Сайт тест режимида ишламоқда

МИЛЛИЙ САЙЛОВ ТИЗИМИ: ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ ДАВРИ

20.12.2023

4034

msk_yangiliklari_in

 Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий

сайлов комиссияси Раиси,

Ўзбекистон Қаҳрамони

 

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев  жорий йилнинг 18 декабрь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

Муҳим жараён

 

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли, дадил ва изчил ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва асосий йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ва кенг таъминлашдан иборат. Ислоҳотлар жараёнида мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги  Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган энг илғор демократик  тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини, сайлов ҳуқуқини янада кенгроқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда сайлов қонунчилигининг муттасил такомиллаштириб борилиши - эркин демократик давлатга хос жуда муҳим, мантиқий, адолатли ва зарурий жараён. Мамлакатимизда эркин ва адолатли сайловлар ва референдумларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида бой тажриба тўпланган.

 

 “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг жамоатчилик ўртасидаги кенг муҳокамалардан сўнг қабул қилиниши мамлакатимизда тобора мустаҳкамланиб бораётган демократик тамойилларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

 

Ушбу Конституциявий қонунга биноан жами еттита қонун ҳамда битта кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонунлар ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Сайлов кодекси шулар жумласидандир.

 

Янги тизим – янги имкониятлар

 

Янги Конституциявий қонунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда сайловнинг аралаш, яъни можаритар ва пропорционал тизимини жорий қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

 

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, энди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови аралаш  сайлов тизими асосида ўтказилади. Қуйи палата депутатларининг 50 фоизи, яъни 75 нафари одатдагидек можаритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан сайланади. Қолган 50 фоизи, яъни 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар рўйхати (партия рўйхати) бўйича сайланади.

 

Демак, энди сайловчи сайловда иккита бюллетен орқали овоз беради: биринчисида аниқ бир номзодга овоз берса, бошқасида ўзи ишонган сиёсий партияни белгилайди.

 

Бу - мамлакатимизнинг миллий сайлов тизими тарихидаги ғоят муҳим янгилик. Аралаш сайлов тизимининг афзаллиги  - ўзида амалдаги можаритар ва пропорционал сайлов тизимларининг энг илғор тамойилларини уйғунлаштирганида. Бошқача айтганда, бир-бирини тўлдиради. Аёнки, можаритар сайлов тизими асосида муваффақият қозона олмаган партияларга ўзлари олган овозларга мутаносиб равишда депутатлик ўринларини олишга ҳамда жамиятда ҳақиқий кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Амалиётга жорий этилаётган пропорционал сайлов тизимида сайловчи депутатликка номзодга эмас, балки сиёсий партияларга овоз беради. Қонунчилик палатасидаги эллик фоиз депутатлик ўринлари сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партияларнинг депутатликка номзодлар рўйхатлари ўртасида тақсимланади.

 

Маълумки, амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, сиёсий партиялар ҳар бир сайлов округи бўйича аниқ номзодни илгари сурарди. Сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг эллик фоизидан ортиғи уларга ёқлаб овоз бергандагина депутат этиб сайланиши мумкин эди. Жумладан, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун бир юз элликта ҳудудий сайлов округи тузилиб, уларнинг ҳар биридан бир нафардан депутат сайланарди.

 

Можаритар сайлов тизимида сиёсий партиялар фаолиятини самарали ривожлантириш, уларни ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг қудратли воситасига айлантиришга монелик қилувчи муайян муаммолар мавжудлиги ҳам сир эмас.

 

Қолаверса, можаритар тизимда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини ололмаслиги мумкин. Бу эса такрорий овоз беришни ўтказиш, қўшимча ташвиш ва харажат демакдир. Жумладан, 2019 йилда ўтказилган парламент сайловларида 25та сайлов окруигда такрорий овоз бериш ўтказилган.

 

Бундан ташқари, бўшаб қолган депутатлар ўрнини тўлдириш учун сайлов комиссиялари фаолиятини қайтадан тиклаш зарур. Бу эса минглаб одамларни яна сайлов комиссиялари ишига жалб этиш, сайловчиларни яна овоз беришга даъват этиш билан боғлиқдир. Пропорционал сайлов тизимининг афзаллиги – бундай ҳолатларда партия томонидан кўрсатилган рўйхат бўйича навбатдаги номзод депутатлик ўрнини эгаллайди. Партиялар томонидан шакллантирилган рўйхатлар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинади.

 

Сиёсий партиялар фаоллиги

 

Таъкидланганидек, янги қонунга биноан, энди сиёсий партиялар бир мандатли сайлов округлари бўйича депутатликка етмиш беш нафар номзод, яъни ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ҳамда партия рўйхати бўйича етмиш беш нафардан кам бўлмаган, юз нафардан кўп бўлмаган депутатликка номзод кўрсатишга ваколатлидир.

 

Бир мандатли сайлов округларида айни бир шахс фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин.

 

Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас. Бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар партия рўйхатига киритилиши мумкин эмас.

 

Депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади.

 

Аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар 5 нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.

 

Сиёсий партия томонидан тақдим этилган  рўйхат Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади. Рўйхатдан жой олганларга депутатликка номзод мақоми берилади.

 

Қайд этиш ўринлики, Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган сиёсий партиялар белгиланган тартибда мандатга эга бўлади.

 

Сайловнинг аралаш тизими аввало, сайловчилар учун, қолаверса сайланувчилар ва сайлов ташкилотчилари учун ҳам янги, янада кенг қулайлик ва имкониятлар яратади.

 

Қанча депутат сайланади?

 

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринларида ҳам муайян ўзгаришлар юз беради. Эндиликда депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан қуйидагича белгиланади:

 

аҳоли сони 2 миллион нафаргача бўлган ҳудудларда – 30 тадан 40 тагача;

аҳоли сони 2 миллиондан 3 миллион нафаргача бўлган ҳудудларда – 40 тадан 50 тагача;

аҳоли сони 3 миллион нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда – 50 тадан 60 тагача.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан қуйидагича белгиланади:

аҳоли сони 30 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 10 тадан 15 тагача;

аҳоли сони 30 мингдан 100 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 15 тадан 20 тагача;

аҳоли сони 100 мингдан 300 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 20 тадан 25 тагача;

аҳоли сони 300 минг нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда – 25 тадан 30 тагача.

 

Илгари халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида тенг тартибда - олтмиш нафаргача, туман ва шаҳар Кенгашларида эса  ўттиз нафаргача депутатлик ўрни бўлган.

 

 Юксалиш: самара ва сифат уйғунлиги

 

Янги қонун билан Сайлов кодекси ва референдумга оид қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга биноан мамлакатимизда марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизими жорий этилади. Бу янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларини сайлов ва референдум қонунчилигига жорий этиш орқали, мавжуд бўшлиқларни тўлдириш ва тафовутларни бартараф этиш имконини беради.

 

Бошқача айтганда, мамлакатимизда сайлов комиссиялари тизими ҳам давр талаби ва демократик тамойиллар асосида такомиллаштирилмоқда. Миллий сайлов комиссияларининг янги тизими қуйидагича ташкил этилади: Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман/шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари, шунингдек участка сайлов комиссиялари. Ушбу вертикал тизимга Марказий сайлов комиссияси бевосита бошчилик қилади.

 

Тизимдаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириш ва тафовутларни бартараф этиш зарурати Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва экспертларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан 2022 — 2023 йиллари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган ўрганишлар натижасида айниқса, яққол намоён бўлди. Жумладан сайлов қонунчилигини амалиётда қўллашда айрим жойларда турлича ёндашув мавжудлиги, ягона намунадаги сайлов ҳужжатларига эътибор сустлиги, ҳужжатларни шакллантириш, юритиш ва сақлаш амалиётида турлича ёндашувларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

 

Марказлашган сайлов комиссиялари вертикал тизимининг жорий этилиши бундай муаммоларнинг олдини олиш имконини беради. Сайлов комиссиялари ва бошқа ташкилотчилар томонидан барча даражадаги сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда миллий сайлов қонунчилигининг бир хилда қўлланилиши ва демократик сайлов стандартларига асосланган ягона сайлов амалиёти шаклланишига хизмат қилади.

 

Янги тизимга биноан Марказий сайлов комиссиясининг вазифалари ва ваколатларининг кўлами сезиларли даражада кенгаймоқда.  Шулардан келиб чиқиб, энди Комиссиямиз таркиби доимий асосда фаолият юритувчи тўққиз нафар аъзодан, камида бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси вакилидан, иборат бўлади. Айни пайтгача Комиссиямизда 21 нафар аъзонинг 7 нафари доимий, 14 нафари эса жамоатчилик асосида фаолият юритар эди.

 

Жамоатчилик асосида фаолият юритган комиссия аъзолари жойларда давлат бошқарув органлари, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларда раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаётганлиги сабабли Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятида ҳар доим ҳам фаол иштирок эта олмасди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзолари институтининг тугатилиши ва марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизими жорий этилиши халқаро сайлов стандартлари, кўплаб хорижий давлатлар сайлов қонунчилиги ва амалиётига мосдир.

 

Энг муҳими, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг профессионаллик даражаси янада ошиб, мустақиллигининг таъминланиши, комиссия аъзолари ўртасида вазифаларнинг унумли тақсимланиши, пировард натижада, Комиссия фаолияти самарадорлигининг ортишига хизмат қилади.

 

Эндиликда Марказий сайлов комиссиясининг раиси беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс мазкур лавозимга сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

 

Булардан ташқари, мамлакатимиз тарихида биринчи марта  барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий сайлов комиссиялари тузилади. Уч нафарга қадар аъзоси доимий асосда фаолият юритадиган ушбу сайлов комиссиялари ўзлари жойлашган ҳудудда халқ депутатлари вилоят ёки Тошкент шаҳар кенгашларига сайловни ташкил этади. Улар  беш йиллик муддат  давомида ўз ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Референдумини ташкил этиш ва ўтказиш ваколатига эга бўлди. Сайлов кодексига мувофиқ тузилган сайлов участкалари референдум ўтказиш даврида референдум участкалари ҳам ҳисобланади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳудудий комиссияларнинг мазкур қонунда назарда тутилган референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси амалга оширади.

 

Янги қонунга биноан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ҳудудий сайлов комиссияларининг вазифаларини амалга ошириш Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига  киради.

 

Ягона сайлов округи нима?

 

Сайлов кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади.

 

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун эса етмиш бешта ҳудудий бир мандатли сайлов округи тузилади.

 

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳар беш йилда бир марта тузилади.

 

Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади.

 

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланади.

 

Шунингдек, маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округлари тегишли ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда ҳар беш йилда бир марта тузилади.

 

Сайлов участкалари ҳам туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан беш йил муддатга тузилади.

 

Марказий сайлов комиссияси энди Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сайлови билан бир қаторда,  маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ҳам ташкил этади. Сайлов комиссиялари таркибига ўзгартиришлар киритиш тартибини белгилайди. Маҳаллий Кенгашлар сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни намунаси ҳам энди Марказий сайлов комиссияси томонидан  тасдиқланади.

 

Вазифалар аниқ

 

Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан 2023 йил ҳам мамлакатимиз тарихидан  демократик янгиланиш ва буюк ўзгаришлар даври сифатида жой олмоқда. Инсонпарварлик миллий давлатчилигимизнинг энг асосий мезонига айланди.

 

Комил ишонч билан айтиш мумкинки, бу - «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратишга қаратилган ислоҳотларнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

 

“Инсон манфаатлари — ҳар нарсадан устун!” деган ҳаётбахш демократик ғояни ўзида мужассам этган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда сайловлар соҳасидаги ислоҳотларнинг янги, янада юксак ва самарали даврини бошлаб берди. 

 

Эндиги вазифамиз, янги қонуннинг 9-моддасида белгиланганидек, миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнининг  мазмун-моҳияти ва аҳамиятини манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда аввало аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ҳамда ижросини собитқадамлик билан таъминлашдан иборат.

 

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси,

2023 йил 20 декабрь.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур