Мамлакатимизда жорий йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Сайлов очиқ-ошкора, демократия тамойиллари асосида ўтишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, Марказий сайлов комиссияси томонидан бугунги кунгача 1419 нафар маҳаллий ва 146 нафар хорижлик журналистлар аккредитациядан ўтказилди.
Шуниси қувонарлики, бу галги сайловларни ёритишда журналистларнинг фаоллиги ва қизиқиши кучайгани яққол кўзга ташланмоқда. Улар сайловга тайёргарлик ва сайловолди ташвиқот кампанияси билан боғлиқ жараёнларни ёритишда фаоллик кўрсатмоқда.
Сир эмаски, сайлов яқинлашгани сари аҳолининг ахборот ва янгиликларга қизиқиши янада кучаяди. Бу борадаги эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш учун, ўз навбатида, ОАВнинг фаоллиги ҳам ортиб бораверади. Журналистларнинг МСК матбуот хизматига савол ва мурожаатлари фаоллашгани ҳам ҳамкасбларимизнинг юртимизда кечаётган жараёнларга дахлдорлик ҳисси ва ўз ишини миллий қонунчилик, халқаро андозаларга мос даражада ташкил этишга бўлган интилиши, дея баҳолаш мумкин. Ушбу мақоламизда энг кўп берилаётган саволларнинг баъзиларига жавоб беришни лозим топдик.
Аккредитациядан ўтган ОАВ вакилининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қандай?
Айтиш керакки, ОАВ вакиллари ваколат муддати унга аккредитациядан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди. Сайлов кодексининг 35-моддасига биноан, ОАВ вакили сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов комиссиялари мажлисларида, номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш, сайлов куни сайлов участкаларида, шу жумладан, овозларни санаб чиқишда иштирок этиши ва сайлов натижаларини аниқлашда ҳозир бўлиши ҳам мумкин.
ОАВ вакилларига сайловчиларга таъсир ўтказиш, қонунга хилоф равишда ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш, сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш ман этилади. Сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда ёрдам кўрсатиш, участка сайлов комиссияси фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш ҳамда сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижалари, сайлов натижалари прогнозлари, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилишига йўл қўйилмайди.
ОАВ вакили Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига ва сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом қоидаларига риоя этмаган тақдирда Марказий сайлов комиссияси унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.
Аккредитациядан ўтмаган ОАВ вакиллари фаолияти бўйича шуни маълум қиламизки, улар интернет сайтларда эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланишда таҳририятнинг ёзма розилигини олиши лозим. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган материаллардан фойдаланганда манбани кўрсатиши шарт. Бунда расмий эълон қилинган хабар ва видео контекстидан бир қисмини, яъни, матндаги жумланинг асосий маъносини ўзгартириб юборувчи хабар тарқатиш тавсия этилмайди.
Журналистларни қизиқтираётган яна бир савол сайлов якунига етгач, овозларни бевосита ҳисоблаш вақтида журналистларнинг қатнашиши, овоз бериш жараёнидан фото, видео тасвирга олиш, заруратга қараб онлайн трансляция қилишга рухсат бор-йўқлиги билан боғлиқ.
Сайлов кодексининг 33-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомига мувофиқ, ОАВ вакиллари сайлов куни сайлов участкаларида бўлиш, овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлашда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Албатта, бунда сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш мумкин. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно эканини ёдда тутиш лозим.
Фото ва видео тасвирга олиш жараёни овоз беришнинг яширинлигини бузмаслиги ва сайловчилар хоҳиш-иродасини назорат қилиш имконини бермаслиги шарт. Шунинг учун бюллетень тўлдиришга мўлжалланган жойларда яширин овоз бериш кабинасида фото ёки видео тасвирга олиш тақиқланади.
Фото ёки видео тасвирга олиш учун ОАВ вакили участка сайлов комиссияси аъзоларини, сайловчиларни ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларини хабардор қилиши лозим. Фото ва видео суратга олиш сайлов жараёни иштирокчиларининг конституцион ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини камситмаган ҳолда амалга оширилиши керак.
Аккредитациядан ўтган ОАВ вакиллари сайловга оид тадбирлар бўлиб ўтадиган биноларга ташриф буюрганида унга берилган гувоҳнома ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши шарт. Овоз бериш куни сайлов участкасига ташриф буюрган ОАВ вакили ўз фаолиятини бошлашдан олдин сайлов комиссиялари талабига мувофиқ гувоҳномасини кўрсатиши керак. Турли тушунмовчиликларни келтириб чиқармаслиги учун журналист участка сайлов комиссияси раисини фото ва видеотасвирлардан фойдаланган ҳолда материал тайёрлаши кераклиги ҳақида хабардор этиб қўйиши лозим бўлади.
Шунда ҳам тушунмовчилик ҳолати юз берадиган бўлса, журналист Марказий сайлов комиссиясининг «1200» қисқа рақамли Call-марказига қўнғироқ қилиши мумкин. Мазкур марказ сайловлар даврида жамоатчилик ва сайловчиларга тезкор ҳуқуқий ахборот бериш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг матбуот марказида ўз фаолиятини олиб боради.
“Call-марказ”га келиб тушадиган мурожаатларга МСК, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат бошқаруви академияси, Миллий гвардия институти ва ИИВ академияси вакилларидан иборат таркибда тузилган экспертлар гуруҳи томонидан жавоб қайтарилади.
Яна бир муҳим масала сайлов даврида сохта янгиликларни қандай аниқлаш билан боғлиқ. Бу хусусда шуни айтиш лозимки, фото фейкларни интернет тармоғи орқали аниқлаш осон. Агар сиз Google Chrome браузеридан фойдалансангиз, расмнинг устига сичқонча кўрсаткичини олиб келинг ва ўнг тугмачасини босинг. Шунда “Суратни Google дан топ” пункти келиб чиқади. Фейк янгиликларнинг сарлавҳаси асосан жалб қилувчи бўлади. Бошқа расмлар орасидан асл нусхадаги суратни аниқлаш қийин емас. У одатда сифатли ва ўлчами каттароқ бўлади. Aсл фотосурат қачон ва қаерда биринчи марта эълон қилингани кўрсатилади.
Муаллифнинг хабар ёки мақоласини ўқиётганда манбасига эътибор қаратинг. Чунки айрим сайтлар реклама учун кирувчилар сонини кўпайтириш мақсадида фейк янгиликлар тарқатади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз қонунчилигида оммавий ахборот воситалари фаолиятини эркин ва қонунга мувофиқ амалга ошириши учун замонавий ҳуқуқий асослар яратилган. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловни ўтказишда умумеътироф этилган мезонлар ва халқаро стандартларга мос равишда очиқлик, ошкоралик таъминланишига алоҳида эътибор қаратилаётир. Бундан ташқари, МСК томонидан қатор ахборот ресурслари орқали сайловга оид ҳар бир янгилик ва ахборотлар билан тезроқ танишиш, фикр алмашиш учун барча шароитлар яратилган.
Ишончимиз комилки, оммавий ахборот воситалари бу борадаги замонавий имкониятлардан оқилона фойдаланиб, Президент сайловини демократия ва умуминсоний принциплар асосида ўтишига муносиб улуш қўшади.
Жалолиддин УСМОНОВ,
Марказий сайлов комиссияси матбуот котиби
“Янги Ўзбекистон” газетасининг
2021 йил 19 октябрь кунги 207-сони