Сайт тест режимида ишламоқда

СAЙЛОВЛAР ЎЗБЕКИСТОННИ РИВОЖЛAНГAН ДЕМОКРAТИК ДAВЛAТЛAР ҚAТОРИГA ҚЎШИШДA МУҲИМ AМAЛИЙ ҚAДAМ

25.01.2023

1802

msk_yangiliklari_in

2019 йил 20 сентябрь демократик тараққиётнинг янги саҳифаларини очиб, инсонпарвар ислоҳотлар самарасида дунё ҳамжамиятига уйғунлашиб бораётган Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тарихий аҳамиятга молик сана сифатида муҳрланиб қолади.

 

Худоёр МАМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси котибияти раҳбари,

юридик фанлар доктори, профессор

 

2019 йил 20 сентябрь демократик тараққиётнинг янги саҳифаларини очиб, инсонпарвар ислоҳотлар самарасида дунё ҳамжамиятига уйғунлашиб бораётган Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тарихий аҳамиятга молик сана сифатида муҳрланиб қолади.

 

Жорий йил 20 сентябрда Конституциявий-ҳуқуқий мақомга эга, фаолиятининг асосий тамойиллари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат Марказий сайлов комиссияси янги Ўзбекистонда янги сайловлар кунини эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Унга кўра, 2019 йил 22 декабрь мамлакатимиз Парламентининг Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар куни, деб белгилади ҳамда сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди.

 

Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда тараққий эттиришнинг бешта устувор йўналишини ўзида мужассам этган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ сўнгги йилларда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари янгиланиб, сон жиҳатдан мақбуллаштирилди, бир-бирини такрорловчи, ўзига хос бўлмаган, декларатив функциялар бекор қилиниб, уларда хизмат қилувчилар таркибининг сифати юксалиб бормоқда.

 

Бошқарувда кўп йиллик амалий тажрибага эга давлат хизматчилари сафига замонавий билимларни пухта эгаллаган, тараққий этган демократик ҳуқуқий давлатлар тажрибасини астойдил ўрганган, иқтидорли, истиқболли, ташаббускор ёшлар қўшилиб, улар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, тамойилига қатъий амал қилиб келмоқдалар.

 

Хусусан, давлат ва ҳокимият органларининг ҳар бир хизматчиси, ходими жойларда, жумладан, энг чекка ҳудудларда ҳам халқ билан сайёр учрашувлар ўтказиб, лозим бўлса, уйма-уй юриб, йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий-иқтисодий камчиликларни, фуқароларни ташвишлантираётган масалаларни ўрганиб, уларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўрмоқда. “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, “Бешта муҳим ташаббус” каби халқчил дастурлар доирасида мамлакатни обод қилиш, халқимизнинг ҳаётини яхшилаш, фаровонлигини янада ошириш учун астойдил хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларни таъминлаш, аҳолининг фаровонлигини ошириш борасида “Сўз ва амал бирлиги” шиорига қатъий амал қилинмоқда.

 

Сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, матбуот эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги ва ҳур фикрликка кенг йўл очилди. Мамлакатимиз дунё давлатлари билан яқин қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, дунё ҳамжамияти олдида янги Ўзбекистоннинг ижобий имижини юксалтириб бормоқда.

 

Жорий йилги сайловлар Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йилнинг 25 июнида имзоланган ва кучга киритилган янги, яхлит Сайлов кодексига мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.

 

Янги Сайлов кодекси унгача амалда бўлган сайлов жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солган қонунлардан кескин фарқ қилади. Аввало, ушбу кодекс — демократик, очиқ, ошкора ва эркин сайловлар ўтказиш бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларини, ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасини ҳамда қадимий давлатчилик тарихига, ўзининг учмас ва сўнмас инсонпарвар, адолатли қадриятларига эга халқимизнинг ижтимоий адолат, бағрикенглик, сўз ва амал бирлиги каби ноёб ғоя ва қадриятларини ўзида мужассам этган. Содда ва равон тильда ёзилган.

 

Аввалги сайловлар жараёни “Ўзбекистон Республикаси Президентининг сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги бешта қонун билан тартибга солинар эди. Табиийки, ундаги нормалар тарқоқ, баъзан бир-бирини такрорловчи ёки инкор этувчи қоидалардан иборат эди. Шунингдек, айрим муҳим масалалар қонун билан эмас, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг низомлари ёки йўриқномалари билан тартибга солинар, улардан фойдаланувчилар, амалда қўлловчилар, шу жумладан, халқаро кузатувчилар учун бир қатор ноқулайликларни туғдирарди.

 

Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчилар томонидан бевосита сайлаш орқали шакллантириладиган давлат ҳокимиятининг олий органи бўлишига қарамасдан, 150 нафар депутатлик ўрнидан 15 таси сиёсий партия мақомига эга бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Экологик ҳаракати вакиллари учун квоталанган эди. Шунингдек, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сиёсий партиялардан ташқари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга эди.

 

Бундай нормаларнинг мавжудлиги, ўз навбатида, “сайлов ўтказувчи давлатлар сайлов жараёнида иштирокчиларнинг барчаси учун бир хил ва тенг шароитлар яратиши лозим”, деган демократик принципга унча мос бўлмаган.

 

Янги кодексда бундай бўшлиқлар ҳам бартараф этилди. Юртимизда янги Экология партиясига асос солинди. Мамлакатнинг сиёсий майдони тўла сиёсий партияларга тақдим этилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига эса бўлажак демократик сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича халқаро стандартлар қоидалари, миллий қонунчилик талабларига мос тарзда ташкил этилиши ва ўтказилишини кузатиб бориш учун кузатувчиларини белгилаш ҳуқуқи берилди. Унгача бу ҳуқуқ фақат сиёсий партиялар ҳамда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакилларига берилган эди.

 

Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига асосан сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда сайловчилар томонидан бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имконияти берилди. Олдинлари сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда “сайловчи фақат битта сиёсий партияни ёқлаб имзо қўйиши мумкин”, деган норма мавжуд эди. Бу эса сиёсий партияларга ҳам, сайловчиларга ҳам ноқулайлик туғдирарди.

 

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш бу сайловчининг ихтиёрий хоҳиши. Сайловчи сиёсий партиянинг дастури ва амалий фаолияти билан таниш бўлса ҳамда мазкур сиёсий партиянинг сайловлар жараёнида иштирок этишини қўллаб-қувватласа, демак, улар тўплаган имзо варағига ўз имзосини қўяди. Лекин бу сайловчи айнан шу сиёсий партиянинг номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беради дегани эмас.

 

Сайловчи номзодни қўллаб-қувватлаши учун ҳали олдинда 2 ойдан зиёд вақт бор. Бу вақт давомида сиёсий партиялар, номзодлар ўзларининг сайловолди дастурларини эълон қилади. Сайловолди ташвиқотини олиб боради. ОАВ орқали чиқишлар қилиб, сайловчилар билан бевосита учрашувлар ўтказади. Мабодо, сайловчи имзо тўплаш жараёнида 3 ёки 4 та сиёсий партиянинг сайловда иштирок этиши учун имзо қўйган бўлсада, учрашув ва дебатлар жараёнида қайси сиёсий партиянинг номзоди ёки платформаси унга маъқул бўлса, овоз бериш кунида сайловчи айнан шу партиянинг вакилига ёки номзодга овоз бериши мумкин. Овоз бериш жараёнида эса битта сайловчи фақат битта овоз бериш ҳуқуқига эга.

 

Аввалги қонунларда “Имзо варақаларида имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиядан рўйхатга олиш учун ҳужжатлар қабул қилишни рад этади ҳамда тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва қонун талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий пар­тия­ларнинг раҳбарларига, ваколатли вакилига белгиланган тартибда маълум қилади”, деб белгилаб қўйилган эди. Бу қоида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок эта олмаслигига олиб келарди. Партияларга ҳолатни тўғрилаш учун имкон беришга оид норма мавжуд эмас эди. Янги қабул қилинган кодексга мувофиқ сиёсий партияларга ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатиш ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига қайта тақдим этиш ҳуқуқи берилди. Ушбу демократик талабларга жавоб берадиган норма сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиш имкониятини янада мустаҳкамлади.

 

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, мазкур кодексда бундай чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкораликни, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, сиёсий партияларнинг тарафдорлари, уларни қўллаб-қувватловчилар сафини кенгайтиришга, кузатувчилар учун эса бир кун давомида сайлов участкасида қимирламай туриш эмас, балки алмашиб бу ваколатни амалга ошириш имконини яратади.

