фармонлар ва қарорлар қабул қилинди. Уларни ўқиш-ўрганиш ва билиш ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш, фаровон ҳаётга эришишнинг энг муҳим шартларидан биридир.

 

Зеро, сайловчи сайлов бюллетенини тўлдирар экан, сайлов жараёнлари, сиёсий партиялар, давлат ҳокимиятининг бўлиниши, қонунлар нимаю улар қандай қабул қилиниши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмасдан туриб, онгли равишда овоз бериши қийин. Бундай илғор демократик ғояларни ўғил-қизлар онгига ёшликдан сингдириш – ўзининг эртасини ўйлаган миллат, халқ учун жуда зарур, деб ўйлайман.

 

Шу боис ўқувчилар ўртасида “Мен ҳам келажакда овоз бераман!» мавзуида сайловларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамиятига оид тушунчаларни шакллантиришга қаратилган иншолар ва расмлар танловларини ўтказиш — ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга арзийдиган ташаббус.

 

Барча саволга жавоб бор

 

- “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ўтказиш жараёнида қонун ҳужжатлари, жумладан, Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва зарур адабиётлардан фойдаланишга эҳтиёж сезилиши табиий. Уларни қаердан ва қандай топиш мумкин?

 

- Умид қиламизки, сайловлар жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш кўлами кенгайиб бораётган замонда айни масалада муаммо бўлмайди. Аввало, Марказий сайлов комиссиясининг расмий elections.uz веб-сайтидан сайловларга оид деярли барча зарур қонун ҳужжатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Сайлов кодекси, шунингдек ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар, шарҳлар, мақолалар ва экспертлар фикрларини бемалол топиш мумкин.

 

Айни пайтда сайлов ташкилотчилари ва сайловчилар тезкорлик билан фойдаланиши учун махсус ишлаб чиқилган “Сайлов — 2019» мобиль илова зарур маълумотлар билан муттасил тўлдириб борилмоқда. Махсус Телеграм мессенжер канали ишлаб турибди. Қолаверса, Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида мунтазам ишлаб турган умумреспублика «1197» телефон рақамига бепул қўнғироқ қилиб, мамлакатимизнинг сайлов қонунчилиги, жорий йилдаги сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга доир барча саволларга мутахассис ва экспертлардан малакали жавоб олиш мумкин.

 

Буларнинг барчаси пировардида халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш, фарзандларимиз келажаги, Ватанимизнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Зиёда АШУРОВА

(“Халқ сўзи” газетаси, 22 октябрь, 2019 йил)

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур