Сайт тест режимида ишламоқда

Вазифамиз

Марказий сайлов комиссияси:

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этади;

 

сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу Кодекснинг ижроси устидан назоратни амалга оширади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди;

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови юзасидан сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилади;

 

сайлов комиссиялари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади, сайловни ташкил этиш масалалари юзасидан ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади, йўриқномалар ҳамда низомларни тасдиқлайди, тушунтиришлар беради;

 

Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидан (бундан буён матнда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати деб юритилади) фойдаланиш фаолияти бўйича умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга оширади;

 

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун сайлов округларини тузади;

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларини тегишли ҳудудга бириктириш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;

 

ҳудудий сайлов комиссияларини тузади, уларга тегишли ҳудудни (округни) бириктиради ҳамда ҳудудий сайлов комиссияларининг таркиби ва жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;

 

янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини эълон қилади;

 

янги ташкил этилган вилоятнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларини тузади;

 

сайлов комиссияларининг аъзолари ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари учун ўқишларни ташкил этади;

 

қонунчиликда белгиланган асосларга кўра Қонунчилик палатаси депутатининг ҳамда Сенат аъзосининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

 

сайлов комиссиялари таркибига ўзгартиришлар киритиш тартибини белгилайди;

 

агар сайлов комиссияларининг қарорлари ушбу Кодексга зид бўлса, ушбу қарорларни мустақил равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилади;

 

чет давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг сайловдаги кузатувчиларига мандатлар беради;

 

сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, пул маблағларини сайлов комиссияларига тақсимлайди, шу жумладан сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун тақсимлайди, сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, сайловни моддий-техник жиҳатдан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;

 

сиёсий партияларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари учун мандат намунасини белгилайди;

 

тақдим этилган ҳужжатлар асосида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилади;

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олади;

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ва Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодларни, шунингдек партия рўйхатини белгиланган тартибда рўйхатга олади ва улар ҳақидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинишини ташкил этади;

 

рўйхатга олинган номзодларга, шу жумладан партия рўйхати асосида номзодларга гувоҳномалар беради;

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ҳамда уларга гувоҳномалар беради;

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларга, шунингдек сиёсий партияларга сайловда иштирок этиши учун тенг шароитларни таъминлайди;

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенларининг, сайловчилар рўйхатларининг, имзо варақаларининг, сайлов комиссиялари баённомаларининг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг, сайлов қутиларининг ва сайлов комиссиялари муҳрларининг намуналари ҳамда шаклларини, уларни сақлаш тартибини белгилайди;

 

сайлов бюллетенларини тайёрлаш ва сайлов участкаларига етказиш тартибини белгилайди;

 

сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади;

 

сайловнинг якунларини чиқаради, Ўзбекистон Республикаси бўйича овоз беришнинг умумий натижаларини аниқлайди ҳамда овоз беришда иштирок этган сайловчилар сони, ҳар бир номзод ва сиёсий партияни ёқлаб берилган овозлар сони тўғрисидаги хабарни матбуотда эълон қилади;

 

ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ёки Сенат аъзоларининг такрорий сайлови ва бўшаб қолган ўринларга сайлов ўтказилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов ўтказилишини ташкил этади;

 

сайланган Қонунчилик палатаси депутатларини ҳамда Сенат аъзоларини рўйхатга олади, шунингдек уларнинг рўйхатини матбуотда ва бошқа манбаларда эълон қилади;

 

сайловдан кейин Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг биринчи мажлисини чақиради;

 

сайланган шахсга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганлиги тўғрисида гувоҳнома топширади;

 

Қонунчилик палатаси депутатига ва Сенат аъзосига тегишинча Қонунчилик палатаси депутатининг ҳамда Сенат аъзосининг гувоҳномасини ва кўкрак нишонини беради;

 

сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно;

 

ушбу Кодекс талаблари бузилганлиги тўғрисидаги материалларни судга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади;

 

бошқа мамлакатларнинг сайлов органлари, халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг вакиллари билан халқаро ҳамкорликни амалга оширади, учрашувлар ташкил этади, битимлар ва меморандумлар тузади;

 

хорижий мамлакатлардаги сайловларни кузатишда иштирок этади, шу жумладан халқаро ташкилотларнинг миссиялари таркибида иштирок этади;

 

халқаро ташкилотларни, чет давлатларнинг сайлов органларини ва вакилларини сайловларни кузатиш учун таклиф этади;

 

сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг идоравий архивларга топширилишини таъминлайди;

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Регламентини тасдиқлайди;

 

жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлайди ва ривожлантиради;

 

ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ўзга ваколатларни амалга оширади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси 14-модда