 

Кодексда сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилиб, шунинг­дек, партия ваколатли вакилни ўз аъзолари орасидангина тайинлаши белгиланган эди.

 

Агар аввалги қонунларда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар, деган мазмундаги қоида белгиланган бўлса, мазкур кодексда уларнинг сайланиши мумкин эмаслигига оид норма қолдирилиб, “сайловда қатнашмайдилар” деган жумла чиқариб ташланди.

 

Кодекснинг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгилаб қўйилди. Бу билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи вужудга келди. Бу эса озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлигини кодекснинг 10, 27-моддаларида мустаҳкамлаш имкониятини берди. Буларнинг барчаси умумий сайлов ҳуқуқи принципи янада кенгроқ таъминланганидан, халқаро стандартлар талаблари имплементация қилинганидан далолат беради.

 

Кодексда тенг сайлов ҳуқуқини таъминлаш механизмлари белгиланиб, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши қайд этилди. Аввалги қонунларда сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланиши белгиланган эди. Бу номзодларнинг ҳар хил вақтларда, кимдир аввалроқ, кимдир кейинроқ ташвиқот бошлашига олиб келарди.

 

Авваллари фуқароларнинг овоз бериш тартиби чегаралаб қўйилган, яъни сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга фақат битта белги – “крестик” белгисини қўярди. Кодексда фуқароларнинг овоз бериш имкониятлари янада кенгайтирилиб, сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга учта белгидан: яъни “+” ёки “˅” ёхуд “х” белгисидан бирини қўйиш имкониятига эга бўлди.

 

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини янада мустаҳкам кафолатлаш мақсадида кодекснинг 7-моддасида “Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади”, деб белгилаб қўйилди.

 

Имконияти чекланган шахсларнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида кодекснинг 31-моддасида сайлов бюллетенлари Брайл алифбоси асосида тайёрланиши мумкинлиги, 49-моддасида жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг зиммасига юклатилиши, 50-моддасида овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши, шунингдек, уларда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун нишаб йўлкалар назарда тутилган бўлиши лозимлиги қайд этилди.

 

Кодексда шунингдек, овоз бериш сайлов куни соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилиши белгилаб қўйилди. Аввалги қонунларда бу соат 6:00 дан бошланиши белгилаб қўйилган бўлиб, сайлов комиссияси аъзоларига ҳам бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқарарди. Сайлов декабрда бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу вақтда ҳали кун чиқмаган, қоронғи вақт бўларди.

 

Умуман, янги Сайлов кодексидаги асосий нормалар билан унгача бўлган сайлов қонунчилиги нормалари ўртасида ўттиздан ортиқ демократик янгилик, ўзгаришлар мавжуд. Сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида улар албатта, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётимизга татбиқ этилади.

 

Сиёсий партияларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлиги ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлажак сайловда тенг шароитлар яратилади. Кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб, ижтимоий фаоллиги ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида сиёсий партиялар олдига ҳам, улар томонидан кўрсатиладиган депутатликка номзодлар олдига ҳам жиддий талаблар қўйилишини англатади. Ўз навбатида сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялараро соғлом рақобат ҳам ўтган сайловларга нисбатан анча жиддий тусда ўтишидан далолат беради.

 

Қисқаси, Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди. Жорий йилнинг 22 декабрида мамлакатимиз Парламенти ва маҳаллий Кенгашларига бўладиган сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшишда яна бир муҳим амалий қадам бўлади. Бутун халқимиз, сайловчиларимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этишлари учун янги имкониятлар эшигини очади.

 

Марказий сайлов комиссияси, ҳудудларда ташкил этиладиган вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, шунингдек, округ ва участка сайлов комиссиялари бўлажак сайловларни юқори савияда, халқаро ҳуқуқ нормалари, миллий қонунчилик талабларига, демократик сайлов ўтказишнинг қонунийлик, тенглик, эркинлик, умумийлик, очиқ-ошкоралик ва адолатлилик каби инсонпарвар принципларига тўлиқ мос ҳолда ташкил этиш ва ўтказишга бор билим, имконият ва тажрибасини сафарбар этади.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур