Сайт тест режимида ишламоқда

КОНСТИТУЦИЯ – ХАЛҚИМИЗ ТАФАККУРИ ВА ИЖОДИНИНГ МАҲСУЛИ

27.01.2023

2296

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ғояси, мақсади, руҳи – ҳар бир қоидаси Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси, асрлар мобайнида шаклланган демократик қадриятлар, миллий давлатчилик, шунингдек, бир неча минг йиллардан буён авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётган ўзбекона ва шарқона давлатни идора этиш ҳамда халқ билан бамаслаҳат сиёсат олиб бориш анъаналарини ўзида тўла мужассамлаштирган.

 

Худоёр Маматов

Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари, юридик фанлар доктори, профессори

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ғояси, мақсади, руҳи – ҳар бир қоидаси Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси, асрлар мобайнида шаклланган демократик қадриятлар, миллий давлатчилик, шунингдек, бир неча минг йиллардан буён авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётган ўзбекона ва шарқона давлатни идора этиш ҳамда халқ билан бамаслаҳат сиёсат олиб бориш анъаналарини ўзида тўла мужассамлаштирган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”, деган фикрлари халқ билан бамаслаҳат сиёсат олиб бориш анъаналари давом этаётганлигининг амалий исботидир.

 

Қадимий Шарқ ҳамиша ўзининг азалий анъаналари, бетимсол қадриятлари билан кишилик жамиятига ўз таъсирини ўтказиб келган. Жумладан, Туронзамин жаҳоннинг улуғ давлатчилик солномасида ўзининг қатор ҳокимият тузилмалари, довруқли салтанатлари, давлат ишларини юритиш тажрибаси билан муносиб ўрин тутади. Айниқса давлат бошқарувининг ҳуқуқий асослари барпо этилиб, бу борада муайян тажрибага эришилган. Халқнинг ҳуқуқий онги, маданияти ва маърифатини ўстириш баробарида, жамиятда қонунлар устуворлигини таъминлаш, ҳамма учун бирдек тааллуқли, адолатли, ҳаққоний қонунлар ишлаб чиқиш механизмлари яратилган. Шу боис ҳам “ҳар қандай давлатнинг Конституцияси унда яшовчи халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир”.

 

Халқимизда “Кенгашли тўй тарқамас” деган ғоят ибратли бир мақол бор. Ижтимоий ҳаётимизнинг қайси бир жиҳатига эътибор қаратмайлик, мана шу ҳикматга амал қилинишини кузатишимиз мумкин. Қайси бир жойда ибратли бир иш бўлса, у – кенгашилган тадбирнинг натижаси эканига гувоҳ бўламиз. Бу бежиз эмас, зотан биз улуғвор ўтмишимиздан шундай сабоқ олганмиз. Соҳибқирон Темур ўз тузукларида шундай таълим беради: “Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо keltirilur... Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш mumkin... Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим”.

 

Бу ҳақда машҳур немис тарихчиси Ф.Шлоссер ҳам шундай маълумот беради: “... саркарда, ҳоким ва қонунчи сифатида буюк талант эгаси эди. Ёлғонни ёмон кўрар, билимга муҳаббат қўйишдан маҳрум эмас эди. Унинг манзилида шоирлар, олимлар, машшоқлар ва мистиклар (сўфилар) кўп bo‘lardi... у одил судья, илм-фан дўсти, бирга суҳбатлашишни хуш кўрадиган, рассомлар ва олимларнинг ҳомийси эди”.

 

Бу фикр тўғридан-тўғри халқнинг хоҳиш-иродасини қонунларда ифода этиш, баайни унинг томонидан сайланган вакиллар орқали бажарилиши лозимлигини билдиради. Шунинг учун ҳам “Давлатнинг манбаи халқ” деган қоида барча замонларда ўз долзарблигини сақлаб келган. Жан Жак Руссо: “Қонунга итоат этгувчи халқ унинг ижодкори ҳам бўлмоғи лозим” дейди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир”, деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, суверен Республикамиз Конституцияси – инсон ва фуқаро ҳуқуқларининг демократик хартияси бўлиб, у ҳуқуқий ва инсонпарвар давлатни шакллантиришнинг стратегик дастури вазифасини ўтаб келмоқда. Конституция – давлатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий замини, халқ хоҳиш-иродасининг олий ифодаси сифатида майдонга чиқди. У энг тараққий топган, ривожланган давлатларнинг конституциявий тажрибаларига таяниш билан бирга, тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳуқуқий ҳужжатдир.

 

Конституция ўзбек давлатчилигини замонавий, маърифий асосда қайта тиклаш, тинч-тотув яшаш ва тинчликни барча чоралар билан мустаҳкамлаш, демократияни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқ қолиш, адолатли ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий ҳамжиҳатликни таъминлаш каби вазифаларга масъул ва кафолат бўлиб ҳисобланади.

 

Конституция истиқлол маҳсули, шу билан бирга уни ҳимоя қилувчи қалқон, жамиятимизнинг асосий ҳуқуқий пойдевори ҳамдир. Унинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда давлатнинг қиёфаси, жамиятнинг хусусияти яққол ўз ифодасини топади, ҳаётимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тизими демократик тамойилларга асослангани, умуминсоний қадриятларнинг улуғланаётганлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нечоғли кафолатлангани ҳамда ҳимоя қилинаётгани кўриниб туради.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, Бош қомусимизнинг моҳияти ҳақида тўхталиб, шундай деб таъкидлаганди “Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради. Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз. Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди”.

 

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг илк даврида қабул қилинган Конституция – шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди.

 

Конституциямизнинг 18-моддасида белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

 

Дунё ҳамжамияти олдида янгиланган қиёфаси, халқаро ҳамжамият билан яқин қўшничилик, стратегик шерикчилик ҳамда ўзаро ҳурматга асосланган очиқлик ва ошкоралик сиёсати билан танилиб, жаҳонда тутган ўрни ва нуфузи йилдан йилга юксалиб бораётган Ўзбекистонда сўнги йилларда амалга оширилган инсонпарвар ислоҳотлар туфайли юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатлари таъминланиб, замонавий демократик тараққиёт учун замин яратмоқда.

 

Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.

 

Биз интилаётган демократик жамиятнинг истиқболи, биринчи навбатда, демократик қадриятлар ҳар биримизнинг қалбимиз ва онгимиздан қай даражада чуқур ўрин олишига, бу қадриятларнинг нечоғли асраб-авайланиши ва келажак авлодларга етказилишига бевосита боғлиқ. Бу борада эса Конституциянинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етиш, конституцион талабларга қатъий риоя этиш даркор.

 

Мамлакатимизда тинчлик, барқарорлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар замирида юртимиздаги турли миллат ва элат ижтимоий тоифаю, касбу-корга мансуб бўлган кишиларни маънавий-мафкуравий тажовузлардан асраш, уларни огоҳликка чорлаш, мавжуд хавф ва таҳдидларнинг оқибатларини англаб етиш, улар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириш, энг муҳими, миллий истиқлол ғояси асосида халқни бирлаштириш, жипслаштириш, ёш авлод онги ва қалбида эзгу ғояларга садоқат туйғуларини тарбиялашга қаратилган тизимли ва аниқ мақсадли амалий ҳаракатлар мужассамдир.

 

Бугунги кунда юртдошларимизнинг нафақат билимини ошириш, балки улар қалбида ва амалиётида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш билан боғлиқ демократик тафаккур ва янги ғояларни камол топтириш, уларни юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тараққиётини англаш йўлида эзгу ишларга рағбатлантириш, одамлар онг-у шуурида ҳаётимизнинг турли соҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларга дахлдорлик, бунёдкорлик, келажакка ишонч ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур