Сайт тест режимида ишламоқда

МИЛЛИЙ ТAРAҚҚИЁТНИНГ ЮКСAЛИШ БОСҚИЧИДAГИ ДЕМОКРAТИК СAЙЛОВЛAР

26.01.2023

2436

msk_yangiliklari_in

“Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармонида эътироф этилганидек: “Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди”.

Худоёр Маматов,

Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари.

Юридик фанлари доктори, профессор​

 

“Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармонида эътироф этилганидек: “Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди”.

 

Кенг жамоатчиликнинг катта қизиқиши ва алоҳида эътиборига сазовор бўлган “Ҳаракатлар стратегияси” Ўзбекистон тараққиётининг юксалиш босқичида концептуал аҳамиятга эгалиги билан муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжатнинг давлат ва нодавлат ташкилотлари, айниқса, фуқаролик жамиятининг энг муҳим институтларидан бири бўлган сиёсий партияларнинг фаоллари, қолаверса, жамоатчилик вакиллари томонидан муҳокама этилиши мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг амалдаги ҳаётий кўриниши, деб эътироф этиш ўринли бўлади. Бир сўз билан айтганда, “Ҳаракатлар стратегияси”нинг муҳокамага чиқарилиши — халқ билан мулоқотнинг ниҳоятда ҳаётий, ёрқин ифодасидир.

 

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг:

 

7-моддасида белгилаб қўйилганидек: Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Конституция ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади. Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.

 

10-моддасига асосан Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

 

11-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

 

76-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Олий Мажлис икки палатадан — Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати — беш йил.

 

Юқоридаги нормалардан кўриниб турибдики, мамлакат қонун чиқарувчи органи сифатида – Олий мажлис, Ўзбекистон халқи номидан иш олиб бориш ваколатига эга давлат ҳокимиятининг олий органларидан бири ҳисобланади. У икки палатадан иборат. Қуйи палата – Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатдан иборат бўлиб, улар бевосита Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари томонидан сайланади.

 

Юқори палата – Сенат 100 нафар сенатордан иборат бўлиб, ҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланади. Унинг 84 нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади. Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бевосита сайловчилар томонидан сайланган депутатларнинг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

 

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида акс этган ушбу муҳим нормаларга асосланиб айтиш мумкинки, жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлигига сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшишда яна бир муҳим амалий қадам бўлади. Бутун халқимиз, сайловчиларимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этишлари учун янги имкониятлар эшигини очади.

 

Дарҳақиқат, сайловлар демократик қадриятдир. Шу боис, ҳар бир демократик давлат халқ ҳокимиятини ушбу қадриятга асосланиб ўрнатади. Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир.

 

Маълумки, демократик давлатларда сайлов институтининг аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:

биринчидан, сайлов орқали давлат ҳокимиятининг олий органлари ва маҳаллий вакиллик органлари шакллантирилади.

иккинчидан, сайлов ҳокимиятни шакллантириш учун курашадиган сиёсий кучларнинг қонуний йўл билан шаклланишига ва соғлом рақобат муҳитининг вужудга келишига хизмат қилади;

учинчидан, сайлов жараёнининг жорий қилиниши фуқаролар сиёсий фаоллигининг ошиши, ҳуқуқий онги ва сиёсий маданиятининг янада юксалишига хизмат қилади.

Бинобарин, истиқлол йилларида Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ажралмас қисмига айланди, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онги юксалишига сезиларли таъсир кўрсатди. Ўтган давр мобайнида сайлов қонунчилиги ҳам ривожланди. Бугунги кунда у ҳуқуқнинг мустақил тармоғига айланди.

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси умумеътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқнинг устувор нормаларини ўзида ифода этган бўлса, айнан ушбу жиҳат миллий сайлов ҳуқуқини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этди. Сайлов қонунчилиги халқаро сайлов стандартларига мувофиқ ривожланмоқда. Бу борада эришилган муваффақиятларимизни нафақат миллий экспертлар, балки халқаро мутахассислар ҳам эътироф этмоқда. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган ва ҳатто, айрим йўналишлар бўйича баъзи ривожланган давлатлардан илгарилаган демократик сайлов қонунчилиги яратилган. Хусусан, 2016 йилнинг 4 декабрда мамлакат Президентлигига ўтказилган сайловни кузатиш учун ташриф буюрган 600га яқин чет эллик кузатувчилар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларининг холис хулосаларининг ўзиёқ бунинг исботидир.

 

Бугунги кунда давлат ўз миллий ҳуқуқий тизими ва унинг учун мақбул қонунчилик базасини яратар экан, ўзи танлаган йўлнинг истиқболини жаҳоннинг глобаллашув жараёнлари билан уйғунликда кўрмаслиги мумкин эмас. Халқаро ҳуқуқнинг миллий ҳуқуққа нисбатан таъсири анча сезиларли ва муқаррардир. Халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар даражасида бошқа мамлакатларнинг умумлаштирилган тажрибаси миллий ҳуқуқ ва қонунчилик тизимини қўллаш самарали моделларини кўриб чиқиш чоғида кенг тарқалган хатоларни такрорламаслик имконини беради. Демократлашув миллий институтлар қайта шаклланишида намоён бўлади ва биринчи галда инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини рўёбга чиқариш учун хизмат қилади.

 

Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги миллий ҳуқуқий тизимдаги энг динамик ва изчил ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида халқаро сайлов стандартлари сайлов соҳасидаги ўзгаришларнинг мустаҳкам асоси ва мезонларидан бирига айланган. Улар демократик сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда очиқлик ва ошкоралик, барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятида қонунийлик, коллегиаллик, мустақиллик ва адолатлиликка риоя қилиш каби ҳуқуқий категорияларни ўзида мужассамлаштирган. Миллий ҳуқуқий тизим даражасида халқаро сайлов мажбуриятларининг мустаҳкамлаб қўйилиши ва халқаро сайлов нормаларининг амалдаги қонунчиликка татбиқ этилиши мамлакатимизнинг кучли демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги жиддий қадами ҳисобланади.

 

Халқаро сайлов стандартлари сайлов ўтказишнинг асосий принципларини ўзида ифода этади. Сайлов ўтказишнинг асосий принциплари деганда, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган устувор қоидалар (принциплар) йиғиндиси тушунилади. Бу принципларга қуйидагилар киради: а) умумий сайлов ҳуқуқи; б) тенг сайлов ҳуқуқи; в) тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи; г) яширин овоз бериш ҳуқуқи.

 

Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасида, Парламентлараро иттифоқ кенгаши томонидан қабул қилинган Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги декларациянинг 1-моддасида, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген кенгашининг ҳужжати ва бошқа халқаро ҳужжатларда акс этган мазкур принциплар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда сайловга оид бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган бўлиб, бўлажак сайловларнинг демократик тарзда, халқаро стандартлар талабларига мос, очиқ ва ошкора ўтишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Халқаро сайлов стандартлари бир қатор халқаро ҳужжатларда ўз ифодасини топган бўлиб, уларнинг асосийлари жумласига қуйидагилар киради: биринчидан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган). Иккинчидан, 1950 йилдаги Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси, унга доир 1-баённома билан бирга. Учинчидан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (БМТ,1966 йил 16 декабрь). Тўртинчидан, ЙХҲТнинг инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгашининг ҳужжати (Копенгаген, 1990 йил 29 июнь). Бешинчидан, 1994 йилдаги Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги декларация. Олтинчидан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига иштирок этувчи давлатларда демократик сайловлар, сайловга доир ҳуқуқлар ва эркинликлар стандартлари тўғрисидаги Конвенция (Кишинёв, 2002 йил 7 октябрь) ва бошқалар.

 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эгалиги, шу билан бирга, халқ иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозимлиги, ҳокимият умумий ва тенг сайлов ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ифода этилиши лозимлиги таъкидланган.

 

Шунингдек, БМТ томонидан қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасига мувофиқ, ҳар бир фуқаро қуйидаги ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлиши керак: биринчидан, ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш; иккинчидан, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловчиларнинг эркин ҳолдаги хоҳиш-иродасини таъминловчи чинакам даврий сайловда овоз бериш ва сайланиш; учинчидан, ўз мамлакатида умумий шартларда давлат хизматига киришда тенг имкониятларга эга бўлиш.

 

Парламентлараро иттифоқ Кенгашининг 1994 йил 26 мартда Парижда 154-сессиясида қабул қилинган Эркин ва адолатли сайлов мезонлари тўғрисидаги декларациянинг 11–12-бандига асосан чинакам эркин ва адолатли сайловлар ўтказишнинг институтлари ва ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш, сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда холисона, адолатли ва барқарор механизм ўрнатиш, барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва уларга риоя этиш, партиялар ва номзодлар учун ўз дастурлари билан таништириш учун зарур имкониятлар таъминлаш, яширин овоз бериш принципига риоя қилиш, пора бериш ёки бошқа ноқонуний ҳаракатларга йўл қўймаслик, сайлов жараёнининг аниқ ва тушунарли олиб борилишини таъминлаш, сайловларда зўравонлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш, сайлов жараёнига тааллуқли бўлган шикоятларни сайлов органлари ва судлар томонидан тезкор равишда ва самарали кўриб чиқишда қонуний ва бошқа чоралар кўриш аъзо давлатларнинг мажбуриятлари ҳисобланади.

 

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси ҳужжатида мунтазам ўтказиладиган ва ҳақиқий сайловлар борасида эркин ифода этиладиган халқ иродаси ҳокимият ва ҳар қандай ҳукумат қонунийлигининг асоси эканлиги назарда тутилган. Шу билан бирга, ушбу ҳужжатнинг қатор нормаларида халқ хоҳиш-иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиб хизмат қилиши ифода этилган, яъни иштирокчи давлатлар:

– қонунда белгиланганидек, оқилона вақт оралиғида эркин сайлов ўтказадилар;

– миллий қонун чиқарувчи органнинг ҳеч бўлмаганда бир палатасидаги ҳамма мандатлар умумхалқ сайлови жараёнида номзодлар эркин тортишувининг объекти бўлишига йўл қўядилар;

– катта ёшдаги фуқароларга умумий ва тенг сайлов ҳуқуқини кафолатлайдилар;

– овоз бериш яширин ўтказилишини ёки эркин овоз беришга тенг келадиган тартибот қўлланилишини ва овозларни ҳисоблаш ҳамда бу ҳақдаги ахборот ҳаққоний бўлишини, унинг расмий якунлари эса матбуотда эълон қилинишини таъминлайдилар;

– фуқароларнинг шахс сифатида ёки сиёсий партияларнинг ёхуд ташкилотларнинг вакили сифатида, камситишларсиз, сиёсий мавқейига ёки давлат лавозимларига эришиш ҳуқуқларини ҳурмат қиладилар;

– алоҳида шахсларнинг ёки шахслар гуруҳларининг тўла эркинлик шароитида ўз сиёсий партияларини тузиш ҳуқуқини ҳурмат қиладилар ҳамда бундай сиёсий партиялар ва ташкилотларга ҳуқуқ ва давлат органлари олдида тенглик асосида, бир-бири билан мусобақалашиш имконини берувчи зарур юридик кафолатлар берадилар;

– иштирок этувчи давлатлар ҳам хорижий, ҳам миллий кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайлов ўтказиладиган давлат учун сайлов жараёнининг обрўсини ошириши мумкин, деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун улар ЙХҲТда иштирок этувчи ҳар қандай бошқа давлатдан ҳамда тегишли муассаса ва ташкилотлардан кузатувчиларни қонун йўл қўядиган даражада миллий сайлов боришини кузатиш учун таклиф қиладилар, деган нормалар ўрнатилган.

 

Мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи кўп жиҳатдан унда амал қилаётган сайлов тизимининг очиқлиги ва демократиклигига ҳам узвий боғлиқ. Чунки сайловга кучли фуқаролик жамиятига эга бўлган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодаланиши, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишининг асосий шакли сифатида баҳо берилади. Демократик давлатчилик ривожида халқ билан жамият ўртасидаги муносабатлар бир шахснинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг хоҳиш-иродаси билан эмас, балки қонун асосида тартибга солиниши муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун қонун устуворлиги демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири, деб эътироф этилади. Зеро, у адолатни таъминлашга хизмат қилади. Жаҳондаги ривожланган демократик ҳуқуқий давлатлар конституцияларидан ўрин олган ушбу принцип Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сайловларни умумеътироф этилган мазкур тамойиллар асосида ўтказиш демократияни ривожлантиришнинг асосий талаби, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳурмат қилишдан манфаатдорликнинг ифодаси сифатида хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда сайлов тизимининг ривожланиши халқаро сайлов стандартларига мос бўлиб, миллий давлатчилик ҳамда жамоатчилик сиёси-ҳуқуқий онги ва маданияти юксалишига хизмат қилмоқда.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур