Сайт тест режимида ишламоқда

27.01.2023

12275

msk_yangiliklari_in

Агар бир иморатни қисмларга ажратиб қарайдиган бўлсак, унинг пойдевори бетондан, синчи ёғочдан, девори пишиқ ғиштдан, томи таомилга кўра ёпилган бўлса – бинонинг мустаҳкам эканига имон келтирамиз. Чунки мезонлар худди мана шундай хулоса беришимизга асос бўлади. Мабодо мана шу қиёсимизни инсоннинг мардлик ва матонат сингари фазилатларига нисбатан қўлласакчи! Бунда бу хислатларнинг метин каби мустаҳкамлигини қайси ўлчовларга асосланиб хулоса қилишимиз мумкин?

 

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

 

Худоёр МАМАТОВ,

юридик фанлари доктори, профессор

 

МАРДЛИК ВА МАТОНАТ МEЗОНЛАРИ

 

Агар бир иморатни қисмларга ажратиб қарайдиган бўлсак, унинг пойдевори бетондан, синчи ёғочдан, девори пишиқ ғиштдан, томи таомилга кўра ёпилган бўлса – бинонинг мустаҳкам эканига имон келтирамиз. Чунки мезонлар худди мана шундай хулоса беришимизга асос бўлади. Мабодо мана шу қиёсимизни инсоннинг мардлик ва матонат сингари фазилатларига нисбатан қўлласакчи! Бунда бу хислатларнинг метин каби мустаҳкамлигини қайси ўлчовларга асосланиб хулоса қилишимиз мумкин?

 

Албатта бу масала жиддий таҳлилни талаб қилади. Зотан, қадимда ҳам алломалар бу мавзу устида бош қотирганлар. Инсонга хос бу туйғуларнинг моҳиятини англашга ҳаракат қилганлар. Бу борада кўплаб асарлар яратилган, қарашлар баён этилган. Масалан, кишининг ҳаётига хавф туғилса ва у ўзини ҳимоя қилиш мақсадида мардонавор курашса – уни том маънода мард ва матонатли одам деб бўлмайди. Чунки бу жараёнда ор-номус, бурч, ватанпарварлик сингари хислатлар деярли иштирок этмайди. Бундай вазиятда ҳар қандай киши ҳам бўй бермаслик ҳаракатида бўлади. Ахир бўш келса, ҳаёти барбод бўлиши турган гап. Бироқ бу йўқотиш бир муддатли ачиниш ҳиссига арзийди холос. Ёки: “Мол-мулкда мосуво бўлиш, ҳаттоки жондан жудо бўлиш ачинарли ёки аянчли эмас! – дейди қадимги Рим файласуфларидан бири Эпиклет. – Агар инсон ўзининг ҳақиқий мулки, чинакам бисоти – ўз инсоний қадр-қимматини йўқотса, бу ачинарли ва аянчлидир!»

 

Башарти кишининг мардлиги ва матонати – ҳаёти эл-юрт муҳофазаси учун гаровга тикилган тақдирдагина намоён бўлади. Бу йўлда чеккан заҳматлари, тортган азоб-уқубатлари жасорат саналади. Зеро, инсон учун бу дунёда энг муқаддас тушунчалар мавжуд. Шулардан бири – Ватан! Унинг қамрови шу қадар кенгки, унга жамики қадриятлар жо бўлади. Ватанпарварлик эса унинг хизматида бўлиш, корига яраш, зарурат туғилса, ҳаттоки жонни фидо қила билиш демакдир. Негаки, кишининг ватани, – ўзи туғилиб ўсган, киндик қони томган, меҳнати ва унинг маҳсулини татиган, ўзи мансуб халқнинг ўтмиши пойидор, ота-боболарининг хоки барқарор – тарихан таркиб топган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маданий ҳудуд ҳисобланади. Русча патриотизм деган сўз ҳам баайни шу маънони англатади, сабаби унинг ўзаги (лотинча – патриа) она ер, ватан деган сўзлардан ташкил топган.

 

Ўтган шўролар тузуми таназзулга учраб, собиқ иттифоқдош республикалар ўртасидаги сиёсий-иқтисодий ва маданий алоқалар зил кетгач, қарийб бир асрдан бери амалда бўлган мафкура кераксиз матоҳга айланиб қолди. Аҳоли онгида бўшлиқ пайдо бўлди. Ватан, ватанпарварлик сингари тушунчаларга юзаки бир қараш таркиб топа бошлади. Бу эса катта авлод вакилларини чинакамига ташвишлантиргани, ижодкор инсонларни бонг уришга ундагани бор гап. Ўтган асрнинг 90 йиллари Москва телевидениесидан бот-бот бир ижтимоий роликни намойиш қилишарди. Ўша давр ёшларининг сохта ватанпарварлик туйғуси заҳарханда қилинган мазкур роликда, давлат чегарасини бузиб, мамлакат ҳудудига суқилиб кирган чет эл жосуси, ўрмон йўлида мототциклли бир йигитни тўхтатади.

 

– Менга қара, ҳарбий базага қандай борсам бўлади? – деб сўрайди у ажнабийлар лаҳжасида, ўзининг қўпорувчилик миссиясини ошкор қилишдан сира чўчимай. – Айтсанг, эвазига сақич бераман! – Йигитчага ялтироқ қоғозли хорижнинг сақичини кўз-кўз қилади у. Шундоқ ҳам остида янги русумли мототцикл, эгнида энг сўнгги фасондаги либослар, оғзида сақич чайнаб турган йигит астойдил жаҳлланади. Бу жосус уни ким деб ўйлаяпти? Ахир у битта сақич деб ватанини сотадиган аҳмоқ эмас! Ватанига бўлган туйғуси билан жосусни тонг қолдирган йигитча, уловига газ босади. Бир оз юриб тўхтайди.

 

– Эй, жосус! – дейди унга томон ўгирилиб. – Кейинги гал келганингда видеомагнитафон ола кел – ўшанда гаплашамиз!

 

Шунга ўхшаш яна бир латифанамо воқеа. Цитрусли меваларини сотиш учун Москвага учган кавказлик амаки, самолёт салонида ғала-ғовур қўпгани боис уйғониб кетади. Билсаки, самолётни террорчилар эгаллаб, Туркияга томон бурмоқчи бўлиб турган эканлар. “Шунга шунчами? Унга фарқи нима – қаерда бўлса ҳам меваларини сотса бўлгани!» Яна бамайлихотир пинакка кетган амаки туйқус бир туйғудан сапчиб ўрнидан туриб кетади: “Туркияда цитрусли меваларнинг нархи қанча?»

 

Туркияда апельсин ва мандариннинг баҳоси сув текин эканини эшитиб жазавага тушади. Самолётнинг курсини ўзгартириб бўлмаслигини англаб етади. Босқинчиларга ташланиб уларни маҳв etadi...

 

Бинобарин, бирор киши фақат ўзини ҳимоя қилиб курашга кирса, буни қўрқув ёки мажбурият юзасидан қилган бўлади: ўлишдан чўчигани ёки яшаб қолиш учун ўзини шунга мажбур қилади – бурч деган тушунчага алоқаси йўқ. Шунинг учун ҳам мазкур фалсафий категорияга биринчи бўлиб илмий таъриф берган Демокрит, “киши қўрққани ёки мажбурият юзасидан эмас, бурчли экани сабаб айрим ножўя ишларни қилишдан тийилиши ёки эзгуликнинг ҳимоясидан чекинмаслиги лозим”, деб таъкидлаган. Француз мутафаккири P.Golbax эса, бурч – кишининг ўз бахтидан ажратиб бўлмайдиган мажбурияти эканини қайд этган.

 

Мана шу ўринда улуғ бобокалонларимиз, ёвқур баҳодир Спитамен, Жалолиддин Мангуберди ва Нажмиддин Кубронинг ватанпарварлик жасорати кўз олдимизда гавдаланади. Ҳар учала бобомизнинг мардлиги ва матонати том маънодаги ватанпарварликнинг олий кўриниши дейишимизга арзийди. Сабаби, улар ёв қаршисида ялоқхўрлик қилмаганлар. Ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб муроса йўлини тутмаганлар. Бинобарин, мўғул қўшинлари Хоразм заминига мўру малахдек ёпирилиб келган чоғлари, Чингизхон Кубро ҳазратларига хуфя одам жўнатиб, унга бўлган чексиз ҳурматини изҳор этади. Хоразм тупроғини тарк этиб, тинч ўлкаларга бош олиб кетишини маслаҳат беради. Бироқ, Нажмиддин Кубро бунинг каби “ғамхўрлик”ка рад жавобини беради. Ағёрнинг алдовларига учмайди, ундовларига унамайди: “Ё ватан мустақиллиги ёки шарафли ўлим!» – деб, жангга кириб, душман билан курашади. Эрксиз яшагандан кўра, ватан мустақиллиги йўлида шаҳид бўлишни афзал билади.

 

Шу сабаб Спитаменнинг хиёнат туфайли кесилган бошини баркашга солиб келганларида Александр Македонский йиғлаб юборган. Шундай эр йигитнинг ўлим топганидан қайғурган. Рақибини шоҳона дафн этишга буюрган. Чингизхон эса, бўйсунмас ботир Жалолиддиннинг ортидан ҳавас билан боқиб: “Бундан буён ўғил фарзанд кўрсангиз, исмини Жалолиддин қўйинглар!» – деган экан.

 

Шу боис ҳам, гап ватанпарварлик ҳақида кетганда ор-номус, шаън, қадр-қиммат сингари тушунчаларга кишини мардлик ва матонатга ундагувчи умуминсоний қадриятлар сифатида қаралади. Башарият учун ғоятда таҳликали бўлган мушкул вазиятларда масъулиятни ўз зиммасига олган кишигина ҳақиқий юртпарвар, элпарвар эканлиги намоён бўлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти­, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида: “Миллий армиямизнинг куч-қудрати азм-у шижоатли ва ҳар ишда етук салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағрикенг ва олижаноб халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигидадир. Бу ҳақиқатни бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этмоқдамиз. Ишончим комилки, ана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, Ватанимиз мустақиллигига ҳеч қандай ёвуз куч рахна сололмайди, демократик ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтара олмайди. Биз баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан – ўзининг муқаддас қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф ила адо этаётган юртимизнинг забардаст ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланамиз”, деб таъкидлаганлари бесабаб эмаслиги аён бўлади. Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг мамлакатимизнинг иқтисодий базасини ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, аҳоли онгида миллий ғоя, мустақиллик мафкурасини қарор топтиришга бўлган саъй-ҳаракатлари замирида улкан маъно борлигини англаб етамиз.

 

Зотан, давлатимиз раҳбари ҳар чиқишларида, нутқларида ўзликни англаш масаласига, ўз тарихини билиш, ундан фахрланиш – ёшларда ватанпарварлик, ифтихор туйғусини шакллантириш, уларнинг замонавий билимларни эгаллашлари учун барча шарт шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратадилар.

 

Шу ўринда шаҳрисабзлик жангчи шоир Шарофжон Орифийнинг ўз вақтида машҳур бўлган ҳажман миттигина бир шеъри ёдга тушади. “Ўқсиз тўппонча” деб номланган ўша асар жанг чоғи ўқсиз тўппонча билан душман асир олингани ҳақида эди. Аслида, тиш-тирноғигача қуролланган фашист қурол қаршисида эмас, шоирнинг ватанга бўлган муҳаббати, душманга чексиз нафрати – мана шу қудратли куч қаршисида ожиз қолган эди, деган хулоса келиб чиқарди шеърдан.

 

Кейинги тўрт йилда мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масаласига жуда катта эътибор қаратилгани, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тубдан ислоҳ қилиниб, миллий армиямизнинг замонавий қиёфасига асос солингани улкан воқеадир. Қўшинларимизнинг жанговарлик ҳолати яхшиланиб, ҳарбий хизматчилар таркибида сифат ўзгаришлари рўй бергани ҳам маълум. Давлатимизнинг бирорта ҳам ҳарбий блокларда иштирок этмаётгани, қўшилмаслик сиёсатини юритиб келаётгани ҳарбий соҳада амалга оширилаётган модернизациялаштириш жараёнлари фақатгина мамлакат тинчлигини сақлаш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашга қаратилгани билан катта аҳамият касб этади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, “Биз бундан тўрт йил олдин Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича энг муҳим ва устувор йўналишларни белгилаб олган эдик. Шу асосда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш учун кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдамиз. Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш учун имкон берди. Энг муҳими, “Армия ва халқ – бир тан-у бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлашга хизмат қилмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида, бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари республикамиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда. Энг асосийси, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган эл-юрт таянчи ва суянчига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланди”.

 

Башарти, геосиёсат майдонида кимўзарга “улоқ чопаётган” мамлакатлар янгидан-янги қирғин қуролларини ишлаб чиқариб, ўзгалар кўнглига ваҳима солиш мақсадида уни намойиш этишга тушган айни паллада, ҳам жисмонан, ҳам маънан чиниқиш мактабини ўтаган халқ фарзандлари бундан асло чўчимайдилар. Чунки, улар ким эканликларини, қандай улуғ авлодга мансубликлигини, тарихан бу эл шонли ўтмиш соҳиби эканини теран англайдилар. Ватан сарҳадларида турган посбонларимиз ортга бир қадам ҳам чекиниб бўлмаслигини, чегаралар дахлсизлигини таъминлашга бурчли эканликларини чуқур ҳис этадилар.

 

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ўша ер унинг учун қадрли Ватандир. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

 

Ҳаттоки, Аллоҳнинг элчиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз даврида Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, Маккаи мукаррамага қараб:

 

“Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, — деганлар.

 

Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи, ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни ватанидан қувиб чиқарган.

 

Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир.

 

Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда “ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл”, деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.

 

Зотан, ортда Ватан бор! Маънавиятли инсонлар эса бу сўзнинг замирида нечоғли муқаддас маънолар мавжудлигини биладилар. Уни ҳеч кимга оёқ ости қилдириб қўймайдилар. Бинобарин, инсоний ор-номус, шаън, қадр-қиммат сингари қудратли қуролга эга қалб ҳар қандай ташқи таъсирларга дош бера олади – қуламайди. Зотан, Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.

 

Шундай экан, халқ энг аввало – Ватан ҳимоясидек ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ўғлонларига суянади ва улар билан ҳақли равишда фахрланади.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур