Сайт тест режимида ишламоқда

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЗАМОНАВИЙ ДЕМОКРАТИЯ ҒОЯЛАРИНИНГ АМАЛДАГИ ЯНА БИР ЁРҚИН ИФОДАСИ БЎЛАДИ

31.01.2023

1975

msk_yangiliklari_in

Яна саноқли кунлардан кейин азиз Ватанимиз — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланади. Ушбу тарихий санага “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган эзгу ғоя асосида қизғин тайёргарлик кўраётган халқимиз истиқлол байрамини барча соҳада улкан муваффақиятлар билан кутиб олмоқда.

 

Айни пайтда яна бир катта сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган кун — 24 октябрь санаси ҳам тобора яқинлашмоқда.

 

Масъулиятли палла

 

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча ишлар Сайлов кодексига қатъий амал қилинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режасига мувофиқ тизимли равишда амалга оширилмоқда.

 

Таъкидланганидек, Президент сайлови юксак сиёсий тафаккур маҳсули — мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг рўёби, Ўзбекистоннинг юксак тараққиётига халқ билдирадиган комил ишончнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 14 август куни видеоконференсалоқа шаклида ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган мажлисида мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, шунингдек, округ сайлов комиссиялари таркибига номзод сифатида тавсия этилган раис, раис ўринбосари, котиб ва аъзолар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг котибиятлари раҳбарлари ҳам қатнашди.

 

Комиссиямизнинг 9 август куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округларини тузишга доир масала кўриб чиқилган ва ўн тўртта сайлов округини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Бу борадаги зарур маълумотлар, жумладан, қарор Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ҳамда марказий нашрларда, хусусан “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинди.

 

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар муҳокама қилинди ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилди.

 

Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва комиссиянинг саккиз нафардан — ўн саккиз нафарга қадар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

 

Сайлов қонунчилигига кўра, йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, шунингдек, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар округ сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин.

 

Айни пайтда бошқа сайлов комиссияларининг ҳамда сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

 

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича ўн тўртта округ сайлов комиссиясининг шахсий таркибига тавсия этилган номзодлар кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

 

Таҳлилчилар фикри

 

Тасдиқланган округ сайлов комиссиялари аъзолари ҳақида гап кетганда, баъзи рақамларга эътибор қаратиш тўғри бўлади, деб ўйлайман: округ сайлов комиссиялари аъзоларининг умумий сони 266 нафар, шундан 104 нафари (39 фоизи) хотин-қизлар. Аъзоларнинг 150 нафари (56 фоизи) аввалги сайловларда қатнашган.

 

Аъзолар сафи: педагоглар — 90 нафар (34 фоиз), иқтисодчилар — 41 нафар (15 фоиз), ҳуқуқшунослар — 32 нафар (12 фоиз), муҳандислар — 26 нафар (10 фоиз), шифокорлар — 21 нафар (8 фоиз), журналистлар — 11 нафар (4 фоиз).

 

Бу йилги Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибида навқирон авлод вакиллари ҳар қачонгидан кўра кўп: 31 ёшгача бўлган йигит-қизлар 23 нафар (9 фоиз) бўлса, 41 ёшгача бўлганлар эса 77 нафар (28 фоиз)ни ташкил этди.

 

Бу — мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитларни яратиш борасида кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги яна бир ифодасидир.

 

Экспертлар яна бир рақамга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. 2019 йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказган округ сайлов комиссиялари таркибида ногиронлиги бор ижтимоий фаол фуқаролар 3,5 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда бўладиган Президент сайловида бу рақам беш фоизга етган.

 

Таҳлилчилар фикрича, бу, энг аввало, мамлакатимиз фуқароларининг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари ва самарали механизмлари тўла шакллантирилгани билан боғлиқ.

 

Ўзбекистон Республикаси томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг ратификация қилиниши, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун жорий йилнинг 15 январидан кучга киритилиши бунга яққол мисолдир.

 

Ушбу муҳим қонун ҳужжатлари мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратиш, қонунчиликни янада такомиллаштириш, ногиронлиги борларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, жамият ва давлат қурилиши ишларида улар учун тенг ва кенг имкониятларни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ўртасида имзолаган ҳамкорлик келишуви ҳам Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида имконияти чекланган фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини кенг таъминлашга хизмат қилаётир.

 

Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибида мамлакатимизда истиқомат қилаётган деярли барча миллат вакиллари борлигини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 14 апрелда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги низомга биноан, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар округ сайлов комиссияларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бўлган бинолар, мажлис заллари, хоналар ҳамда асбоб-ускуналарни бепул бериб туриши шарт.

 

Округ сайлов комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан камида саккизта хонадан иборат ва тегишли тартибда жиҳозланган бино билан, шунингдек, транспорт, алоқа воситалари ва юқори тезликда ишлайдиган интернет тармоғига уланиш имконияти билан таъминланади. Округ сайлов комиссиялари ҳузурида Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказининг ҳудудий бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади. Буларнинг барчаси округ сайлов комиссиялари ўз ишини миллий сайлов қонунчилиги талаблари, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилига тўла амал қилган ҳолда олиб боришига хизмат қилади.

 

Улкан шараф ва юксак ишонч

 

Округ сайлов комиссиялари таркибига фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ногиронлар ташкилотларининг обрўли вакиллари, таниқли журналистлар, олимлар, ижодкор зиёлилар ҳам кенг жалб қилинган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси таркибидан жой олиш улкан шараф ва юксак ишончдир.

 

Айни пайтда, бу ишончнинг замирида катта масъулият ҳам мужассам эканлиги аён. Зеро, бу йилги Президент сайлови биринчи марта Сайлов кодекси асосида, янгича шароитда, демократик тамойилларга тўла амал қилинган ҳолда ўтишини сайлов комиссияларининг ҳар бир аъзоси чуқур ҳис қилиши зарур. Бу ҳар бир сайлов ташкилотчисидан нафақат чуқур билим, ишчанлик, балки фидойилик ва садоқат ҳам талаб қилади.

 

Жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари сифатида эътироф этилган барча даражадаги сайлов комиссиялари раҳбарлари ва аъзолари ана шундай юксак талаблардан келиб чиқиб иш юритади ҳамда сайловчилар ва халқимиз олдида ҳаммамизнинг юзимиз ёруғ бўлади, деб ишонамиз.

 

Имзо тўплаш. Бунинг аҳамияти нимада?

 

Шу кунларда сиёсий партияларнинг фаоллари ва тарафдорлари сайловчиларнинг имзоларини тўплашга жадал киришди. Бу жараённинг аҳамияти нимада?

 

Маълумки, Сайлов кодексига биноан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга.

 

Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар шу йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида қатнашишга тайёргарлик ишларини бошлаб юборганидан жамоатчиликнинг яхши хабари бор.

 

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат бериш тўғрисидаги мурожаатлари кўриб чиқилди.

 

Йиғилишда Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ваколатли вакилларига белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилди.

 

Сайлов кодексида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, “Имзоларни тўплаш тартиби” деб аталган алоҳида модда киритилган.

 

Марказий сайлов комиссияси шу йил 14 апрелда тасдиқлаган “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби тўғрисида”ги низомга биноан, сайловда қатнашишига ижозат бериладиган сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзосини тўплаши керак. Бу, ҳар бир сиёсий партия камида 210 минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур, демакдир.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар тўплаган имзолар текширилиб, ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилингандан кейингина уларга сайловда иштирок этишга ижозат берилади.

 

Битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия тегишинча имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

 

Сайлов кодексининг 38-моддасида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сиёсий партия ўзининг ваколатли вакили рўйхатга олинганлик гувоҳномасини олганидан кейингина сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди.

 

Сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг ёки идентификация ID-картасининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек, имзо қўйилган санани кўрсатади. Мазкур маълумотлар қўлда ёзиб киритилади. Имзо варақасига ўз имзосини қўядиган сайловчи тўғрисидаги маълумотлар сайловчининг илтимосига кўра имзо тўплашни амалга ошираётган шахс томонидан киритилиши мумкин.

 

Сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан тенг нисбатда танлаб олиниши, имзо варақалари тўғри тўлдирилиши, белгиланган тартибда ва муддатда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилиши зарур.

 

Сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилади. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Кези келганда қайд этиш зарур, мамлакатимизнинг Сайлов кодексида ўз ифодасини топган сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли, деган қоида электоратнинг танлаш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қиладиган илғор демократик янгилик сифатида халқаро ташкилотлар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилган. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг шу ҳақдаги хулосасида шундай сатрлар бор: «38-модда сайловчига сайловларда иштирок этадиган бир нечта партияни ўз имзоси билан қўллаб-қувватлаш имконини беради. Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигидаги бу ўзгариш фикрлар ранг-баранглиги ва партиялараро рақобатнинг ривожланишида муҳим омил бўлади”.

 

Самимий интилиш моҳияти

 

Комиссия мажлисида сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказишга доир масала ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

 

Сайлов даврида журналистлар ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида уларни аккредитациядан ўтказиш изчил давом эттирилмоқда.

 

Комиссиямизнинг 9 август куни бўлиб ўтган аввалги мажлисида оммавий ахборот воситаларининг беш юздан зиёд вакиллари аккредитациядан ўтказилган эди. Энди уларнинг сони яна қарийб икки юз нафарга кўпайди ва жами етти юз нафардан ошди.

 

Ушбу рақамлар замирида оммавий ахборот воситалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ жараёнларни кенг ва холис ёритишга бўлган самимий интилиш мужассамдир. Бундай интилиш Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

 

Марказий сайлов комиссияси билан мамлакатимиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини ёритиш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзолангани бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Маълумки, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Zoʼr TV” телерадиокомпанияси, “UzReport” ахборот агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда тайёргарлик ишларининг олиб борилиши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзоланган эди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг мазкур йўналишдаги ҳамкорлари орасида нодавлат оммавий ахборот воситалари ҳам тобора кўпаймоқда. Аккредитациядан ўтказишни сўраб мурожаат қилганларнинг ярмидан зиёди нодавлат ва хусусий оммавий ахборот воситаларига мансуб. Биргина “Kun.uz” интернет нашридан ўттизга яқин вакил аккредитациядан ўтказилди. Беш-олти йил илгари бундай бағрикенгликни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.

 

Яқинда “Ижтимоий фикр” нодавлат жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровлар натижасида сайловчилар Президент сайловига доир янгиликлар ва ахборотларни кўпроқ қайси манбалардан олиши маълум бўлди.

 

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ахборотнинг энг талабгир манбаси —Ўзбекистон давлат телевидениеси. Сўров иштирокчиларининг 68,9 фоизи сайловга тайёргарликнинг бориши ҳақидаги ахборотларни, асосан, телевидениедан олади. Бу борада интернет иккинчи ўринни (33,5 фоиз) эгаллади. 25 фоиз респондентлар учун нодавлат телевидение каналлари ахборотнинг асосий манбаси ҳисобланади.

 

Очиқ мулоқот

 

Марказий сайлов комиссиясининг Тошкентдаги Симпозиумлар саройи биносида жадал иш бошлаган Матбуот марказида юқори малакали журналистлар, ҳуқуқшунослар, таржимонлар, экспертлар ва бошқа мутахассислардан иборат ихтисослашган гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Сайлов кампанияси бошланганидан буён ўтган қисқа вақт ичида бу ерда ўттизга яқин муҳим тадбирлар ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси раҳбарлари, сайловлар бўйича етакчи экспертлар ва олимлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларининг катта қизиқиш уйғотган биринчи очиқ ва юзма-юз мулоқоти шулар жумласидандир.

 

Журналистлар уни “биринчи” ва “очиқ” деб атаганининг боиси шундаки, учрашувда, одатдаги брифинг ёки матбуот анжуманларида бўлгани каби муайян бир мавзу атрофида чекланилмасдан, кўлам анча кенг олинди. Ўнлаб блогерлар, мустақил журналистлар, жумладан, хорижий журналистлар ҳам қатнашган тадбирда иштирокчилар нафақат Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар, балки миллий сайлов тизимига оид истаган саволини берди.

 

“Галстуксиз учрашув” деб номланган ва бир соатга мўлжалланган мулоқот уч соатдан ортиқ давом этди. Қизғин савол-жавоб, баҳс-мунозарага айланиб кетган тадбирда мавжуд муаммолар ва камчиликлар ҳам рўй-рост айтилди. Талай амалий таклифлар ўртага ташланди.

 

Сайловни ёритадиган оммавий ахборот воситаларининг вакиллари учун Президент сайловининг аҳамияти, ўзига хос томонлари, миллий сайлов қонунчилиги ва унга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар, халқаро сайлов стандартларининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар-тренинглар ташкил этиш таклифи шулар жумласидандир.

 

Журналистларнинг бу таклифи комиссиямиз томонидан қўллаб-қувватланди. Куни кеча Матбуот марказида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг бир гуруҳ ходимлари учун ана шунда қизиқарли машғулотлар бошланди.

 

Сирасини айтганда, сайлов жараёнларини ёритишда журналистларга кўмак беришга қаратилган бундай ўқувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Марказий сайлов комиссияси билан БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа ҳам шу масалага қаратилган. Лойиҳа доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, айниқса, ҳудудий журналистларга асосий эътибор қаратгани ҳолда, “Сайлов жараёнларини оммавий ахборот воситаларида самарали ёритиш” мавзусида туркум онлайн семинар-тренинглар ташкил этилди. Бугунги кунгача деярли барча ҳудуддаги журналистлар миллий ва халқаро тренерлар томонидан олиб борилган ана шундай машғулотларда ўз билимини оширди.

 

Халқаро экспертлар томонидан ўтказилган тренинглар давомида сайлов кампанияси даврида сайлов комиссиялари матбуот хизматларининг роли, жамоатчилик билан алоқалар ҳамда илғор халқаро тажрибани қўллаш амалиёти каби мавзулар юзасидан мунозараларда журналистлар фаол иштирок этди.

 

Собитқадамлик билан амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда тобора мустаҳкам қарор топаётган очиқлик ва ошкоралик, демократик тамойиллар самарасида фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти муттасил юксалиб, одамларимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг эртанги кунга ишончи, сайлов жараёнларига қизиқиши ошаётгани, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

 

Халқ манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишлари сифатида белгиланган мамлакатимизнинг миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ва изчил ишлар Ўзбекистон Республикаси Президент сайловини миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро тамойилларга таяниб, юксак демократик савияда, уюшқоқлик билан ўтказишга хизмат қилади.

 

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий

сайлов комиссияси Раиси,

Ўзбекистон Қаҳрамони.

 

Манба: “Халқ сўзи” газетаси,

2021 йил 17 август.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур